Жаҳон | 14:09 / 07.10.2025
2689
2 дақиқада ўқилади

Словакия Фицо даврида Украинага биринчи ёрдам пакетини тақдим этади

Словакия ва Украина мудофаа вазирлари Киевда келишув имзолади, унга кўра Братислава Киевга янги ёрдам пакетини тақдим этади. У турли «ўлимга олиб келмайдиган» жиҳозларни ўз ичига олади.

Фото: Telegram / Denys_Smyhal/11672

Роберт Фицо 2023 йил октябр ойида бош вазир лавозимига қайтганидан сўнг Словакия Украинага биринчи ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этди. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Денис Шмихал 6 октябр, душанба куни Telegramʼдаги каналида маълум қилди.

Унга кўра, Словакия бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири Роберт Калинак билан имзоланган келишувга кўра, Украина турли ноҳарбий жиҳозларни бепул олади. Хусусан, минадан тозалаш учун бешта Bozena автомобили, муҳандислик-қурилиш техникаси, тиббий эвакуация ускуналари етказиб берилади.

Шмихалнинг таъкидлашича, Словакия аллақачон Украина учун янги, ўн бешинчи қўллаб-қувватлаш пакети устида иш бошлаган. Унинг қўшимча қилишича, томонлар Украина ва Словакия компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилган. Шартнома имзоланишини изоҳлар экан, Калинак Киевда Шмихал билан «мудофаа соҳасида аллақачон кенг бўлган ҳамкорликни» кенгайтиришни муҳокама қилишни режалаштираётганини айтди.

2022 йил 24 февралда кенг кўламли уруш бошланганидан бошлаб, Фицо 2023 йил октябр ойида Словакия бош вазири лавозимига қайтгунига қадар мамлакат Украинага умумий қиймати 671 миллион евро бўлган 13 та ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этди.

2023 йил ноябр ойида Фицо томонидан тузилган ҳукумат 40 миллион еврога тенг бўлган режалаштирилган 14-пакетни бекор қилди. Бунга, масалан, "Куб" зенит-ракета тизимлари учун 140 та ракета, 5000 дан ортиқ артиллерия ўқ-дорилари ва тўрт миллион ўқ-дорилар кирган. Украинага ёрдамни тўхтатиш Фицонинг сайловолди ваъдаларидан бири эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид