Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаластинни тан олган 6 давлат, урушга тайёрланаётган венесуэлаликлар ва Хитой денгиз кучларининг тараққиёти – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Яна 6 давлат Фаластинни тан олди
Франция президенти Эммануэл Макрон 22 сентябр куни БМТ қошида Фаластин муаммосига ечим топишга бағишланган олий даражадаги халқаро конференцияда Фаластин давлатини тан олди. БМТ тадбирида шунингдек, Люксембург, Малта, Монако, Белгия ва Андорра ҳам Фаластин давлатини тан олди. Канада, Британия, Португалия ва Австралия 2 кун олдин Фаластинни тан олганди.
Макрон ўз чиқишида кеч бўлмасдан тинчлик ўрнатилиши кераклигини айтди. «Кимдир айтади, бу жуда кеч. Кимдир айтади, бу жуда эрта. Аммо битта ҳақиқат аниқ – биз энди кутиб туролмаймиз», деди Макрон.
Шунингдек, у тарихда Фаластин давлатини тузиш бўйича берилган ваъдалар бажарилмай қолганини эслатди.
«Ҳозирда Исроил Ғазода ўзининг ҳарбий амалиётини Ҳамасни йўқ қилиш мақсади билан кенгайтирмоқда. Аммо … юз минглаб одамлар кўчирилди, жароҳатланди, оч қолди, руҳий изтироб чекмоқда. Уларнинг ҳаёти ҳануз вайрон қилинмоқда. Сулҳ музокаралари давом этаётганига қарамай, Ғазодаги урушни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ. Ҳеч нарса», деди Эммануэл Макрон.
Шунингдек, Франция Европа ҳамкорлари билан биргаликда Фаластин хавфсизлик кучларини тузиш ва жиҳозлашни қўллаб-қувватлашга, Фаластинда элчихонасини очишга тайёрлигини билдирди.
АҚШ визаси рад этилган Фаластин президенти Маҳмуд Аббос эса видеомурожаат қилиб, доимий сулҳдан сўнг Ҳамас ва бошқа гуруҳлар қуролларини Фаластин маъмуриятига топширишини айтди. «Биз ўт очишни тўхтатганимиздан бир йил ичида ислоҳотлар ва сайловлар ўтказамиз», деди у.
АҚШ ва Исроил душанба кунги йиғилишни бойкот қилди. Исроилнинг БМТдаги элчиси Данни Данон: «Бош вазир Нетаняҳу келаси ҳафта Исроилга қайтгач, қандай жавоб беришни муҳокама қиламиз», деди.
«Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир»
Россия президенти Владимир Путин 22 сентябр куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди ва бир қатор муҳим баёнотларни берди. Кремл раҳбарининг таъкидлашича, стратегик барқарорлик соҳасидаги вазият ёмонлашишда давом этмоқда.
Унинг сўзларига кўра, бу «мавжуд таҳдидларнинг кучайиши ва янги стратегик хавфларнинг пайдо бўлишига олиб келадиган бир қатор салбий омилларнинг биргаликдаги таъсири» билан боғлиқ.
Путиннинг таъкидлашича, Ғарбнинг вайронкор қадамлари туфайли ядровий кучлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик пойдеворига жиддий путур етди.
Россия 2026 йил 5 февралидан кейин Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома бўйича миқдорий чекловларга яна бир йил амал қилишга тайёр. Фақат битта шарти бор: агар АҚШ ҳам шундай чекловларга амал қилса.
Кремл раҳбари ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодирлигини айтди.
«Таъкидлайман ва бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керакки, Россия ҳар қандай мавжуд ва янги пайдо бўлаётган таҳдидларга жавоб бера олади: сўз билан эмас, балки ҳарбий-техник чораларни қўллаш орқали», деди Путин.
Шу билан бирга, у тегишли идоралардан АҚШнинг Стратегик ҳужум қуроллари арсеналини синчковлик билан кузатишда давом этишини сўради.
Хитой денгиз кучларининг тараққиёти
Хитой илк бор ўзининг энг янги авиаташувчисидан электромагнит катапулта ёрдамида амалга оширилган муваффақиятли учиришнинг тўлиқ видеосини эълон қилди. Bloombergʼнинг ёзишича, бу мамлакат денгиз кучлари тараққиётининг янги даражасини кўрсатади.
