Жаҳон | 20:43 / 03.10.2025
8471
4 дақиқада ўқилади

Албания бош вазири Трампни мазах қилиб, Макрон ва Алиевни кулдирди

Албания бош вазири Трампнинг Озарбойжон билан уруш ҳақидаги гапига ҳазил қилди. Макрон билан Алиев ўзини кулгидан тия олмади.

Фото: AFP via Getty Images

Албания бош вазири Эди Рама ҳазиллашиб, ўз мамлакати ва Озарбойжон ўртасида «Трамп шафелигида тинчлик сулҳи тузилгани» билан табрикламагани учун Франция президенти Эммануэл Макронни койиди. Бу орқали у Трамп яқинда Арманистонни Албания билан чалкаштириб юборганига ишора қилган.

Бу вақтда уларнинг даврасида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам бор эди.

Бу воқеа Копенҳагендаги Европа сиёсий ҳамжамияти саммити вақтида рўй берган, ҳолат видеоси X ижтимоий тармоғида бир қанча аккаунтларда, жумладан, Euronews Albania нашри саҳифасида ҳам жойлаштирилган.

«Сиз биз иккимиздан узр сўрашингиз керак», – дея Макронга мурожаат қилган албанлар бош вазири Алиевни қўли билан кўрсатиб.

«Чунки сиз бизни президент Трамп Албания ва Озарбойжон ўртасида тузган тинчлик келишуви билан табрикламадингиз», – деган Рама Макронга юзланиб.

Шу тариқа, сиёсатчилар Озарбойжон ва Албания ўртасида аслида ҳеч қачон бўлмаган «зиддият» ҳақида ҳазил қилишди. Гап шундаки, сентябр ойида Трамп брифинг чоғида Арманистон-Озарбойжон низоси ҳақида гапирмоқчи бўлиб адашиб кетган ва Албания ва Озарбойжон ўртасида келишувга эришгани ҳақида айтганди.

«Узримни қабул қилинг», – дея Албания бош вазирининг ҳазилига қўшимча қилди Макрон.

«У чиндан ҳам бу борада кўп иш қилди», – дея ҳазиллашишда давом этди Эди Рама.

Бу вақтда уларнинг олдида бўлган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам уларга қўшилиб кулган.

Бу давлат раҳбарлари барчанинг кўз ўнгида Доналд Трампнинг сўзлари устидан кўпчилик бўлиб ҳазиллашиши бўйича илк ҳолат бўлмоқда.

Албания НАТО аъзоси ҳамда АҚШнинг Болқон минтақасидаги иттифоқчиси саналади.

Доналд Трамп мамлакатлар номини чалкаштириб юбориши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Масалан, у аввалроқ шу каби хатога йўл қўйиб, умуман бир-бирига алоқаси йўқ бўлган Камбоджа ва Арманистон ўртасидаги урушни тўхтатгани ҳақида ҳам гапирганди – ўшанда ҳам у аслида Арманистон-Озарбойжон можаросини назарда тутган.

Бу воқеадан кейин Камбоджа ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари БМТ Бош ассамблеяси доирасида учрашиб, биргаликда тушган суратини эълон қилишганди.

БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Камбоджа ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви. Бу суратни Камбоджа ТИВ эълон қилган.

Жорий йил августида Доналд Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддати бошидан буён еттита урушни тўхтатгани ҳақида гапириб мақтанганди.

Трамп маъмурияти уни урушларга барҳам бераётгани туфайли Тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирлаш зарурлигини айтмоқда.

У назарда тутган урушларда ҳарбий ҳаракатлар бир неча кун давом этган бўлса-да, улар кўп йиллик кескинликнинг натижаси эди ва баъзи тинчлик шартномалари ҳақиқатан ҳам амалда ишлайдими ёки йўқми, буниси номаълум.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид