Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўқни бор, борни йўқ қилувчи инспекторлар - юзлаб автомобиллар қандай ғойиб бўлганди?
1983 йил. АҚШда Озодлик ҳайкали одамлар кўз ўнгида йўқолиб қолди ва қайта пайдо бўлди. Бу дунёга машҳур иллюзионист Дэвид Копперфилд томошаси эди. 2024 йил Ўзбекистонда юзлаб автомобил ғойиб бўлди ва қайта топилмади. Аммо бу қандайдир томоша эмас, “афсунгар” ролини қойилмақом ижро этган ИИБ ходимларининг иши эди. Ҳатто Голливуд филмларига сценарий бўла оладиган даражада мукаммал тузилган жиноий схема барибир фош бўлди ва 5 нафар ходим қамалди.
Kun.uz аввалроқ машина олди-сотдиси билан шуғулланиш ниқоби остида одамларни чув туширган уюшган гуруҳ ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Наманган вилоятидаги яширин устахоналарда кузов ва двигател рақамлари ўзгартирилган ҳолда 1 йилда 300 га яқин машина гумдон қилингани ҳақида гап боради. Гуруҳ аъзолари давлат идоралари ходимларининг кўмагисиз бундай катта жиноятни амалга оширишлари қийин эди. Ушбу гуруҳга кўмаклашган, яъни уюшган гуруҳ аъзоси бўлган ИИБ ходимларининг кимлиги маълум бўлди.
Уюшган гуруҳ
2023-2024 йиллар давомида Ўзбекистонда юзлаб автомобиллар ғойиб бўлган. Уларнинг кўпи божхона чегара постлари орқали қўшни давлатларга олиб чиқилиб, сотиб юборилган. Айни шу фаолият – Ўзбекистонда бўлиб тўлаш шарти билан автомобил харид қилиб, сўнгра уни қўшни давлатларга олиб ўтиб пуллаш билан ўнлаб уюшган ва жиноий гуруҳлар шуғулланган. Kun.uz буларнинг бир нечтаси ҳақида суриштирувлар эълон қилганди.
Бироқ уюшган гуруҳлардан бирининг иши ҳаммасидан ошиб тушди. Ушбу гуруҳда жиноий схемани амалга оширишда муҳим бўлган шахслар тўпланганди. Жумладан, Наманган вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари. Улар – Бобуржон Эргашев, Маъшарип Обидхўжаев, Неъмат Мансуров, Эркин Мусулманов ва Равшан Эсанов. Уларнинг вазифаси уюшган гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан етказиб берилган автомобилларни ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш бўлган.
Гуруҳга 1991 йилда Наманган вилоятида туғилган Акмалхон Ҳошимов раҳбарлик қилган. Шунингдек, уюшган гуруҳ таркибида Ҳабибулло Матисаев, Аброр Зайнутдинов, Умид Мамадалиев, Шуҳрат Далимов, Муродилло Баятов, Зухруддин Чалов, Севара Аҳмаджонова каби шахслар бўлган. Жиноят ишининг уларга оид қисми алоҳида иш юритувига олинган ва суд ҳукми ўқилган.
Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзига ажратилган вазифани бажарган. Гуруҳдаги асосий вазифа – ноқонуний ҳаракатга қонуний тус бериш ишини Навоий шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Ихтисослашган аукцион авто-мулк маркази” МЧЖ раҳбари Муродилло Баятов ҳамда Наманган вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари амалга оширган.
Жиноий схема
Автомобиллар қандай усулда йўқ қилинган? Келинг, буни бир Lacetti мисолида кўриб чиқамиз.
Муқаддам жиноий йўл билан эгалланиб, уюшган гуруҳ аъзолари тасарруфида бўлган Lacetti терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган устахонага олиб борилган. У ерда машинанинг қатъий ҳисобдаги двигател ва кузов рақамлари ўзгартирилган. Бу икки хил усулда амалга оширилган. Яъни, рақам ёзилган юзалар чарҳланган ва махсус мосламада қайта ёзилган ёки кесиб олиниб, пайвандлаш йўли билан ёпиштирилган. Lacetti’нинг кузов ва двигател рақамлари келиб чиқиш манбаси аниқ бўлмаган XWB5V31BVPA928209 ва B15R92726PRST6582 рақамларига ўзгартирилган.
Эндиликда машинани қонуний йўллар орқали сотиш ва содир этилган жиноий ҳаракатларни яшириш керак эди. Бунинг учун автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш керак. Бунинг учун фуқаро Акмал Маткаримовнинг алдов йўли билан олинган паспорт маълумотлари “Ихтисослашган аукцион авто-мулк маркази” МЧЖ раҳбари Муродилло Баятовга тақдим қилинган. У гўёки Акмал Маткаримовга тегишли, 2023 йилда ишлаб чиқарилган, двигател рақами B15R92726PRST6582, кузов рақами XWB5V31BVPA928209 бўлган қора рангли Lacetti 174 млн 880 минг сўмга баҳоланиб аукционга чиқарилгани ҳамда савдоларда Шокир Саматов ғолиб бўлгани ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб берган. Муродилло Баятов QI449-853299 рақамли ғолиблик баённомаси ва унга асос бўлган олди-сотди шартномасини тайёрлаб, ушбу ҳужжатлардаги сотувчи ва сотиб олувчи иштирокчиларнинг имзоларини сохталаштирган ҳамда уларни ўзининг имзоси, юмалоқ муҳри ва QR-код билан тасдиқлаган.
