Жамият | 21:21 / 07.10.2025
15144
5 дақиқада ўқилади

“Автобуслар худди таксидай юрибди” — Шота Руставелининг ўртасида автобус йўлаги очилди

Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчаси марказидаги йўлакда автобуслар ҳаракатлана бошлади. Биринчи босқичда 38, 57 ва 58-сонли автобус йўналишлари қатновига рухсат берилган. Хўш, жамоат транспортининг янги тизими йўловчиларда қандай таассурот қолдиряпти? Kun.uz мухбири шу ҳақда репортаж тайёрлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

7 октябр куни Тошкентнинг Шота Руставели кўчаси ўртасида автобуслар учун ажратилган 5 кмлик йўлак очилди. Ҳозирча 38, 57 ва 58-сонли автобуслар ҳаракатланяпти. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган йўловчиларга кўра, ушбу йўлак туфайли 20-25 дақиқалик йўл 10-15 дақиқага қисқарган, тирбандлик камайган.

“Биз бу йўлни 3 ой кутдик, жуда қулай. Бекатга ўтиши учун пешеход бор. Болалар ўзи ҳам ўта олади. Олдин бунақа даражада пешеход йўқ эди. Олдин машиналар билан аралашгани ҳисобига автобус ўртада қолиб кетарди, чиқа олмай қоларди, мактабга кеч қолардик”, - дейди йўловчилардан бири.

Бошқа бир суҳбатдош енгил машиналарнинг тўхтовсиз сигналлари энди йўқлигини айтди.

“Кўпинча метродан фойдаланардим. Шота Руставели кўчаси ёпиқлиги сабабли метро тирбанд эди. Мана бугун очилибди, машиналарда олдингидек, сигналлар йўқ. Энди бу йўлакни яна ҳам ривожлантириш учун қанақадир манзарали дарахтлар ўтқазиш керак деб ўйлайман.

Олдин ишхонагача тахминан 45-50 дақиқада борардим. Ҳозир шу йўлнинг ярмига етдик («Гранд Мир» меҳмонхонаси), ҳали 15 дақиқа ўтмади. Менимча, бекатлар ёзги иссиқ кунларга унчалик яхши ҳимояланмаган. Томи тунукадан иборат, қуёш нури ўтиб кетади. Бекатларга кондиционерлар ўрнатибми, янаям замонавий қилиш керак”, – дейди йўловчи.

58-сонли автобус ҳайдовчиси Фурқат Жўраев йўлак анча хавфсиз эканлигини билдирди.

“Енгил машиналар халақит қилмайди. Бехатар юрамиз-да. Қулайликлари зўр. Олдингидан 5-10 минут фарқ қилади. 40 дақиқада борадиган жойимизга ярим соатда боряпмиз. Аввал тирбандлик кўп бўларди. Бу зўр тизим”, - дейди у. 38-сонли автобус ҳайдовчиси Носир Мирзакамолов енгил автомобиллар йўлакка чиқиб олаётгани ноқулайлик туғдираётганини айтди.

“Вақтимиз қисқаришга қисқарди-ю, бизнинг вақтимиз Сергели, Бодомзор конечкаларида кўпроқ кетиб қоляпти. Тирбандликлар асосан ўша ерда бўляпти. Бу йўлак бўйича тирбандликлар йўқ. Қулай. Камчиликлари бор-у, яхши, чиройли қурилган. Енгил машиналар озгина йўналишини билмаяпти, бизнинг йўналишимизга кириб, халақит беряпти. Агар шу йўналиш охиригача олиб борилса, одамларнинг манзилига етиш вақти қисқаради, Индекс бозоригача узайтиришса, анча қулай бўлади”, - дейди Мирзакамолов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда йўл белгилари етишмаслиги туфайли енгил автомобиллар билан турли ноқулайликлар келиб чиқяпти. Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Оллоёр Норбўтаевнинг маълум қилишича, иккинчи босқичда ушбу йўлакда ҳаракатланиш учун 9 та автобус йўналишига рухсат берилади.

“Мазкур 5 километр автобуслар йўлагида жами 22 та автобус йўналиши ҳаракатланади. Ҳозирда биринчи босқичда учта автобус йўналишига, яъни мазкур кўчадан бошдан охиригача ҳаракатланувчи учта автобус йўналишига рухсат берилди. Ҳозир мана кўриб турибсиз, ўша бекатларда охирги ўрнатиш ишлари, тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Иккинчи босқичда 9 та автобус йўналиши ва 3-босқичда қолган автобус йўналишлари ҳам мазкур йўл бўлаги бўйлаб ҳаракатланади. 3 та автобус йўналиши бошидан охиригача ҳаракатланса, қолган автобусларимиз мазкур йўл участкасининг маълум бир қисмида ҳаракатланади. Энг кўпи шу йўлакнинг бир километридан 14 та автобус ҳаракатланади. Ўша 2 та бекат ўртасида, масалан, 81-автобус йўналишимиз ўша «Гранд Мир» меҳмонхонасидан мазкур кўчага ҳаракатланган ҳолда, Бобур кўчасида ўнгга бурилиб, Чорсу савдо марказига ҳаракатланади”, - дейди Норбўтаев.

Унинг қўшимча қилишича, автобус йўналишлари махсус жойлар ва светофорлар орқали умумий оқимга осон қўшилади. Норбўтаевга кўра, мазкур йўлак бўйлаб автобусларнинг ҳаракатланиш тезлиги ўртача 11-14 фоизга ошиши ҳамда ҳаракатланиш вақти 7 дақиқага қисқариши ҳисоблаб чиқилган.

Мавзуга оид