Жаҳон | 14:13 / 20.09.2025
7162
9 дақиқада ўқилади

Трампнинг «Олтин карта»лари, Эстония ҳаво ҳудудидаги Россия қирувчилари ва Эрдўғаннинг Қуддус устидаги даъвоси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трампнинг «Олтин карта»си ва виза тўловлари

19 сентябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп «Трамп олтин картаси»ни тақдим этди. Бу карта орқали жисмоний шахслар ва корпорациялар АҚШда тезлаштирилган резидентлик ҳуқуқини олишлари мумкин бўлади. Унинг бошланғич нархи 1 миллион доллар этиб белгиланган.

«Узоқ йиллар давомида мамлакатимизга миллионлаб ноқонуний муҳожирлар оқиб келди ва иммиграция тизимимиз издан чиққан эди. Энди америкаликлар ва АҚШ солиқ тўловчилари бизнинг ҚОНУНИЙ иммиграция тизимимиздан фойда кўриши вақти келди», деб ёзди Трамп.

Шахсий картани энди 1 миллион долларга сотиб олиш мумкин, корпорациялар эса кейинчалик 2 миллион долларга карта сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. «Биз олтин карта қисқа фурсатда 100 миллиард доллардан кўпроқ маблағ келтиради, деб кутяпмиз», деб ёзди Трамп.

Маъмурият, шунингдек, «Trump Platinum Card»ни ҳам жорий этишни режалаштирмоқда. Бу карта эгалари АҚШдан ташқаридаги даромадлари учун солиқ тўламайди.

АҚШ бозорини хавотирга солган ҳолат эса ҳукумат малакали чет эллик ишчиларга бериладиган H-1B визалари учун йилига 100 минг долларлик тўлов жорий этиши бўлди.

Трампнинг бу «ўлпони» ҳуқуқий эътирозларга дуч келиши мумкин. Лекин агар кучга кирса, халқаро малакали ходимларни ёллайдиган компаниялар ушбу визада ишлаётган ҳар бир ходим учун олти йилгача йилига 100 минг доллар тўлаши керак бўлади. Бу тўлов фақат янги мурожаатчиларга татбиқ этилади.

«Ёки бу шахс компания ва Америка учун жуда қимматли бўлади, ёки у кетади ва компания америкаликни ёллайди», деди савдо вазири Ховард Лутник жума куни Оқ уй Овал офисида имзолаш маросимида.

Маълумотларга кўра, июн охирида Amazon H-1B визаси асосида ишлаётган 10 мингдан ортиқ ходимга эга эди — бу бошқа исталган компаниядан анча кўп. Бошқа йирик компаниялар орасида Microsoft, Meta, Apple, Google, JPMorgan Chase, Walmart кабиларда ҳам минглаб хорижий малакали ходимлар бор.

«Биз Қуддуснинг бирорта тошини ҳам бермаймиз» – Эрдўған

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Технофест-2025 фестивалида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳарбий технологиялар соҳасидаги ютуқлари ҳақида гапириб, Қуддус шаҳри ҳақидаги фикрларини айтди.

«Баъзилар Ал-Қудс шаънига ҳақоратли сўзларни ишлатишга журъат этмоқда. Биз улар нимага интилаётганини жуда яхши биламиз. 65 минг бегуноҳ Ғазо аҳолисининг қони қўлида бўлганларга айтаман: Қуддус мусулмонларнинг ҳам, бутун инсониятнинг ҳам ор-номуси, қадр-қиммати ва шон-шуҳратидир».

Президент Қуддусни ҳимоя қилиш тинчлик ва умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш эканини таъкидлади: «Қуддусга қилинган ҳар бир ҳужум ўз йўлида бу табаррук заминга ошиқ бўлган фидойи ҳимоячиларни учратади».

Эрдўған тарихий параллелни ҳам келтириб ўтди: «Биз Султон Абдулҳамиднинг авлодимиз ва унинг йўлидан борамиз. Аждодлар васиятини сақлаймиз ва ҳеч қачон Қуддусдан воз кечмаймиз».

У Туркия босқинчиларнинг қаршилигига қарамай, барча дин вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этишига ишонтирди.

«Барча маккор режаларга қарамай, бизнинг курашимиз 1967 йилда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган чегараларда мустақил Фаластин давлати ташкил этилгунига қадар давом этади».

Президент, шунингдек, Туркия Қуддусда топилган ва Истанбул археология музейида сақланаётган милоддан аввалги VIII асрга оид қадимий ёдгорлик - Силван ўрамини бермаслигини таъкидлади. Эрдўғаннинг айтишича, Қуддусга тегишли бўлган на бир ўрам, на бир тош ҳеч кимга, жумладан, Исроилга ҳам берилмайди.

Россия қирувчилари Эстония ҳаво ҳудудига кирди

Эстония ҳукумати хабар беришича, жума куни учта Россия ҳарбий самолёти НАТО аъзоси бўлган Эстония ҳаво ҳудудини бузган.

Расмий Таллиннинг билдиришича, учта МиГ-31 қирувчи самолёти Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирган ва 12 дақиқа давомида қолган. Бу вақт ичида юқори тезликдаги самолётлар мамлакатнинг катта қисмини кесиб ўтиши мумкин эди.

«Россия бу йил Эстония ҳаво ҳудудини тўрт марта бузди. Бунинг ўзиёқ қабул қилиб бўлмас ҳолат, аммо бугунги бузилиш — учта қирувчи самолёт ҳаво ҳудудимизга киргани — мислсиз даражада очиқ-ойдин провокация ҳисобланади», деди Эстония ташқи ишлар вазири.

Россия Мудофаа вазирлиги шанба куни эрталаб тарқатган баёнотида МиГ-31 самолётлари шимоли-ғарбий Россиядан Калининградга учишда Болтиқ денгизи устидаги нейтрал сувлар орқали ўтганини билдирди.

Эстония Россиянинг мамлакатдаги энг юқори дипломати чақирилганини, расмий норозилик билдирилиб нота топширилганини маълум қилди. Эстония бош вазирига кўра, рус қирувчилари НАТО ҳаво ҳудудига тахминан 9 км ичкарига кирган, сўнг Эстонияда вақтинча жойлашган италиялик F-35 қирувчилари уларни чиқариб юборган.

Украинадаги уруш туфайли кескинлик аллақачон юқори бўлган бир пайтда, бу воқеа 20 дан ортиқ Россия дронлари Полша ҳаво ҳудудига кирганидан кейин содир бўлди. Ғарб амалдорлари Россия — НАТОнинг тайёргарлиги ва қатъиятини синаётганини айтмоқда.

Иорданиялик ҳайдовчи икки исроилликни ўлдирди

Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб кетаётган иорданиялик юк машинаси ҳайдовчиси 18 сентябр, пайшанба куни «Алленби» ўтказиш пунктида ўт очди ва хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилишидан олдин икки исроилликни ўлдирди. «Бугун Ғазога гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машинасини бошқараётган иорданиялик эркак «Алленби» ўтказиш пунктида икки исроилликни ўлдирди», - дея маълум қилди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги.

Исроил ҳарбийлари ҳужумчи «зарарсизлантирилгани» ҳақида хабар берди. «Маген Давид Адом» тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, эркак тўппонча ва пичоқ билан қуролланган бўлган.

Исроил тез ёрдам хизматининг аниқлик киритишича, тахминан 20 ва 60 ёшлардаги эркаклар воқеа жойида ёрдам кўрсатилганидан кейин вафот этган. Иордания Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни «жиноят» деб атади ва бу Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишини хавф остига қўйиши ҳақида огоҳлантирди.

Трамп ва Си Кореяда учрашади

АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни Хитой раҳбари Си Жинпинг билан «жуда самарали» телефон суҳбати ўтказганини айтди.

«Мен Хитой президенти Си билан жуда самарали қўнғироқни якунладим. Савдо, фентанил, Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш зарурати ва TikTok битимини тасдиқлаш каби жуда муҳим масалаларда ютуқларга эришдик», деди у ижтимоий тармоғидаги постида.

«Қўнғироқ жуда яхши ўтди, биз яна телефон орқали гаплашамиз, TikTok бўйича тасдиқни қадрлаймиз ва иккимиз ҳам APEC саммитида учрашишни интиқлик билан кутяпмиз!» - дея қўшимча қилди у.

Трамп бу билан 31 октябр куни Жанубий Корея мезбонлик қиладиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитини назарда тутди. У Хитойга «келаси йил бошида» ташриф буюришини, Си эса АҚШга «муносиб вақтда» ташриф буюришини айтди.

TikTokʼнинг АҚШдаги фаолияти америкалик компанияларга сотилмаса, у мамлакатда тақиқланиши мумкин эди. Трамп музокараларга вақт бериш учун чоршанба куни унинг АҚШдаги фаолиятини тўхтатишни учинчи марта кечиктирди.

Пекин телефон қўнғироғини «прагматик, ижобий ва конструктив» деб таърифлади. Си Жинпинг эса ўз навбатида TikTok масаласида Пекиннинг позицияси «аниқ» эканини айтди, бироқ ижтимоий тармоқни АҚШ томонига сотиш бўйича битимни тасдиқламади.

У Хитойнинг АҚШ компаниялари хоҳишини инобатга олишини таъкидлади ва бизнес музокараларига «бозор қоидалари» ҳамда «Хитой қонун ва меъёрларига мувофиқ» ечим топишга чақирди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид