Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инсон органлари савдогарлари ва пулли йўлларни қуришга оид муҳим қоида – маҳаллий дайжест
Шавкат Мирзиёевнинг Ню-Йоркка ташрифи давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иккитомонлама муҳим битимлар имзоланди. Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тартиби белгиланди. Пулли йўллар қуришга фақат муқобил бепул йўл мавжуд бўлганда рухсат берилади. Инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ ушланди. Тадбиркорлик субъектларини назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Шавкат Мирзиёевнинг Ню-Йоркка ташрифи давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иккитомонлама муҳим битимлар имзоланди
АҚШ етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбатидан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор ҳузурида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлди.
Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Транспорт вазирлиги ва Boeing компанияси ўртасида транспорт соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги битим, «Технопарк» МЧЖ ва FLSmidth компанияси ўртасида тоғ-кон ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги битим, Centrum Air авиакомпанияси ва Oppenheimer инвестиция компанияси ўртасида ўзаро шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Citigroup компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва бошқалар.
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тартиби белгиланди
«Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Рўйхатга олиш тадбирига «маҳалла еттилиги» тизими ходимлари 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 1 мартгача бўлган даврда жалб этилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги. ФВВ, Миллий гвардия, ИИВ, ДХХ, ТИВ, ССВ ва Дин ишлари бўйича қўмита 2025 йил 1 ноябрдан аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ишларини бошлайди.
Ушбу ишлар учун давлат бюджетидан 2025 ва 2026 йилларда 72,5 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Пулли йўллар қуришга фақат муқобил бепул йўл мавжуд бўлганда рухсат берилади
Қонунчилик палатасида «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Қонун лойиҳасида йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатиляпти.
Қонун лойиҳаси билан пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари ҳам яратиляпти. Пулли автомобил йўлларини қуришга фақатгина муқобил бепул ҳаракатланиш йўли мавжуд бўлгандагина рухсат берилиши таклиф этиляпти.
Шу билан бирга, пулли автомобил йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори автомобил йўллари фойдаланувчиларининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари қаноатлантирилишини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлиши лозимлиги назарда тутиляпти.
Инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ИИВ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 кишидан иборат жиноий гуруҳ соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз органини сотишга қизиқтириб келган. Улар қўшни давлатларнинг биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширган. Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган. Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.
Тадбиркорлик субъектларини назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
Таъкидланишича, қонуннинг мақсади тадбиркорлик субъектлари томонидан тадбиркорлик фаолиятида қонунчилик талаблари бузилишларини аниқлашга, уларнинг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қайд қилинишича, тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқариладиган ва (ёки) реализация қилинадиган товарлар, кўрсатиладиган хизматлар, бажариладиган ишлар ҳамда улар томонидан фойдаланиладиган технологик жараёнлар устидан давлат назорати фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан табиий ва энергетика ресурсларини тежаш, миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.
Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини бир нечта назорат қилувчи органлар томонидан айнан бир хил масалалар бўйича текширишга, шунингдек текширувлар чоғида тадбиркорлик субъектларини камситишга йўл қўйилмайди.
Мавзуга оид
21:02 / 12.12.2025
«Метан заправка»ларда чекловлар ва Фарғона водийсига кўчма контейнерда газ – маҳаллий дайжест
21:54 / 11.12.2025
Уй-жой ва автомобил савдосида нақд пулдан воз кечилиши ва инсон аъзолари савдогарларига жазо – маҳаллий дайжест
22:32 / 10.12.2025
800 та пахта териш машинаси ва Пискентдаги дарахткушлик – маҳаллий дайжест
22:46 / 05.12.2025