Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг БМТдаги чиқиши, Тайванда супер тайфун ва Ғазога аскар жўнатишга тайёр Индонезия – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трампнинг БМТдаги чиқиши
АҚШ президенти Доналд Трамп 23 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида ажратилган вақтдан деярли 4 баробар кўпроқ қилган чиқишида бошқа давлатларга уларнинг муваффақиятсизликлари ҳақида сабоқ берди ва узун шикоятлар рўйхатини ўқиб берди.
Трамп АҚШдаги иммиграцияга қарши қаттиқ чораларни бошқа етакчилар учун «намуна» сифатида кўрсатди ва оммавий миграция давлатларнинг тузилишини ўзгартириб юбораётганини даъво қилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса мигрантлар яхшироқ ҳаёт излаётганини айтмоқда.
Трамп илмий келишувни инкор этиб, иқлим ўзгаришини «аҳмоқлар томонидан ўйлаб топилган» деди. У АҚШнинг Париж келишувини тарк этганини мақтади, «тоза, чиройли кўмир»ни олқишлади.
New York Times'нинг ёзишича, Трамп нутқида ёлғон ва нотўғри баёнотлар ҳам берди. Масалан, Лондон мэри Содиқ Хон шариат қонунларини жорий қилмоқчи экани ёки АҚШда «инфляция енгилгани» ҳақидаги гаплар. ОАВга кўра, Содиқ Хон бундай гап айтмаган, АҚШ Федерал Резерви эса олти кун олдин инфляция ошганини билдирганди.
Сешанба кунги нутқда Трамп НАТО иттифоқчиларини Россия нефтини сотиб олишни тўхтатмагани учун масхара қилди ва Москвага нисбатан қаттиқ иқтисодий чоралар жорий қилишини айтди.
«Улар ўзларига қарши урушни молиялаяпти. Бундай нарсани қачон эшитгансиз? Агар Россия урушни тугатиш бўйича келишувга тайёр бўлмаса, АҚШ жуда кучли тарифлар тўпламини жорий қилишга тайёр. Аммо бу тарифлар самарали бўлиши учун Европа давлатлари – сизларнинг барчангиз биз билан бир хил чораларни қабул қилишингиз керак», деди у.
Фаластин давлатини тан олишга қаратилган ҳаракатларга Трамп қарши чиқди. Бу унинг айтишича, «Ҳамаснинг жиноятлари учун жуда катта мукофот» бўлади. У гаровдагиларни қайтариш ҳақидаги эски чақириқларини такрорлади.
Трамп, шунингдек, Нобел тинчлик мукофотини олиш истагида, дунёдаги можароларга чек қўйиш ҳаракатларини БМТ қўллаб-қувватламаганидан шикоят қилди.
Унинг айтишича, БМТнинг қиладиган ягона иши «кескин сўзлар билан ёзилган мактублар» ва «бўш гаплар». «Бу ишларни БМТ эмас, мен қилганим ачинарли», деди Трамп.
Шунингдек, у БМТнинг инфратузилмасидан ҳам шахсий шикоятлар қилди: ўзи ва рафиқаси Мелания Трамп БМТ биносидаги носоз эскалаторда қолиб кетганини, нутқининг бошида эса телесуфлёр ишламай қолгани ҳақида гапирди.
Ғазо бўйича учрашув
Сешанба куни Ню Йоркда АҚШ президенти Доналд Трамп, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва бошқа минтақа етакчилари иштирокида Ғазо масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
БМТ Бош ассамблеяси доирасида ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашув тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмади. Бироқ Трамп учрашувдан сўнг уни «жуда муваффақиятли» деб атади, аммо тафсилот бермади. Эрдўған эса уни «жуда самарали ва ижобий учрашув» деб таърифлади.
«Менимча, Ғазо масаласи бўйича ҳаракат бўлади. Жуда муҳим учрашув бўлиб ўтади. Кейинги учрашувим аслида минтақа етакчилари билан жуда муҳим бўлади», деди Трамп БМТ Бош ассамблеяси доирасида Эммануэл Макрон билан учрашув чоғида.
«Биз Ғазо ҳақида гаплашамиз. Бирор нарса қила оламизми, кўрамиз. Биз буни тўхтатмоқчимиз. Биз ўз гаровдагиларимизни қайтариб олишни истаймиз, ёки уларнинг гаровдагиларини қайтаришни хоҳлаймиз», дея қўшимча қилди Трамп.
Оқ уй аввалроқ бу йиғилишда Туркия, Қатар, Саудия Арабистони, Индонезия, Покистон, Миср, БАА ва Иордания етакчи даражада иштирок этишини билдирган, аммо қўшимча тафсилотларни ошкор қилмаган.
Тайванда супер тайфун
Тайванда Рагаса супер тайфуни олиб келган кучли ёмғирлар оқибатида тўғон кўли тошиб кетди, натижада камида 14 киши ҳалок бўлди, яна 124 киши бедарак йўқолди.
Ёмғирдан кейинги кўчкилар натижасида ҳосил бўлган тўғон кўли сешанба куни тушдан кейин тошиб, Гуангфу шаҳарчасида улкан сув тошқинини келтириб чиқарди.
Расмийларга кўра, барча қурбонлар ва бедарак йўқолганлар Гуангфуда. Сув катта йўл кўпригини ҳам ювиб кетди. Тайваннинг турли ҳудудларидан қутқарувчилар юборилди, армия эса 340 аскарни сафарбар қилди.
Ҳукумат ҳисобича, тўғон кўлида 91 миллион тонна сув бор эди. Унинг 60 миллион тоннаси тошқин пайтида оқиб чиққан.
Бу йил содир бўлган дунёдаги энг кучли бўрон ҳисобланган тайфун Осиёдаги бир нечта йирик шаҳарларда ҳаётни тўхтатиб қўйди. Хусусан, Гонконг кўчалари бўш қолди, соҳилбўйи ҳудудларида бир неча метрлик баланд тўлқинлар урилди.
Гонконг халқаро аэропортида юзлаб рейслар бекор қилинди, мактаблар ёпилди, Хитойнинг бир нечта шаҳарларидаги супермаркетларда эса расталар бўшаб қолди. Жанубий Хитойнинг иқтисодий маркази бўлган Гуандун провинциясида қарийб 1,9 миллион киши эвакуация қилинди.
Об-ҳаво мутахассислари бу йилги энг кучли бўрон деб таърифлаган Рагаса шамоллари 185 км/соат тезликда эсмоқда, шамол кучи баъзида 230 км/соатгача етмоқда, деди Филиппин об-ҳаво агентлиги.
Хитой энг тез автоматлаштирилган поездни намойиш қилди
Хитойда соатига 200 километр тезликка чиқа оладиган дунёдаги энг тез автоматлаштирилган темирйўл транспорти намойиш этилди. Тақдим этилган прототип интеллектуал поездлар сериясининг бир қисмидир. У тўртинчи даражали автоматлаштирилган бошқарув тизими билан жиҳозланган, бу темирйўл транспортида автоматлаштиришнинг энг юқори даражасини, машинистга эҳтиёж сезмасдан, сунъий интеллект томонидан бошқариладиган тўлиқ пилотсиз поездларни билдиради.
Бироқ бу поездда машинист кабинаси сақлаб қолинган ва бошида унда бошқарувчи бўлиши мумкин. GoA4 тизими янги транспорт воситасини Хитойдаги биринчи тўлиқ автоматлаштирилган поезд ва дунёдаги энг тез ҳаракатланувчи таркибга айлантиради.
Поезд мураккаб иш шароитларида — юқори тезлик ва станциялар орасидаги узоқ оралиқларда автоном равишда маълумот тўплайдиган, таҳлил қиладиган ва қарор қабул қиладиган ўрнатилган рақамли «мия» билан жиҳозланган. Янги бошқарув тизими носозликлар эҳтимолини 95 фоизга қисқартиради.
Хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилди. Поезд 2900 дан ортиқ кузатув датчикларига эга юқори аниқликдаги захира сенсор тизимини ўз ичига олади.
Индонезия Ғазога 20 минг аскар жўнатишга тайёр
БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаган Индонезия президенти Прабово Субианто мамлакат Ғазога 20 минг тинчликпарвар кучларини юборишга тайёрлигини айтди.
«Агар Хавфсизлик кенгаши ва ушбу ассамблея қарор қилса, Индонезия Ғазода ёки Фаластиннинг бошқа жойларида қўшма кучларнинг бир қисми сифатида тинчлик ўрнатишга ёрдам бериш учун 20 000 ёки ундан ортиқ қўшинни юборишга тайёр. Бу икки давлат ечимини шунчаки орзу эмас, балки ҳақиқатга айлантириш учун керак», деди Прабово.
Унинг қўшимча қилишича, зўравонлик — сиёсий можароларни ҳал қилиш воситаси бўла олмайди.
«Зўравонлик ҳеч қандай сиёсий можарога жавоб бўла олмайди, чунки у кўпроқ зўравонликни келтириб чиқаради. БМТ бу фалокатни тўхтатиш учун қатъий позицияни эгаллаши керак. Акс ҳолда, дунё чексиз урушлар ва зўравонлик кучайиб бораётган хавфли вазиятга тушиб қолади», — деди президент.
Индонезия раҳбари ўз мамлакатининг мустамлакачилик ўтмишини эслади. «Биз ўз юртимизда итдан ҳам қадрсизроқ одамлар эдик», деди у Нидерландия зулмини эслаб. У айнан шунинг учун индонезияликлар адолатсизлик, апартеид ва маҳрумлик остида яшаш нимани англатишини билишини қўшимча қилди.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига кўра, 2023 йил октябрида Исроил ҳужумлари бошланганидан бери Ғазода 65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.
Мавзуга оид
15:07
Макроннинг Хитойдан илтимоси, Путиннинг Модига таклифи ва Трампнинг шоусига айланган FIFA тадбири – кун дайжести
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025