Сўнгра ушбу ҳужжатлар Шокир Саматовнинг имзоси қалбакилаштирилган аризаси билан Наманган вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш гуруҳи катта инспектори Бобур Эргашевга тақдим қилинган. У эса фуқаро Шокир Саматовнинг иштирокисиз, транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтказилишини таъминламаган ҳолда расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, янги қайд этиш гувоҳномаси ва 50 B 437 CB давлат рақам белгисини берган. Яъни, автомобилни ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказган.
Шундан сўнг Lacetti Тошкент шаҳридаги Сергели машина бозорига олиб борилган. У ерда уюшган гуруҳ аъзолари фуқаро Исмадиёр Замоновни алдаб, 300 доллар эвазига номига иккиламчи автокредит расмийлаштиришга кўндиришган. “Кредит тўловларини сенинг номингдан ўзимиз тўлаб борамиз, 6 ой ичида тўлиқ тўлаймиз”, дея ишонтиришган.
Аслида Исмадиёр Замонов ҳеч қандай иш фаолияти ва ойлик даромадига эга бўлмаган. Бироқ унинг ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсга оид маълумотларини модификация қилиб, ўзини-ўзи банд қилувчи шахс сифатида ёлғон маълумотлар киритишган. Шу тариқа, Исмадиёр Замонов номида “Капитал банк”нинг Сергели филиалидан 182 млн 560 минг сўм миқдорда иккиламчи автокредит расмийлаштиришган. Сўнгра Lacetti Тошкент вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимидан рўйхатдан ўтказилиб, 10 L 139 GB давлат рақам белгиси ва қайд этиш гувоҳномаси олинган ҳамда нотариал тартибда банк томонидан гаровга қўйиб юборилган.
Шундан кейин уюшган гуруҳ аъзолари ушбу автомобил ва унга асос бўлган ҳужжатларни такси хизмати олиб бориш баҳонасида Исмадиёр Замоновдан олиб қўйишган. Яъни, фуқаро бўйнида 182 млн сўм кредит билан машинасиз қолиб кетаверган. Ушбу Lacetti тезкор-қидирув тадбирлари давомида топилмаган. Чунки, уюшган гуруҳ машинани ўзга шахсларга алдаб сотиб юборган. Шу тариқа, гуруҳ аъзолари ҳам энидан, ҳам бўйидан дегандай, кредит пули ва машина сотувидан тушган пулни ўзаро улуш сифатида тақсимлаб олишган.
Lacetti қаердан келиб қолганди?
Юқорида Lacetti машинаси муқаддам жиноий йўл билан эгалланиб, уюшган гуруҳ аъзолари тасарруфида бўлгани ҳақида айтдик. Бу айнан суд ҳукмида шундай қайд этилган. Хўш, автомобил қаердан ва қандай тартибда уюшган гуруҳ қўлига келиб қолганди? Бу ҳақда суд ҳужжатларида аниқ гап келтирилмаган.
Аммо Lacetti кимдандир бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ва пули тўланмаган бўлиши мумкин. Чунки, уюшгун гуруҳ аъзолари машинасини сотмоқчи бўлган фуқароларни ҳам чув туширишган.
Жумладан, уюшган гуруҳга раҳбарлик қилгани айтилган Акмалхон Ҳошимов 2023 йил 8 апрел куни Тошкент тумани ҳудудида фуқаро Акбар Абдухабиров билан учрашиб, унинг Laсetti машинасини бўлиб тўлаш шарти билан 11 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишган. Акмалхон Ҳошимов машина эгасига бошланғич тўлов сифатида 2 минг доллар берган. Қолган пулни 2 ой давомида тўлаб беришни ваъда қилган. Сўнгра ўзаро ижара шартномаси тузган ҳолда оғзаки келишиб, машинани қабул қилиб олган. Акбар Абдухабиров харидорга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тақдим этувчи ишончнома расмийлаштириб берган.
Бироқ Акмалхон Ҳошимов берган ваъдасини бажармаган. У қолган пулни тўламасдан Laсetti’ни водий вилоятларида машина олди-сотдиси билан шуғулланувчилар орқали бошқа шахсларга сотиб юборган. Ушбу машина ҳам тезкор-қидирув тадбирлари давомида топилмаган.
Бу икки Laсetti айнан бир машина дейишдан йироқмиз. Бироқ кузов ва двигател рақамлари ўзгартирилиб, ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказилган машиналар шу шаклда уюшгун гуруҳ қўлига келиб қолган бўлиши мумкин.
Шокир Саматов ким?