Хитой давлат телеканали душанба куни эълон қилган кадрларда J-35 ва J-15T қирувчи самолётлари ҳамда KJ-600 ҳаво радари самолёти «Фужиан» авиаташувчисининг электромагнит катапултаси ёрдамида ҳавога кўтарилаётгани кўринади.
Аввалги видеоларда фақатгина муваффақиятли учиришни олқишлаётган одамлар тасвирлари берилган, аммо самолётнинг ҳақиқий учиши кўрсатилмаган эди. «Фужиан» — Хитойнинг учинчи ва энг замонавий авиаташувчиси — тез орада хизматга топширилиши кутилмоқда.
Узунлиги 316 метр бўлган ушбу авиаташувчи учта электромагнит катапулта билан жиҳозланган. Улар ёрдамида қирувчи самолётлар учирилади. Бироқ АҚШ авиаташувчилари ядро энергияси билан ишласа, «Фужиан» оддий ёқилғида ишлайди, бу эса унинг узоқ масофага сузиш ва узоқ муддатли сафарлардаги имкониятларини чеклаши мумкин.
Расмий Пекин эса ўзининг электромагнит катапултлари ҳақида, жумладан, уларнинг техник хизмат кўрсатиш ва ишончлилик шароитлари юзасидан ҳозирча ҳеч қандай тафсилотларни ошкор қилмаган.
Венесуэла урушга тайёрланмоқда
Венесуэлада тинч аҳоли учун кенг кўламли ҳарбий кўникмалар курслари бўлиб ўтди. Улар мамлакат етакчиси Николас Мадуро буйруғи билан Кариб денгизида тўпланаётган АҚШ кучлари, халқаро сувларда Венесуэла қайиғига бир неча марта зарба берилгач юз берди. Пентагон ҳужумлар — Венесуэладан АҚШга гиёҳванд моддалар олиб кетаётган кемага қилинганини айтганди.
Николас Мадуро «миллионлаб» тинч аҳолини «Америка империяси» томонидан ҳужум уюштирилган тақдирда «қўлига қурол олишга» ва ўз ватанини ҳимоя қилишга чақирди. AFPʼнинг ёзишича, Каракаснинг Петаре туманида аскарлар 30 нафар фуқародан иборат гуруҳларга қурол билан қандай ишлаш кераклигини кўрсатгани туфайли марказий кўча ёпилди. Ўқув машғулотларидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва «мафкуравий фикрлаш» курслари ҳам ўрин олган.
Ҳарбий кўникмаларга ўргатиш курслари Венесуэланинг бошқа қисмларида, хусусан, ғарбий Сан-Кристобал ва Баринас шаҳарларида ҳам ўтказилди.
Қримга ҳужум
Россия қўшиб олган Қрим «раҳбари» Сергей Аксёнов 21 сентябр куни кечқурун жанубий курорт соҳилдаги «Форос» санаторийсига Украина дронлари томонидан ҳужум уюштирилгани ҳақида маълум қилди. Аксёновнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 15 га яқин киши жароҳатланган.
Россия Мудофаа вазирлиги бошқа маълумотларни тақдим этди: унга кўра, ҳужумда икки тинч фуқаро ҳалок бўлган, 15 киши турли даражада жароҳатланган. Вазирликнинг таъкидлашича, зарба портловчи жанговар каллакларни олиб юрган дронлар томонидан амалга оширилган.
ОАВ хабарларига кўра, у ерда «жуда муҳим меҳмонлар» бўлган. Яқин атрофда тўртта давлат дачалари жойлашган.
Кейинроқ Украина Бош разведка бошқармаси Қримда Россиянинг учта кўп мақсадли Ми-8 вертолёти ва 55J6U «NEBO-U» радиолокацион станцияси йўқ қилинганини хабар берди.
Бошқарма йўқ қилинган Ми-8 вертолётларидан бирининг суратини жойлаштирди. Россия томони ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермади.
Ўз навбатида Россия Қуролли кучлари 54 та ҳужумкор Шаҳед, Гербера ва бошқа турдаги дронлар билан нишонларга ҳужум қилган. Ҳаво ҳужуми Украина мудофаа кучларининг самолётлари, зенит-ракета қўшинлари ва радиоэлектрон кураш бўлинмалари томонидан қайтарилди.
Мавзуга оид
15:07
Макроннинг Хитойдан илтимоси, Путиннинг Модига таклифи ва Трампнинг шоусига айланган FIFA тадбири – кун дайжести
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025