Қонун лойиҳасининг мақсади – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш принциплари, асослари ва тартибини тизимли белгилашга қаратилган.
Қонуннинг мақсади тадбиркорлик субъектлари томонидан тадбиркорлик фаолиятида қонунчилик талаблари бузилишларини аниқлашга, уларнинг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Давлат назорати соҳасида қуйидагилар белгиланади:
1) назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тадбирларини амалга ошириш тартиби;
2) давлат назорати давомида текширилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар;
3) давлат назоратини амалга оширишда назорат қилувчи органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Қонунда белгиланган тадбиркорлик фаолияти устидан давлат назорати қоидалари:
1. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Марказий банк тўғрисида»ги ва «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунлари доирасида;
2. Энергетика ва сув ресурслари истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ишончлилиги, уларнинг ҳисоб-китоблари ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда электр, газ узатиш, газ тақсимлаш тармоқларига, ичимлик суви таъминоти ва оқова суви тизимларига уланишларнинг қонунийлиги устидан назорат доирасида;
3. Қўзғатилган жиноят ишлари доирасида;
4. Ўтказиладиган ёнғинларга доир терговга қадар текширув доирасида;
5. Ўзбекистондаги норезидентларнинг доимий муассасалари ва ваколатхоналари фаолиятида
6. Тадбиркорлик субъектлари таъсисчиларининг ва (ёки) бошқарув органларининг ўз фаолияти текширувини ўтказишга нисбатан шахсий ташаббусига кўра;
7. Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини амалга ошириш доирасида;
8. Давлат стратегик ва сафарбарлик захираси юзасидан.
Тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқариладиган ва (ёки) реализация қилинадиган товарлар, кўрсатиладиган хизматлар, бажариладиган ишлар ҳамда улар томонидан фойдаланиладиган технологик жараёнлар устидан давлат назорати фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан табиий ва энергетика ресурсларини тежаш, миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.






