Жаҳон | 17:45 / 04.10.2025
4068
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг «бомбардимонни тўхтатиш» талабидан сўнг Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода 7 киши ҳалок бўлди

Ҳамас сулҳга рози бўлиши ортидан АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилдан бомбардимонларни тўхтатишни талаб қилганди. Ғазо фуқаролик мудофааси агентлиги маълум қилишича, ушбу чақириқларга қарамай, Исроил армияси сектор ҳудудларига ўнлаб ҳаво зарбалари ҳамда артиллерия ҳужумларини амалга оширди.

Фото: Reuters

3 октябр куни Ҳамас келишувга рози бўлганини билдирди. Шундан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилдан бомбардимонларни тўхтатишни талаб қилди. Ғазо фуқаролик мудофааси агентлиги маълум қилишича, ушбу чақириқларга қарамай, Исроил Ғазо шаҳрига зарбалар беришда давом этган.

«Бугун тонгдан буён сектор бўйлаб етти киши ҳалок бўлган. Бу жуда зўравон тун бўлди. [Исроил армияси] президент Трампнинг бомбардимонни тўхтатиш ҳақидаги чақириғига қарамай, Ғазо шаҳри ва бошқа ҳудудларга ўнлаб ҳаво зарбалари ҳамда артиллерия ҳужумларини амалга оширди», - деди фуқаролик мудофааси вакили Маҳмуд Басал AFP агентлигига. Басалнинг сўзларига кўра, тун давомида бомбардимон натижасида 20 та уй вайрон бўлган.

«Тун бўйи бомбардимон жуда кучли бўлди. Трамп ўт очишни тўхтатиш эълон қилганида хурсанд бўлдим, лекин ҳарбий самолётлар тўхтамади», деган Зайтун маҳалласида яшовчи Жамила ал-Саййид нашрга.

Al-Jazeera'нинг ёзишича, Ғазонинг Туффаҳ туманидаги бир уйга берилган зарбадан сўнг тўрт киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланган.

Хон Юнусдаги Нассер касалхонаси ўз манбаларига таяниб Исроил армияси жанубий Ғазонинг ал-Маваси ҳудудидаги чодирга дрон зарбаси берганини ёзди. Натижада икки бола ҳалок бўлгани ва бир нечта одам яраланган. Аслида Ал-Маваси Исроил томонидан «ҳуманитар зона» деб эълон қилинган ҳудуд ҳисобланади.

Бу ўлим ҳолатлари – Доналд Трамп Исроилга «бомбардимонни дарҳол тўхтатиш»ни буюрганидан кейин Ғазода қайд этилган илк қурбонлардир.

Бундан ташқари, Трампнинг талабига қарамай Исроил армияси фаластинликларга Ғазо шаҳрига қайтмасликни буюриб, уни «хавфли жанговар зона» деб атади.

«Ғазо шимолидаги ҳудуд ҳали ҳам хавфли жанговар зона ҳисобланади. Бу ерда қолиш ҳаётингиз учун катта хавф туғдиради. Шу боисдан Рашид кўчаси жанубга ҳаракатланиш учун очиқ қолмоқда. Шимолга қайтишдан ёки Исроил мудофаа кучлари фаолият юритаётган ҳар қандай жойга, ҳаттоки жанубда ҳам яқинлашишдан сақланинг»,дейилади Исроил армияси баёнотида.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилишича, ўтган бир сутка давомида Исроил ҳужумлари натижасида камида 66 киши ҳалок бўлди ва 265 киши яраланди. Турли манбалар икки бола очарчилик ва тўйиб овқатланмасликдан вафот этганини ёзмоқда.

2023 йил октябрдан бери сектор бўйлаб ҳалок бўлганлар сони 67 минг 74 нафарга, яраланганлар эса 169 минг 430 нафарга етган. Вазирлик маълумотига кўра, ҳақиқий ўлимлар сони бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки минглаб жасадлар бутун Ғазо бўйлаб вайрон бўлган бинолар остида қолган деб тахмин қилинмоқда. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид