Москвада ўтаётган Жаҳон атом ҳафталиги доирасида бу борада иккита битим имзоланди.

Россия президенти Владимир Путин очиб берган форумнинг очилиш сессиясида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам иштирок этиб, бундай қўшма станция дунё бўйича ноёб лойиҳа бўлишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, катта станция ҳар бири 1000 MW қувватга эга иккита реактор, кичик станция эса ҳар бири 55 MW қувватга эга иккита реактордан иборат бўлади. Шу тариқа, интеграциялашган АЭСлар мажмуасининг умумий қуввати 2,1 GW бўлиши кўзда тутилган.

Жамшид Хўжаев / Фото: Ўзатом агентлиги матбуот хизмати

Қарийб 525 гектарлик майдондаги қўшма станция 2035 йилга бориб йилига 15,2 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу – Ўзбекистондаги бугунги кундаги умумий истеъмолнинг қарийб 15 фоизига тенг, дея маълум қилди Жамшид Хўжаев.

Лойиҳанинг молиявий тафсилотлари маълум эмас.

Форум доирасида Ўзатом агентлигининг “АЭС қурилиши дирекцияси” ДК ва “Росатом энергетика лойиҳалари” АЖ ўртасида 2025 йил 20 июндаги битимга қўшимча битим имзоланди. Ҳужжатда Ўзбекистонда интеграциялашган АЭС қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг асосий шартлари белгиланган.

Бу шартларга кўра, интеграциялашган АЭСнинг катта станцияси 3+ авлодидаги 2 та ВВЭР-1000 реакторларидан, кичик станция эса 2 та РИТМ-200Н реакторларидан иборат бўлади.

Бундан ташқари, “АЭС қурилиши дирекцияси” ДК ва “Росатом энергетика лойиҳалари" АЖ ўртасида Ўзбекистон Республикасида кичик ва катта қувватли АЭСлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича шартномаларнинг асосий шартлари тўғрисидаги битим ҳам имзоланди.

Битим томонлар ўртасида РИТМ-200Н ва ВВЭР-1000 реактор қурилмалари учун ядро ёқилғиси, шунингдек, эҳтиёт қисмлар, монтаж ва назорат ускуналарини етказиб бериш бўйича асосий келишувларни мустаҳкамлайди.