Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Сулҳми ёки Ҳамасга ултиматум?

29 сентябрда АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни қабул қилиб, Яқин Шарқда тинчлик «жуда яқин» эканини билдирди. У Исроилнинг Ғазодаги урушини тугатишга қаратилган 20 бандлик режасини тақдим этди. Ҳужжатни махсус элчи Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ишлаб чиққан.

Режага кўра, Ғазо «террор»дан холи ҳудудга айлантирилади, қайта ривожлантирилади ва вақтинча бетараф технократлар қўмитаси томонидан бошқарилади. Қўмитани Трампнинг ўзи назорат қилади. Урушга нуқта қўйиш учун Исроил келишилган чизиққа чекинади, ҳарбий ҳаракатлар тўхтайди. 72 соат ичида барча гаровдагилар қайтарилади, шундан сўнг Исроил 250 умрбод маҳбус ва 1700 ғазоликни озод қилади. Қурол топширган Ҳамас аъзоларига амнистия берилиши, истаганлари хорижга чиқиши мумкинлиги қайд этилган.

Ҳуманитар ёрдам БМТ ва Қизил ярим ой орқали киритилади, қурилиш ишлари махсус иқтисодий зона орқали амалга оширилади. Барча ҳарбий инфратузилмалар йўқ қилинади, Ғазо демилитаризацияси халқаро кузатувчилар назоратида кечади. Шунингдек, АҚШ ва араб давлатлари иштирокида Халқаро барқарорлаштириш кучлари тузилади. Бу тинчликпарвар кучлар Ғазога киритилиб, танлаб олинган Фаластин полициясини ўқитади. Исроил эса Ғазони аннексия қилмаслигига ва босқичма-босқич чекинишига ваъда беради.

Матбуот анжуманида Трамп режани «цивилизация тарихидаги буюк кун» деб атади, араб ва мусулмон давлатлари қўллаб-қувватлаганини айтди. Аммо Ҳамас ҳали расмий жавоб бермади, қуролсизланиш талабини рад этиб келмоқда. Нетаняҳу Исроил хавфсизлик чораларини сақлаб қолишини таъкидлади. Кўпчилик таҳлилчилар режани Ҳамас учун «тўлиқ таслим бўлиш» деб баҳолади. Фаластин маъмурияти эса ташаббусни олқишлаб, тўлиқ битим учун музокарага тайёрлигини билдирди.

Трампнинг айтишича, агар Ҳамас бу режага рози бўлмаса, Биби АҚШ томонидан тўлиқ қўлловни олади ва кучлироқ ҳарбий ҳаракатларга «яшил чироқ» ёқилади.

Эрон санкцияларга «қатъий» жавоб бермоқчи

Расмий Теҳрон БМТнинг Эрон ва унинг ядровий дастурига қарши санкциялари қайта тикланишига «қатъий жавоб беришга» тайёрлигини маълум қилди. «Эрон Ислом Республикаси ўз ҳуқуқлари ва миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилади, ўз халқи манфаатлари ва ҳуқуқларига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга қатъий ва адекват жавоб беради», — дея маълум қилди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 28 сентябр, якшанба куни.