Lacetti гўёки аукцион савдоларида Шокир Саматов томонидан ютиб олингани ҳақида сохта ғолиблик баённомаси тайёрланганини айтдик. Ушбу шахс ким?
Суд ҳукмида келтирилишича, Шокир Саматов машина олди-сотдиси билан шуғулланувчи Абдулахат Қаҳҳоровнинг таниши бўлган. Қаҳҳоров Шокир Саматовга ўз номида машина кўпайиб кетганини, унинг номига машина олиб туришни илтимос қилган.
“Ҳар бир машина учун 100 доллар беришини айтди. Эҳтиёжим учун пул зарур бўлгани сабабли паспорт нусхамни бердим. Шундан сўнг Абдулахат номимга 2 та машина олди. Биттасига сотиш ҳуқуқи билан ишончнома қилиб берди. Яна биттасини Тошкент шаҳрида ўтказиб берди. Машиналарни олишда аукцион савдоларида иштирок этмаганман, улар қанчага ва қандай тартибда сотиб олинганидан, неча сўмга сотилганидан хабарим бўлмаган.
Ушбу машиналар бўйича бирор-бир манфаатдор бўлмаганман, Абдулахат ваъда қилган 100 долларни ҳам бермаган”, деган у судда.
Шунингдек, Шокир Саматов номига рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситаларига давлат рақам белгиларини ким олганини ҳам билмаслигини айтган.
Қолган машиналар ҳам шу тартибда бегона шахслар номига расмийлаштирилган.
Кимда қанча машина?
Уюшган гуруҳ кўплаб машиналарни ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказиб юборган. Бунда Наманган вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари Бобуржон Эргашев, Маъшарип Обидхўжаев, Неъмат Мансуров, Эркин Мусулманов ва Равшан Эсановнинг роли бор. Шу сабабли, улар жиноий жазога тортилган.
Суд ҳукмида келтирилишича, Бобуржон Эргашев 37 та, Маъшарип Обидхўжаев 17 та, Неъмат Мансуров 15 та, Эркин Мусулманов 4 та, Равшан Эсанов 3 та автомобилни юқорида келтирилган жиноий схемаси асосида ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказган. Улар орасида қимматбаҳо машиналар ҳам бор.
“Менинг айбим йўқ”
Судда инспекторларнинг ҳеч бири ўз айбига иқрорлик билдирмаган.
Масалан, Бобур Эргашев машиналарни давлат рўйхатидан ўтказишда QR кодни сканер қилганида автомобилга алоқадор барча маълумотлар чиқиб келгани сабабли шубҳа қилмаганини айтган.
“Транспорт воситаларини рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 683-сонли қарорига асосан амалга оширилади. Аукционда ютиб олинган бўлса, аукцион баённомаси тақдим қилинади. Унда QR код бўлади. Базага нотариус, аукцион уланган: QR кодни сканер қилиб, аукцион баённомаси билан солиштираман, двигател рақамларини солиштириб кўраман. QR код сканер қилинганида двигател рақамлари ва бошқа жиҳатлари тўғри келгани учун рўйхатга олганман.
Электрон онлайн аукцион савдолари натижаси тўғрисидаги баённомалар турли-хил бўлади. Баъзиларида фақатгина ғолиб ҳақида маълумот кўрсатилади. Шу сабабли тақдим қилинган баённомалар сохталиги бўйича ҳеч қандай шубҳа бўлмаган. 37 та машинанинг барчасини шахсан ўзим кўрганман, техник кўрикдан ўтказиб, ҳужжатларни имзолаганман. Уларни рўйхатдан ўтказиб бериш бўйича ҳеч ким билан ноўрин муносабатга киришмаганман, моддий манфаатдор бўлмаганман”, деган у ўз кўрсатмасида.
Қолган инспекторлар ҳам судда шунга ўхшаш кўрсатма берган.
Жазо
Суднинг ҳукми билан инспекторларнинг барчаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а, в” бандлари, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а, б” бандлари ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Бобуржон Эргашевга 8 йил 5 ой, Маъшарип Обидхўжаевга 8 йил 4 ой, Неъмат Мансуровга 8 йил 3 ой, Эркин Мусулмановга 6 йил 2 ой ҳамда Равшан Эсановга БҲМнинг 150 баравари миқдорида жарима ва 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, уларнинг барчаси 3 йил муддатга ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Бундан ташқари, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида Бобуржон Эргашевдан 4 млрд 163 млн сўм, Маъшарип Обидхўжаевдан 2 млрд 858 млн сўм, Неъмат Мансуровдан 1 млрд 544 млн сўм, Эркин Мусулмановдан 738 млн сўм ва Равшан Эсановдан 537 млн сўм ундириш белгиланган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
08:22
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
13:47 / 04.12.2025
Россияда янги машиналар сотуви бир йилда 17,8 фоизга тушиб кетди
17:00 / 03.12.2025
Leapmotor, GAC Aion ва АITO энди расман Ўзбекистонда, фақат Evolution Motorsʼда!
22:21 / 02.12.2025