Ўзбекистон | 01:50 / 24.09.2025
6205
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар ва низолар даври тарихда қолди

Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди, янги Марказий Осиёни шаклантириш жараёни бошланди, дея баёнот берди Ўзбекистон президенти БМТдаги нутқида. Шавкат Мирзиёев Афғонистонда транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТ резолюциясини қабул қилишга чақирди.

Фото: "Минбар ортида" Telegram-канали

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида Марказий Осиё интеграцияси йўлидаги ютуқлар ҳақида сўз юритди.

“Бундан 8 йил муқаддам ушбу юксак минбардан туриб Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик, шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлашим мумкинки, биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди.

Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми 5 бараваргача кўпайди. Биз қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларда савдо ва саноат зоналари, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланганини ҳам умумий ютуғимиз сифатида эътироф этамиз.

Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Мақсадларимизга эришиш учун барча хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга асосий эътибор қаратганмиз. Бу борада БМТ тузилмалари билан минтақамизда қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни таклиф этамиз. Жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда яшил технологиялар минтақавий ҳабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, яшил макон барпо этиш ва демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш ташаббуслари билан чиқамиз.

Шу билан бирга, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз”, – деди Мирзиёев.

“Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳим”

Президент Афғонистон ҳақида ҳам сўз юритиб, афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди.

“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир.

Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз”, – деди давлат раҳбари.

“Икки халқ учун – икки давлат”

Шавкат Мирзиёев Ғазо бўлгаси ва Украинадаги урушларни тўхтатишга ҳам чақирди.

“Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирамиз. Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз.

Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз”, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид