Жаҳон | 13:31 / 07.10.2025
4282
9 дақиқада ўқилади

Хитойдан Трампга $1 триллионлик таклиф, Исроилни айблаган флотилия фаоллари ва 14 соатда истеъфога чиққан Франция ҳукумати – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроилда флотилия фаолларига «ноинсоний шароит»

6 октябр куни Исроил томонидан денгизда ноқонуний қўлга олинган Грета Тунберг ва юзлаб халқаро фаоллар депортация қилинди. Душанба куни Афинага етиб келган Тунбергни жамоатчилик олқишлар билан кутиб олди.

«Аниқ айтаман — бу ерда геноцид содир бўлмоқда. Халқаро тизимлар фаластинликларни сотмоқда, улар энг даҳшатли уруш жиноятларининг олдини ҳам ололмаяпти», деди 22 ёшли Тунберг.

Швед фаоллари эса Тунберг ҳибсда бўлган пайтда «унга Исроил байроғини кийдиришганини» айтди. Улар озиқ-овқат ва дори воситаларидан ҳам маҳрум этилганини, буюмлари олиб қўйилганини билдирди.

«Бизга нисбатан қанчалик ёмон муомала бўлганини узоқ гапириб бера оламан, ишонаверинг. Аммо бу ҳикоя биз ҳақимизда эмас. Бу — Исроил халқаро ҳуқуқни яна бузиб, инсоний ёрдамнинг Ғазога киришига тўсқинлик қилаётгани, шу билан бутун халқни йўқ қилишга уринаётгани ҳақида».

Унинг сўзларига кўра, флотилия мақсади — ҳукуматлар ўз ҳуқуқий мажбуриятларини бажара олмаётган бир пайтда ёрдам етказиш ва Ғазодаги аҳволга эътибор қаратиш эди.

Швейцария ва Испания фаоллари ҳам Исроилда ҳибсда бўлган пайтда «инсоний бўлмаган шароитларга» дуч келганликларини айтишди.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни «бутунлай ёлғон» деб рад этди.

«Барча ҳибсдагиларга сув, озиқ-овқат ва ҳожатхонадан фойдаланиш имконияти берилган. Улар адвокат билан боғланиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган», - деган Исроил ТИВ расмийси Reutersʼга.

Франциядаги энг қисқа ҳукумат истеъфога чиқди

Франция президенти Эммануэл Макрон икки йил ичида тайинлаган бешинчи бош вазири – Себастян Лекорну лавозимда 27 кун ишлади ва 6 октябр куни истеъфога чиқди. У якшанба куни тайинлаган ҳукумати эса атиги 14 соатда истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Кутилмаган ва жуда тез истеъфо – унинг тарафдорлари ва мухолифлари ҳукуматни қулатиш билан таҳдид қилганидан сўнг юз берди. Хусусан, Франциядаги ўнг радикал «National Rally» партияси президент Эммануэл Макронни дарҳол парламентни тарқатиб, муддатидан олдин сайлов ўтказишга чақирди. Чап радикал «Бўйсунмас Франция» партияси эса Макроннинг ўзини истеъфога чиқишга чақирмоқда.

Лекорнунинг 27 кунлик фаолияти — замонавий Франция тарихидаги энг қисқа умр кўрган ҳукумат ҳисобланади.

«Ишлаш учун зарур шароит мавжуд бўлмаса, бош вазир бўлиб қолишнинг имкони йўқ», - деди Лекорну истеъфосидан сўнг қилган қисқа чиқишида. Шунингдек, у ҳамкасбларини «ҳар доим партиядан кўра юрт манфаатини устун қўйишга» чақирди.

Францияда сиёсий беқарорлик 2022 йилги президентлик сайловидан буён кучайиб бормоқда, чунки ҳеч бир партия парламентда мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмаган.

Лекорнудан аввалги икки бош вазирлар: Франсуа Байру ва Мишел Барне ҳам парламент томонидан давлат харажатларини қисқартириш ҳаракатлари туфайли лавозимидан кетишга мажбур бўлганди.

Хитой АҚШ иқтисодиёти учун 1 триллион доллар таклиф қилди

Хитой вакиллари АҚШ билан савдо музокараларида Америка иқтисодиётига улкан миқдорда, аммо маълум шартлар асосида сармоя киритишни таклиф қилди.

Бир неча кундан кейин Хитой раиси Си Жинпинг президент Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбатда «Хитой компаниялари Америкага сармоя киритиши» учун тегишли шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлаган. Бу шартлар орасида Хитой компанияларининг АҚШда амалга ошириши мумкин бўлган битимларга нисбатан миллий хавфсизлик соҳасидаги чекловларни бекор қилиш ҳам бор.

Bloomberg манбаларига кўра, жорий йил бошида Хитой вакиллари 1 триллион долларга баҳолаган кенг кўламли инвестициялар пакетига киритиш таклиф қилинмоқда. Ҳозир гап қандай суммалар ҳақида кетаётгани номаълум. Аммо Пекин, шунингдек, АҚШда қурилган Хитой заводлари ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган маҳсулотлар импортига божларни камайтиришни талаб қилмоқда.

АҚШ бир неча йилдан бери Хитойнинг иқтисодий ривожланишини турли йўналишларда чеклашга ҳаракат қилмоқда. Масалан, ўтган ўн йилликда Вашингтон АҚШда Huawei телекоммуникация компанияси маҳсулотларидан ҳар қандай фойдаланишни тақиқлади ва унга қарши санкциялар киритди, хитойликлар учун АҚШда активларни қўшиб олиш ва сотиб олиш бўйича чекловлар мавжуд. Ташқи йўналишда Вашингтон Хитойга юқори технологияли чиплар, жумладан, сунъий интеллект учун чиплар сотишни чеклаган.

АҚШ вакили эса Хитой — Америка билан келишувларда мунтазам равишда алдашини айтиб, инвестициялар бўйича чекловларни юмшатишдан қайтарди.

Ҳамас-Исроил музокаралари

6 октябр куни Ҳамас ва Исроил делегациялари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини муҳокама қилиш учун Мисрда билвосита музокараларни бошлади. Музокараларда Исроилнинг қўшинларини олиб чиқиш талаби ва Ҳамаснинг қуролсизланиши масаласи бўйича кескин тортишувлар бўлди.

Музокаралар Қизил денгиз соҳилидаги Шарм аш-Шайх шаҳрида Миср, АҚШ ва Қатар воситачилигида ўтказилди. Reutersʼнинг фаластинлик расмийга таяниб ёзишича, душанба куни кечқурун якунланган биринчи сессиядан сўнг бугун яна учрашувлар режалаштирилган.

Ҳамас гаровдагиларни озод этиш, Исроил қўшинларини олиб чиқиш босқичлари ва муддатлари бўйича ўз позициясини баён қилган. Улар, шунингдек, Исроил доимий ўт очишни тўхтатишга ва тўлиқ чиқиб кетишга рози бўлишига ишонч билдирганини сўраган. Ғазо шаҳрида эса музокаралар тугаган пайтда ҳам портлашлар ва уйларнинг бузилиши товушлари эшитилиб турган, маҳаллий аҳолига кўра Исроил ҳужумлари ҳали тўхтамаган, фақат камайган. Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига сўнгги 24 соат ичида Исроил зарбалари натижасида 19 киши ҳалок бўлганини билдирди.

Исроиллик хавфсизлик манбасига кўра эса дастлабки босқич фақат гаровдагиларни озод этиш билан чекланади. Исроил Трамп режаси доирасида «сариқ чизиқ» деб аталувчи чегара ичида чекинишга тайёр, бу эса стратегик буфер зонани яратади. Кейинги чекинишлар эса Ҳамаснинг шартларни бажарганига қараб амалга оширилади.

Исроил делегацияси таркибида Моссад ва Шин Бет махсус хизматлари вакиллари, ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчи ва гаровдагилар координатори Гал Хирш бор. Асосий музокарачи, стратегик ишлар вазири Рон Дермер — ҳафта охирида музокаралар ривожига қараб қўшилиши кутилмоқда.

Ҳамас делегациясига эса Халил ал-Хайя бошчилик қилмоқда. Бир ой аввал Доҳада унинг ўғли ҳалок бўлганди, ўзи эса Исроил зарбасидан омон қолган. АҚШ томонидан махсус элчи Стив Уиткофф ва Трампнинг яҳудий куёви Жаред Кушнер ҳам иштирок этмоқда.

Ҳамас манбасига кўра, энг мураккаб масала — Исроил ва Трамп режаси талаб қилаётган қуролсизланишдир. Ҳамас «фақат Исроил босқини тугатилиб, Фаластин давлати тузилгандагина» қуролини топширишга тайёр.

АҚШ Украина учун Patriot харидига рухсат берди

АҚШ Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва улар учун ракеталар сотиб олиш имкониятини очди, деди Украина президенти Володимир Зеленский матбуот анжуманида.

«Америкаликлар Patriot сотиб олиш имкониятларини, нафақат ракеталарни, балки тизимларни ҳам очди. Энди масала фақат пулда. Яъни кўряпсизми, плюслар ҳам, минуслар ҳам бор», деди у.

Зеленскийнинг маълум қилишича, қишда Украинани ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан АҚШдан сотиб олинадиган ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарига боғлиқ. Киевнинг иттифоқчилари орасида буни тушунадиган ва «Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати» дастури доирасида молиялаштирадиган «жуда масъулиятли давлатлар» бор. У Германия, Нидерландия, Канада, Швеция, Дания, Норвегия, Белгия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва бошқаларни санаб ўтди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киев иттифоқчилар билан уларнинг қурол сотиб олишга ҳиссаси бўйича қайта музокараларни бошлаган. «Чунки биз бошқа давлатларда тезликни кўрмаяпмиз. Афсуски. Шунинг учун вазият бугунги кунда ушбу давлатларга боғлиқ», деди Украина президенти. Гап айнан қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.

Ёзда АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага 17 та Patriot мажмуасини етказиб беришга тайёрлигини эълон қилди, унинг сўзларига кўра, улар учун Европа давлатлари пул тўлайди, у бир нечта тизимларни «жуда тез» етказишга ваъда берди.

Россия Киевга қурол етказиб берилишига қарши. Европа давлатлари Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлашни давом эттириб, «ўзларига зарар бермоқда», деб таъкидлади ТИВ.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид