Туризм | 15:28 / 23.09.2025
18470
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга келаётган хорижликлар сони кескин ошди. Энг кўп ташриф қайси давлатлардан?

2025 йилнинг 7 ойида Ўзбекистонга 6,3 млн нафар чет эллик туристик мақсадларда келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 49 фоизга кўп. Ушбу даврда Ўзбекистонга келаётган афғонистонликлар сони 93 баробарга, хитойликлар сони 2,9 баробарга, туркманистонликлар сони 2,5 баробарга ошган. МДҲ мамлакатларини ҳисобга олмаганда, энг кўп сайёҳ Афғонистондан келяпти. Ҳар бир хорижий туристга ўртача 403 долларлик хизмат кўрсатилган.

2025 йилнинг январ-июл ойларида жами 6,3 млн нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрди, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда қарийб 2,1 млн нафарга ёки 48,9 фоизга ошган.

Жорий йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган чет эл фуқаролари мамлакатлар кесимида қуйидагича:

  • Қирғизистон – 1,84 млн нафар (ўтган йилнинг мос даврида 1,2 млн нафар);
  • Қозоғистон – 1,46 млн нафар (845,8 минг нафар);
  • Тожикистон – 1,44 млн нафар (1,2 млн нафар);
  • Россия – 536,8 минг нафар (442,1 минг нафар);
  • Афғонистон – 267,5 минг нафар (2883 нафар);
  • Туркманистон – 208,8 минг нафар (83,7 минг нафар);
  • Хитой – 103,1 минг нафар (35,5 минг нафар);
  • Туркия – 96,5 минг нафар (62 минг нафар);
  • Ҳиндистон – 38 минг нафар (33,3 минг нафар);
  • Жанубий Корея – 25 минг нафар (23,9 минг нафар);
  • бошқа давлатлар – 289 минг нафар (231 минг нафар).

 Ҳисобот даврида Ўзбекистонга келаётган хитойликлар сони 2,9 баробарга, туркманистонликлар сони 2,5 баробарга ошган. МДҲ мамлакатларини ҳисобга олмаганда, энг кўп сайёҳ Афғонистондан келяпти. Хусусан, 7 ой ичида ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга келганлар сони қарийб 93 баробарга кўпайган. Бу Термизда логистика маркази очилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Умумий ташриф буюрувчиларнинг 5,2 млн нафари ёки 82,5 фоизи қўшни давлат фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

«Статистик маълумотлар чуқурлаштирилиши керак»

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, туристик хизматлар экспорти 7 ойда 2 млрд 542,3 млн долларни ташкил этган. Яъни ҳар бир хорижий туристга Ўзбекистонда ўртача 403 долларлик туристик хизмат сотилган. Ўтган йилнинг мос даврида эса туристик хизматлар экспорти 1 млрд 746,4 млн доллардан иборат бўлган. Битта хорижий туристга 416 долларлик хизмат кўрсатилган.

«Кўряпсизки, хорижий туристлар сони ошгани билан сифат яхшиланмаган. Қўшни давлатлардан кирганки қардошларни интурист деб ҳисоблашда давом этмоқдамиз.

Бизга хорижий туристларнинг янги, сифат мезонлари керак. Рақамларнинг ортидан қуваверсак, худди яратилаётган бандлик ва ишчи ўринлари каби гўзал статистика бўлади, лекин самара бўлмайди. Меҳмонхона, хостелда ёки буюртма қилинган апартаментда турмаса, қўшимча туристик хизматлар, транспорт, савдо, умумий овқатланиш хизматларидан фойдаланмаса, яъни Ўзбекистонга келиб харажат қилмаса, бугун келиб, бугун қайтса, уни туристлар сонига қўшиш тўғри эмас.

Мезонлар янгиланмаса, юзаки статистикани чуқурлаштирмасак, ўзимизни ўзимиз чалғитишни бошлаймиз, хорижий туристларнинг Ўзбекистонда қолиш даврини узайтириш, асосий турга қўшимча турлар сотиш, туристик сотувлар қийматини ошириш масалалари кун тартибига чиқмайди», дея ёзди Бакиров.

Мавзуга оид