Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёрдам флотилиясини тўхтатаётган Исроил, ўлим жазосини тикламоқчи бўлган Жапаров ва АҚШда “shutdown” – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил флотилия кемаларини қўлга олмоқда
Исроил кучлари Ғазога йўл олган Global Sumud флотилиясининг ичида 200 киши бўлган 13 та кемасини тўхтатди. Яна 30 та кема урушдан вайрон бўлган Ғазо томон сузишда давом этмоқда.
Тармоқда эълон қилинган бир нечта видеоларда турли кемаларда бўлган одамлар ўз паспортларини кўрсатиб, уларни мажбуран Исроилга олиб кетишганини айтиб, ўз миссиялари зўравонликсиз, ҳуманитар мақсад эканини айтган.
Ташкилотчилар чоршанба кунги рейдни «уруш жинояти» деб атади. Уларнинг айтишича, ҳарбийлар агрессив усуллар, жумладан, сув пуркагичлардан фойдаланган, аммо ҳеч ким жароҳатланмаган. «Бир нечта кемалар халқаро сув ҳудудида Исроил оккупацион кучлари томонидан ноқонуний равишда тўхтатилиб, босиб олинди», дейилади ташкилотчилар баёнотида.
Кемалар анклавдан тахминан 70 денгиз мили узоқликда тўхтатилди, бу ҳудудни Исроил кемаларнинг яқинлашишига йўл қўймаслик учун назорат қилмоқда. Ташкилотчилар алоқа сигналлари ўчирилганини, жумладан, баъзи кемалардаги жонли видео узатиш ҳам тўсиб қўйилганини билдиришди.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган видеода флотилиянинг энг машҳур йўловчиси, швед иқлим фаоли Грета Тунберг аскарлар ўраб олган кема палубасида кўринади. «ХАМАС-Сумуд флотилиясининг бир нечта кемалари хавфсиз тарзда тўхтатилди ва йўловчилари Исроил портига олиб кетилмоқда. Грета ва унинг дўстлари хавфсиз ва соғлом», дейилади Исроил баёнотида.
Тиббиёт воситалари ва озиқ-овқат олиб кетаётган Global Sumud Флотилиясида 40 дан ортиқ фуқаровий кема бўлиб, уларда қарийб 500 дан ортиқ ҳуқуқ фаоллари, турли давлатлар парламентлари аъзолари, журналист ва ҳуқуқшунослар бор.
Флотилия Исроилнинг Ғазо блокадасига қарши энг юқори даражадаги рамз сифатида қаралмоқда. Унинг Ўрта ер денгизи бўйлаб йўли халқаро эътиборни тортди: Туркия, Испания ва Италия ўз фуқаролари ёрдамга муҳтож бўлиб қолса, ҳимоя тақдим қилди. Лекин Исроил чегарасига яқинлашгач, бу давлатлар ҳарбийлари ортга чекинди.
Ташкилотчилар флотилия «ҳар қандай тўсиқларга қарамай давом этади» дея қатъият билдирди.
Путин ҳам хорижий активларни миллийлаштирмоқчи
Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги хорижий компанияларнинг активларини оммавий миллийлаштириш ва тезкор сотишга рухсат берувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда ҳукуматга яқин манбага таяниб Bloomberg нашри хабар берди. Ҳужжат жадаллаштирилган хусусийлаштириш тартибини жорий қилади ва Европа Иттифоқи Россиянинг хориждаги активларини мусодара қилишга қарор қилган тақдирда қўлланиши мумкин.
Агентлик манбасига кўра, фармон ҳам Россия, ҳам хорижий активларни тезкор сотиш имкониятини кўзда тутади. Россияда фаолият юритаётган компаниялар сирасига UniCredit, Raiffeisen Bank International, PepsiCo ва Mondelez International киради.
Шу кунларда Европа Иттифоқи етакчилари музлатилган Россия захиралари кафолати остида Украинага 140 миллиард евро миқдорида кредит бериш режасини келишиб олди. Бу қарор АҚШ Киевга тўғридан тўғри молиявий ёрдам беришни тўхтатиб, Европани асосий донор сифатида қолдирганидан кейин Россия Марказий банки активларидан фойдаланиш масаласини қайта очди.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Европа Иттифоқи режасини «Россия мулкини ноқонуний тортиб олиш, ўғирлик» деб атади. Путин аввалроқ Ғарбнинг бундай қадамлари «глобал молиявий тартибни бузиши» ҳақида огоҳлантирган эди.
Исроил Ғазо шаҳри қуршаб олинганини айтди
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац қўшинлар Ғазо шаҳрини деярли тўлиқ қуршаб олганини маълум қилди. Тинч аҳолига шаҳарни тарк этиб, сектордан жанубга чиқиб кетиш учун охирги имконият берилмоқда. Исроил ҳарбийларининг сўзларига кўра, буни амалга оширишга имкон бераётган сўнгги йўл — Рошид қирғоқ йўли — кун охиригача ёпилади.
Кацнинг айтишича, Рошид йўли ёпилгач, Ғазо шаҳри атрофидаги ҳалқа деярли бутунлай ёпилади ва шаҳарни тарк этмоқчи бўлганларнинг барчаси Исроил армияси назорат пунктлари орқали ўтишга мажбур бўлади.
«Бу Ғазо аҳолиси учун жанубга тўсқинликсиз чиқиб кетиб, Ҳамасни изоляцияда қолдиришнинг охирги имкониятидир», - деди Исроил мудофаа вазири. Унинг огоҳлантиришича, шаҳарда қолганлар ҳарбийлар томонидан «террорчилар ва террорга ёрдам берувчилар» сифатида қаралади.
