Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг америкаликларга мурожаати ва Украинадаги намойишлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трампнинг америкаликларга мурожаати
Пайшанба куни кечки пайт америкаликларга мурожаат қилган президент Доналд Трамп Хитой АҚШдаги сайловларига аралашганини даъво қилди.
Энг кўп томошабинбоп вақтда эфирга узатилган нутқ – Трамп ва республикачилар учун қийин сиёсий паллага тўғри келди. Чунки унинг рейтингига Эрондаги уруш ва энергия нархларининг юқорилиги салбий таъсир кўрсатмоқда. Трамп нутқининг бошида уруш ҳақида қисқача тўхталиб, АҚШ «катта ғалабага эришаётганини» айтди.
Трамп Хитой ноқонуний равишда АҚШнинг 220 миллион сайловчиси маълумотларини қўлга киритганини кўрсатувчи махфий ҳужжатларни очиқлаётганини маълум қилди. У АҚШ разведкаси Хитой фаолияти кўламига доир маълумотларни қасддан яширганини даъво қилди.
Аслида АҚШ разведкасининг 2021 йилда махфийликдан чиқарилган ҳисоботида ҳеч бир хорижий куч президентлик сайловларининг «техник жиҳати» ёки натижаларни ўзгартиришга уринганига оид аломат топилмаганди. Боз устига ушбу хулосалар ўша пайтда Трампнинг Миллий разведка директори бўлган, ҳозирда эса МРБ директори Жон Ратклифф раҳбарлигида тайёрланганди.
Манбаларга кўра, Трампнинг Хитойга оид маълумотларни ошкор қилиши жамоатчиликни чалғитиш бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Хитойга нисбатан кескин оҳанги – яқинда барқарорлашган муносабатларга путур етказиш хавфини туғдирмоқда. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ушбу нутқ юзасидан изоҳ бермади, Пекиннинг Вашингтондаги элчихонаси «Хитой ҳеч қачон АҚШ президентлик сайловларига аралашмаган ва бундан кейин ҳам аралашмайди», деди.
Аслида Трамп йиллар давомида ўзи Байденга ютқазган сайлов натижаларига шубҳа билан қараб келади. У ўша сайловлар сохталаштирилгани, почта орқали овоз бериш фирибгарликка тўлалиги, овоз бериш машиналари ишончсизлиги каби кўплаб асоссиз даъволарни ҳам илгари сурган. Аммо судлар ва овозларни қайта санаб чиқиш жараёнлари ўшанда фирибгарлик содир бўлганига оид ҳеч қандай далил топмаган.
Оқ уйнинг журналистларга босим ўтказганига жавобан бу сафар Американинг учта йирик телерадио тармоғидан иккитаси ва CNN телеканали Трампнинг нутқини ўз платформаларида трансляция қилмади.
Мянма қирғоқларида қайиқлар ағдарилиб кетди
Халқаро миграция ташкилоти ва БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги маълумотларига кўра, 250 кишини олиб кетаётган биринчи қайиқ денгизга чиққанидан кўп ўтмай алоқа узилган. 280 киши бўлган яна бир қайиқ эса 8 июл куни Мянма қирғоқлари яқинида ағдарилиб кетган деб тахмин қилинмоқда.
«Дастлабки маълумотларга кўра, асосан роҳинжа йўловчиларини олиб кетаётган ушбу икки кема июн ойи охирида Мянмадан йўлга чиққан», дейилади баёнотда.
БМТ расмийси ушбу ҳодиса ва қурбонлар сони ҳали расман тасдиқланмаганини, қайиқда бўлгани тахмин қилинаётган одамлар сони эса дастлабки маълумотлар эканини билдирди.
«Агар маълумот тасдиқланса, мазкур фожиа жорий йилда Андаман денгизи ва Бенгалия қўлтиғида бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлган деб қайд этилган қарийб 300 кишининг сафига қўшилади».
Роҳинжалар — Мянманинг Бангладеш билан чегарадош Рахайн штатида яшовчи мусулмон этник озчилик бўлиб, улар кенг кўламли таъқибларга дучор бўлган ва ўз уйларини тарк этишга мажбур қилинган.
2017 йилда Мянма хавфсизлик кучлари таъқибларидан қочиб, 1 миллиондан ортиқ роҳинжа чегарадан Бангладешга ўтган. Ҳозирда улар одамлар билан тўлиб-тошган, ўта ночор ва хароб лагерларда яшамоқда.
Улар хавфли денгиз сафарлари орқали хорижда яхшироқ яшаш шароитларини топишга уриниб, ёғоч қайиқларда Малайзия, Индонезия ёки Таиланд каби мамлакатларга боришга уринмоқда. Йўқолган кемалар эса кучли ёғингарчилик ва денгизнинг тўлқинланиши вақтида йўлга чиқишади.
Украинада намойишлар
Президент Володимир Зеленский Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Евгений Хмарани мудофаа вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлади ва парламентдан унинг номзодини тасдиқлашни сўради.
