Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша ўз ҳаво ҳудудини бузган ҳар қандай объектни уриб туширади – Туск
Мамлакат бош вазири Доналд Туск агар шундай ҳолат юз берса, объектлар ҳеч қандай муҳокамаларсиз уриб туширилишини маълум қилди.
Полша ўз ҳаво ҳудудини бузадиган ҳар қандай объектни уриб туширишга тайёр, деди 22 сентябр куни мамлакат бош вазири Доналд Туск. Унинг сўзларини Polskie Radio келтирди.
«Мен мутлақо аниқ айтмоқчиман. Агар объектлар бизнинг ҳудудимизни бузиб, Полша устидан учиб ўтса, биз ҳеч қандай муҳокамаларсиз уриб туширишга қарор қиламиз. Бу ерда муҳокама қиладиган ҳеч нарса йўқ», деди бош вазир.
Шу билан бирга, Тускнинг қўшимча қилишича, Полша ҳаво ҳудудида аниқ бузилиш бўлмаган тақдирда, Варшава «можароларнинг жуда кескин босқичини келтириб чиқариши мумкин бўлган қарорлар қабул қилишдан олдин икки марта ўйлаб кўради».
Мисол тариқасида у ўтган ҳафта Болтиқ денгизидаги Полшанинг Petrobaltic платформаси устидан иккита рус қирувчиси паст баландликда учиб ўтган воқеани келтирди.
«Иттифоқчилар бунга биз каби муносабатда бўлишига 100 фоиз амин бўлишимиз керак. Ва агар можаро кескин босқичга ўтса, биз ёлғиз қолмаймиз», деди у.
Платформа ҳудудидаги ҳодиса 19 сентябр куни содир бўлган. Эртаси куни Полша Қуролли кучлари Россиянинг Украинага оммавий ҳужуми пайтида ўз ва иттифоқчи авиациясининг ҳавога кўтарилганини эълон қилди.
Украина ғарбида Россия дронларининг ҳужумлари таҳдиди туфайли Полша аввал ҳам, масалан 13 сентябр куни қирувчи самолётларни ҳавога кўтарган. Шунда алянснинг шарқий қаноти мудофаасини кучайтириш учун «Шарқий қўриқчи» (Eastern Sentry) операцияси бошлангани маълум бўлди, унга Буюк Британия, Германия, Франция ва Дания кучлари жалб қилинди.