Бу баёнот АҚШ, Исроил ва халқаро воситачилар Ҳамаснинг АҚШ томонидан таклиф қилинган, Исроил эса ўтган душанба куни маъқуллаган урушни тўхтатиш режасига жавобини кутаётган бир пайтда янгради.
Чоршанба куни Ҳамас раҳбариятига яқин фаластинлик манбалар AFP агентлигига айтишича, Трамп режасига нисбатан гуруҳ ичида бўлиниш юзага келган.
Бир томон бу режани қабул қилиш керак, деб ҳисобламоқда, чунки Трампнинг шахсан ўзи ҳам, бир қатор араб воситачилари ҳам келишув ижросига кафолат бермоқда. Бошқалар эса бу режани келажакда ҳар қандай Фаластин қаршилигини деярли имконсиз қилиб қўядиган хавф сифатида кўрмоқда. Ҳамаснинг якуний жавоби «икки-уч кун ичида» эълон қилиниши кутилмоқда.
Манбага кўра, Ҳамас музокарачилари “қуролсизлантирилиши ва Ғазодан чиқарилиши ҳақидаги бандларга ўзгартиришлар киритишни истамоқда».
Қирғизистон ўлим жазосини қайтармоқчи
Қирғизистон президенти Садир Жапаров педофиллар, шунингдек, аёлларни зўрлаб, кейин ўлдирганлик учун ўлим жазосини жорий этишни буюрди.
«Президент администрацияси Ҳуқуқий таъминот бошқармаси бошлиғи Мурат Укушевга қонунчиликка болалар, қизлар ва аёлларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар тайёрлашни топширди. Хусусан, гап болаларни зўрлаш, шунингдек, аёлларни зўрлаб, кейин ўлдириш учун ўлим жазоси тўғрисидаги нормани жорий этиш ҳақида кетмоқда», деди Алагозов.
Унинг сўзларига кўра, Жапаров сентябр ойи охирида зўрланган ва бўғиб ўлдирилган 17 ёшли қоракўллик қиз ҳодисасига шундай муносабат билдирган. Жиноятда гумонланувчи Бишкекда қўлга олинди, у 1984 йилда туғилган, муқаддам судланган эркак бўлиб чиқди.
Қирғизистонда ўлим жазоси 1998 йилда, бундай ҳукмларни ижро этишга мораторий эълон қилингандан сўнг тўхтатилди, аммо судлар узоқ вақт давомида ўлим жазосини қўллашни давом эттирди. Ўлим жазоси 2007 йилда тўлиқ бекор қилинди ва умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилди.
Ўлим жазосини қайтариш учун мамлакатнинг Конституциясига ўзгартиришлар киритиш ва референдум ўтказиш талаб этилади.
АҚШ Қатарга хавфсизлик кафолатларини тақдим этди
АҚШ президенти Доналд Трамп Қатарга ҳар қандай қуролли ҳужум Қўшма Штатлар тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатда айтилишича, Вашингтон Қатарнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун «барча зарур чораларни» - дипломатик, иқтисодий ва керак бўлса ҳарбий чораларни кўради.
Фармон Исроилнинг Доҳадаги нишонларга берган зарбасидан кўп ўтмай эълон қилинди. 9 сентябр куни амалга оширилган ракета зарбаси оқибатида бир неча киши, жумладан, Қатар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлди. Ҳодиса Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифига тўғри келди.
Исроил зарбадан афсусдалигини билдирди: У Трамп воситачилигида Қатар расмийлари билан алоқа ўрнатиб, расман узр сўради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай кафолатлар илгари ҳеч бир араб давлатига берилмаган, шунинг учун бу қадам ноёбдир.
АҚШда «shutdown»
1 октябр куни АҚШда бошланган «shutdown»дан президент Доналд Трамп ҳукуматнинг федерал ишчи кучини қайта шакллантириш ва мухолифларини жазолаш учун имконият сифатида фойдаланмоқда. APʼнинг ёзишича, у оммавий ишдан бўшатиш билан таҳдид қилмоқда ва Демократлар учун муҳим бўлган дастурларда «қайтарилмас» қисқартиришларни таклиф қилмоқда.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт сўзларига кўра, одатдагидек ходимларни вақтинча таътилга чиқариш ўрнига, ишдан бўшатишлар «яқин орада» бошланади. Менежмент ва бюджет бошқармаси Ню Йоркдаги метро ва Гудзон туннел лойиҳалари учун ажратилган 18 миллиард долларлик инфратузилма маблағларини музлатиб қўйди. Бу штат АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасидаги энг юқори мартабали демократ раҳбарларнинг ватани ҳисобланади.
Трамп ўзининг бюджет директори фаолиятидан мамнунлигини яширмади. «У бюджетни сиз бошқа ҳеч қандай йўл билан қила олмайдиган даражада қисқартира олади», - деди президент ҳафта бошида Бюджет бошқармаси директори Расс Воут ҳақида.
Пайшанба «shutdown»нинг иккинчи куни бўлса-да, аллақачон кескинлик ошиб кетди. Осон ечим йўқлиги сабаб қарама-қаршилик октябр ойига чўзилиши мумкин. Бу эса ишда қолаётган федерал ходимларнинг маошсиз қолишига олиб келади.
Shutdown — АҚШ сиёсатида ҳукуматнинг вақтинчалик фаолиятини тўхтатишини билдиради. Асосий маъноси АҚШда ҳукуматнинг барча харажатларини молиялаштириш учун Конгресс бюджет ёки вақтинчалик молиялаштириш қонунини қабул қилиши керак. Агар Конгресс ва президент ўз вақтида келишувга эриша олмаса, давлат идоралари маблағсиз қолади.
Мавзуга оид
15:07
Макроннинг Хитойдан илтимоси, Путиннинг Модига таклифи ва Трампнинг шоусига айланган FIFA тадбири – кун дайжести
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025