Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳамаснинг талаби, Украинанинг «ичкарига зарба бериш имконияти» ва Асадни ҳибсга олиш учун ордер – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазодаги геноцид
Ҳамаснинг ҳарбий қаноти — «Ал-Қассам бригадалари» якшанба куни Исроилдан қўшинларни орқага қайтариш ва жангчиларга гаровдагиларни олиб чиқиб кетиш имконини бериш учун Ғазо шаҳрига ҳаво ҳужумларини 24 соатга тўхтатишни талаб қилди. Reutersʼнинг ёзишича, ҲАМАС ҳарбий қаноти у ерда сақланаётган икки гаровдаги билан алоқани йўқотганини маълум қилди.
Исроил армияси бу талабга тўғридан тўғри изоҳ бермади, аммо ҳужумларни тўхтатиш режаси йўқлигини очиқ билдирди. Армия Сабра тумани, жумладан, Ғазо шаҳрининг айрим қисмларидаги барча аҳолига ҳудудни тарк этишни буюрди. Баёнотда у ердаги ҲАМАС нишонларига ҳужум қилиш ва биноларни бузиш режалаштирилаётгани айтилди.
Гувоҳлар ва шифокорларнинг айтишича, Исроил танклари Сабра, Тел Ал-Ҳава ва яқин атрофдаги Шайх Радван ҳамда Ал-Наср маҳаллаларига чуқурроқ кириб борган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилишича, сўнгги 24 соат ичида исроилликларнинг ҳужумлари натижасида камида 77 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари эса қамалиб қолган фуқаролардан келган ўнлаб ёрдам чақириқларига жавоб бера олмаганини билдирди. Ғазо Фавқулодда хизматлари халқаро ташкилотлар орқали юборилган 73 та ярадорларни қутқариш сўровини - Исроил рад этганини билдирди.
Трамп Reutersʼга телефон орқали берган интервюсида Исроил ва араб етакчиларидан Ғазо тинчлик режаси таклифига «жуда яхши жавоб» олганини, «ҳамма келишув тузишни хоҳлашини» айтди. ҲАМАС эса Трампдан ҳам, воситачилардан ҳам ҳеч қандай таклиф олмаганини билдирди. Икки гаровдагининг тақдири Исроилда кучли ички резонанс уйғотмоқда ва бу душанба куни бош вазир Бенямин Нетаняҳу билан Трамп ўртасидаги учрашувга соя солиши мумкин.
Россия-Украина уруши
28 сентябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига энг йирик зарбалардан бирини амалга оширди. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия жами 593 та дрон, «Бандерол» типидаги иккита реактив дрон, Х-101 русумли 38 та қанотли ракетаси, «Калибр» русумли саккизта қанотли ракетаси ҳамда «Кинжал» русумли иккита аэробаллистик ракетасини учирган.
Украина қуролли кучлари жами 15 та локацияда бешта ракета ва 31 та дроннинг тўғридан тўғри зарбалари, шунингдек, 25 та локацияда уриб туширилган ракеталар ва дронларнинг парчалари қулаши қайд этилганини маълум қилган.
Энг асосий зарбалар Киев шаҳри ва Киев областига тўғри келди. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, шаҳарда жами тўрт киши ҳалок бўлган, яна 14 киши яраланган. Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко маълумотларига кўра, Россия ҳужуми натижасида мамлакат бўйлаб юздан ортиқ фуқаролик объектларига зарар етган.
Украина президенти Володимир Зеленский «бу қабиҳ ҳужум аслида БМТ Бош ассамблеяси ҳафтасининг якуни сифатида содир бўлганини ва Россия ўзининг ҳақиқий позициясини айнан шундай эълон қилаётгани»ни айтди.
Россия мудофаа вазирлиги зарба ҳарбий-саноат комплекси объектларига, шунингдек, ҳарбий аэродромлар инфратузилмасига берилганини маълум қилди.
Россия жадаллашаётган ҳужуми фонида, АҚШ президентининг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог расмий Вашингтон Киевга Россия ҳудуди ичкарисига зарба беришига қаршилик қилмаслигини билдирди.
Келлогнинг сўзларига кўра, Украинада «ичкарига зарба бериш имкони мавжуд». Унинг қўшимча қилишича, Киевда Россия ҳудудидаги нишонлар бўйича чекланган жойлар йўқ.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Ню Йоркда, Доналд Трамп билан ёпиқ учрашувда Москвадаги нишонларни уриш имконини берувчи Tomahawk ракеталарини сўрагани айтилганди.
Эронга қарши санкциялар қайта тикланди
БМТ санкциялари тўхтатилганидан 10 йил ўтиб, Эронга қарши яна жорий этилди. Улар 28 сентябр кунидан яна кучга кирди. Аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши кўпчилик овоз билан Хитой ва Россия томонидан таклиф этилган ва Эронга қарши енгиллаштирилган санкциялар режимини 6 ойга узайтириш тўғрисидаги резолюцияни блоклаган эди. Келгуси ҳафтада Эронга қарши Европа Иттифоқи санкциялари ҳам яна кучга кириши керак.
Эрон ядро дастурини чеклайдиган ядровий келишув муддати шу йилнинг октябр ойида тугайди, айнан шу келишувга асосан санкциялар юмшатилган эди.
Бир ой олдин Буюк Британия, Германия ва Франция келишув тугаганидан кейин уларни амалга ошира олмаслигидан қўрқиб, Эронга қарши санкцияларни тиклаш жараёнини бошлаган эди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Эрон ушбу келишувда кўрсатилган уранни бойитиш бўйича чекловларни аллақачон бузган. Эрон эса, ўз навбатида, 2018 йилда АҚШ ундан чиққанидан кейин ядровий келишувга риоя қилишга мажбур эмаслигини таъкидламоқда.
Америка ва Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан сўнг, Европа ва АҚШ Эрон билан музокараларни қайта бошлашга уриниб кўрди, аммо улар муваффақиятсизликка учради. Қайта тикланган санкциялар Эрон иқтисодиётининг банк, углеводород ва мудофаа соҳаларига зарба беради.
23 сентябр куни Эрон олий етакчиси Али Хоманаий Эрон ядро қуролини яратмоқчи эмаслигини айтиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларини ривожлантириш учун уранни бойитиш дастури муҳимлигини таъкидлади.
Фаластинга кўмак
Франция ва иттифоқчилар Фаластин мухториятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун Фавқулодда коалиция тузди. Бирлашманинг асосий мақсади миллий маъмуриятнинг ҳудудларни бошқариш, фуқароларга ҳаётий муҳим хизматларни кўрсатиш ва хавфсизликни таъминлаш қобилиятини сақлаб қолишдир, деб хабар берди Франция Ташқи ишлар вазирлиги.
Бирлашмани тузишда Белгия, Дания, Франция, Исландия, Ирландия, Япония, Норвегия, Саудия Арабистони, Словения, Испания, Швейцария ва Буюк Британия иштирок этди.
Коалиция Фаластин миллий маъмурияти дуч келган ва унинг учун ҳалокатга айланиши мумкин бўлган «энг кескин ва мисли кўрилмаган молиявий инқирозга» жавобан тузилган. Мамлакатлар вакилларининг таъкидлашича, Фаластинни қисқа муддатли қўллаб-қувватлаш етарли эмас: «халқаро молия институтлари иштирокида шаффофлик ва ҳисобдорликни қатъий таъминлаган ҳолда тизимли, башорат қилинадиган ва келишилган ёндашув» зарур.
Коалиция тузиш билан бирга, ушбу давлатлар ташқи ишлар вазирлари Исроилдан Фаластин маъмурияти ишига тўсқинлик қиладиган, уни заифлаштирадиган ёки қулашига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай чора-тадбирларни тўхтатишни талаб қилди. Уларнинг таъкидлашича, Фаластиннинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш «фаластинликлар, исроилликлар ва бутун минтақа учун тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка сармоядир».
Хабарда коалицияга аъзо давлатларнинг Фаластинга молиявий ёрдам миқдори ҳақида маълумот берилмаган.
Башар Асадни ҳибсга олиш учун ордер
Дамашқ суди ўтган йилнинг декабрида ҳокимиятдан ағдарилган Сурия президенти Башар Асадни ҳибсга олишга ордер берди. Айбловлар 2011 йилда Даръа вилоятида ҳукуматга қарши норозилик намойишларини бостириш билан боғлиқ. Айнан шу намойишлар бошқа давлатлар, жумладан, Россия иштирокидаги кенг кўламли урушга айланган қонли можарони бошлаб берганди.
Суриянинг Сана ахборот агентлиги маълум қилишича, Даръада шафқатсизлик билан бостирилган норозилик намойишлари вақтида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Асад қасддан одам ўлдириш, қийноқлар, ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда айбланмоқда.
2011 йилда бошланган Суриядаги фуқаролар уруши давомида ҳукумат юз минглаб одамларни қийноқлар одатий ҳол бўлган лагерларда ушлаб турган. «Седная» қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар уюшмаси маълумотларига кўра, 2011 йилдан 2018 йилгача ушбу қамоқхонада қийноқлар, тиббий ёрдам йўқлиги ёки очлик оқибатида 30 мингдан ортиқ маҳбус қатл этилган ёки вафот этган.
Сурия Олий суди таъкидлашича, Сурия суди томонидан берилган ҳибсга олиш ордери Башар Асадни Интерпол орқали халқаро қидирувга бериш имконини беради.
2025 йил январ ойида Франция суди ҳам Сурия собиқ президентини инсониятга қарши жиноятлар айблови билан ҳибсга олиш учун ордер берганди.
Сурияни қарийб чорак аср бошқарган Башар Асад ўтган йилнинг декабрида ҳокимиятдан ағдарилиб, Россияга қочиб кетганди. Унинг оиласи ҳам Москвадан бошпана топган.
Мавзуга оид
16:00 / 18.06.2026
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026