Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

4 давлат Фаластинни тан олди

21 сентябр куни Исроилнинг иттифоқчилари ҳисобланган Буюк Британия, Канада, Австралия ва Португалия Фаластин давлатини тан олди. Франция ҳам бу ҳафтада Ню Йоркдаги БМТ саммитида Фаластинни тан олади.

Фаластинликларнинг босиб олинган ҳудудларда мустақил давлат тузиш истагини айнан Буюк Британия қўллаб-қувватлаши алоҳида рамзий аҳамият касб этди, чунки Иккинчи жаҳон урушидан кейин замонавий Исроил давлатини яратишда унинг роли муҳим бўлган.

«Ғазодаги одам қўли билан яратилган гуманитар инқироз янги тубанликларга етакламоқда. Исроил ҳукуматининг тинимсиз ва тобора кучайиб бораётган бомбардимонлари, сўнгги ҳафталардаги ҳужумлари, очлик ва вайронагарчилик бутунлай чидаб бўлмас даражага етди», деди Британия бош вазир Кеир Стармер.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос тан олиш «Фаластин давлати Исроил давлати билан ёнма-ён хавфсизлик, тинчлик ва яхши қўшничиликда яшаши учун йўл очади», деди.

Ҳамас қарорни олқишлади, бироқ у «урушни тугатиш ва Исроил Ғарбий соҳилни аннексия қилишининг олдини олиш учун амалий чоралар билан бирга бўлиши керак», деди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу қарордан жаҳли чиқди ва Фаластинни тан олган давлатларга жавоб қайтариш билан таҳдид қилди. «Бу амалга ошмайди. Иордан дарёсининг ғарбида Фаластин давлати тузилмайди», деди у.

Ғарб ҳукуматлари тобора ўз партиялари ва аҳолиси томонидан босим остида қолмоқда: Ғазодаги ўлимлар сонининг доимий ошиши, оч болаларнинг суратлари ва Исроилни жиловлашга қодир эмасликлари, ҳатто унга қурол етказишда давом этаётганликлари халқ томонидан танқид қилинмоқда.

«Толибон» ва Трамп баҳси

Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид Трампнинг Багром авиабазасини Қўшма Штатларга қайтариш ҳақидаги талабига жавобан «мамлакатнинг ички ишларига аралашмасликни» маслаҳат берди.

Баёнотда айтилишича, АҚШ Доҳада имзоланган келишув доирасида «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик ва мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик» мажбуриятини олган. «Шунинг учун улар ўз мажбуриятларига содиқ қолишлари зарур», деб эслатди «Толибон» вакили.