Жиноят содир этган ва қидирувда бўлган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси Туркияда ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган Ш.М. Ўзбекистонга депортация қилинган.

Ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек Истанбул шаҳридаги Бош консулхонага мурожаат қилиш сўралади.

Шунингдек, солиқ ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаган ва божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган 2 нафар шахс (Х.Б. ва С.Х.) ҳам қўлга олиниб, Ўзбекистон тергов органларига топширилган.