Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Контейнер уйга кўчиб ўтган ҳоким ва долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги 5 йиллиги – маҳаллий дайжест
2026−2030 йиллар «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври» деб эълон қилинди. Жаҳон чемпиони бўлган спортчиларга автомобил ва пул мукофотлари топширилди. Наманган вилояти, Норин тумани ҳокими контейнер уйга кўчиб ўтди. Қашқадарёда 2,5 ёшли боланинг машинада димиқиб ўлишига сабабчи бўлган боғча раҳбари қамалди. Термизда мактаб ўқитувчилари концертга билет олишга мажбурланаётгани айтилди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
2026−2030 йиллар «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври» деб эълон қилинди
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Қайд қилинишича, ушбу даврда аҳоли эҳтиёжига етарли даражада ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда исрофнинг олдини олиш чоралари кўрилади, аҳоли орасида тўғри овқатланиш бўйича тушунтириш тадбирлари ўтказилади, озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳосил бўлган чиқиндилар қайта ишлаш корхоналарига топширилади. Шунингдек, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар «белгиланган тартибда» ўтказилиши қатъий назоратга олинади.
Қарор билан умумий овқатланиш соҳасида озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлишини камайтириш ва исрофнинг олдини олишга қаратилган «Оқилона истеъмол» (Save Food) дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.
Жаҳон чемпиони бўлган спортчиларга автомобил ва пул мукофотлари топширилди
Бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларида юқори натижалар қайд этган жами 13 нафар спортчи ва уларнинг мураббийларига президент совғалари топширилди.
Мусобақаларда олтин медал олганларга 15000 доллар, кумуш олганларга 7500 доллар, бронза олганларга 3750 доллар ҳамда уларнинг мураббийларига эса маблағнинг тенг ярми ҳисобида бир марталик пул мукофоти берилди.
Тақдирланганлар орасида оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов, байдаркачи Артур Гулиев, боксчилар Абдумалик Халоков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Фазлиддин Эркинбоев, Жавоҳир Умматалиев, Акмалжон Исроилов, Тўрабек Ҳабибуллаев ва бошқалар бор.
Ҳоким контейнер уйга кўчиб ўтди
Наманган вилояти, Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов президентнинг Шўрариқ маҳалласига ташрифи вақтидаги танқидлари ортидан ушбу маҳаллага ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтди.
Давлат раҳбари маҳалланинг оғир аҳволда эканини кўриб, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга топшириқ берганди: «Бугун қарор қабул қиласан – туман ҳокими келиб мана шу ерда ётади. Бу ердаги одамлар одам эмасми?»
Қайд қилинишича, шу жойда маҳаллани обод масканга айлантириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ҳам ташкил этилди.
Қашқадарёда 2,5 ёшли боланинг машинада димиқиб ўлишига сабабчи бўлган боғча раҳбари қамалди
Косон туманидаги боғчалардан бирининг раҳбари бўлган 31 ёшли Лола Ҳақназарова эрининг машинасида болаларни ташиган. У 2025 йил 20 июн куни болаларни боғчага олиб келгач, 2,5 ёшли қизни машинада унутиб қолдирган. 6 соат машина ичида қолиб кетган бола нафас ололмасдан, димиқиб вафот этган.
Лола Ҳақназарова судда айбига иқрорлик билдирган. Суд унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Термизда мактаб ўқитувчилари концертга билет олишга мажбурланаётгани айтилди
Kun.uz ихтиёрига келган видеога кўра, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан Термиз шаҳар мактабгача ва мактаб бўлими 21-мактабга концерт учун билет берган. Мактаб директори педагогларга ихтиёрий тўлов қилиб, 80 минг сўмга билет олиши мумкинлигини айта туриб, ортиб қолганлари ўқитувчилар бошига бўлиб юборилишини таъкидлаган. Ўқитувчилар бунга мажбурланаётгани айтилмоқда.
Мавзуга оид
21:02 / 12.12.2025
«Метан заправка»ларда чекловлар ва Фарғона водийсига кўчма контейнерда газ – маҳаллий дайжест
21:54 / 11.12.2025
Уй-жой ва автомобил савдосида нақд пулдан воз кечилиши ва инсон аъзолари савдогарларига жазо – маҳаллий дайжест
22:32 / 10.12.2025
800 та пахта териш машинаси ва Пискентдаги дарахткушлик – маҳаллий дайжест
22:46 / 05.12.2025