Зеленский хавфсизлик хизмати — Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар беришда алоҳида ажралиб турганини ва бу тажриба мудофаа вазири вазифаларини бажаришда муҳим устунлик бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, у қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирский билан тўқнаш келган собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоровнинг истеъфоси ортидан Украина ҳарбий раҳбариятида «бирлик» ўрнатишга чақирди.
«Ростини айтсам, уруш давридаги президент бундай вазиятда танлов қилишга мажбур бўлмаслиги керак. Мен бирлик бўлишини жуда ҳам хоҳлардим», деган Зеленский.
Фёдоров лавозимидан четлатилганидан сўнг Украинада камдан кам кузатиладиган, аммо кичик норозилик намойишлари бошланди. Чунки ислоҳотчи вазир ва бош қўмондон ўртасидаги узоқ давом этган келишмовчилик очиқ тус олган эди.
Фёдоров Сирскийни вазирлик ташаббусларини блоклашда ва муаммоларни тўғридан тўғри ҳал қилишдан бош тортишда айблади. «У Россияни қандай мағлуб этиш ҳақида бош қотириш ўрнига, мамлакатни қандай парчалаш йўлини топди», деди Фёдоров.
Фёдоров бюрократияни қисқартириш, дронлар урушини кучайтириш ва Россия кучларини ҳолдан тойдириш стратегиясида муваффақият қозонган раҳбар деб ҳисобланади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Зеленский урушнинг ўта муҳим палласида мудофаа вазиридан кўра ўзи ишонган ҳарбий қўмондон тарафини олишни маъқул кўрган.
Жазоирда ёнғин
Пайшанба куни Жазоир шаҳридаги Муҳаммадия туманидаги меҳрибонлик уйида ёнғин содир бўлди. Расмийларнинг маълум қилишича, ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, яна 19 киши жароҳатланган.
Фуқаро муҳофазаси агентлиги маълумотларига кўра, жароҳатланганларнинг 10 нафари турли даражадаги куйиш жароҳатларини олган. Қутқарувчилар имконияти чекланган 5 кишини бинодан хавфсиз олиб чиққан.
Қурбонларнинг ёши ва ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида маълумот берилмади. Ёнғин тунда содир бўлган: маҳаллий аҳоли ўт ўчириш машиналари овозини тонгги соат 3 лар атрофида эшитган.
Жазоир бир неча кундан бери ҳаддан ташқари жазирама билан курашмоқда; фуқаро мудофааси хизмати 8-15 июл кунлари орасида 932 та ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ўрмонларнинг аксариятида ёнғин ўчирилган, бироқ оз қисми ҳали ҳам ёнишда давом этмоқда.
Жазоир бош вазири тиббиёт муассасасида бўлиб, ярадорлар ҳолидан хабар олди. Берлинга ташриф буюрган Жазоир президенти Абдулмажид Теббун ҳам ҳодиса юзасидан ўз ҳамдардлигини билдирди.
Конгода маймунларнинг янги тури аниқланди
Флорида Атлантика университети эълон қилган баёнотга кўра, олимлар Конго Демократик Республикасининг тропик ўрмонларида маймунларнинг янги турини аниқлади. Ушбу кашфиёт сўнгги 75 йил ичида Африкада аниқланган бешинчи янги маймун тури ҳисобланади.
Маҳаллий аҳоли орасида «Ликвели» номи билан танилган ушбу турга олимлар “Колобус конгоэнсис” деб илмий ном берди.
Кичик жуссали бу қора маймун — оғзи ва бурнини ўраб турган ёрқин сарғиш-қаймоқранг туси туфайли ўзига хос «ниқобсимон кўринишга» эга. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, янги аниқланган ушбу приматнинг овоз чиқариши ҳам ўзига хос акустик тузилишга эга.
«Ушбу кашфиёт Марказий Конго ҳавзасида ҳали ўрганилмаган ва ҳужжатлаштирилмаган қанчалик кўп биохилмахиллик сақланиб қолаётганини тасдиқлайди», дейди олимлар.
Тадқиқотчилар бу маймун тури яшаш ҳудуди кичиклиги ва умумий популяцияси сонининг камлиги сабаб хавф остида бўлиши мумкинлигини айтди. Шу боис, турни расман «йўқолиб кетиш хавфи остида» деб таснифлаш таклиф қилинмоқда.
Мавзуга оид
14:39 / 16.07.2026
Мигрантларга босимни кучайтираётган Россия ва Канадада ўрмон ёнғинлари – кун дайжести
17:25 / 15.07.2026
Эроннинг яна бир босим воситаси ва Ироқда «топилган» олтинлар – кун дайжести
14:35 / 14.07.2026
Ҳўрмузни талашаётган АҚШ ва Эрон, Россияга қарши антибаллистик коалиция – кун дайжести
15:39 / 13.07.2026