Жаҳон | 14:26 / 09.10.2025
3606
9 дақиқада ўқилади

Сулҳга келишган Ҳамас–Исроил, Хитойда янгича цензура ва Афғонистон бўйича “Москва формати”нинг талаби – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳамас–Исроил сулҳга келишди

Исроил ва ҲАМАС узоқ кутилган ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагилар алмашинуви бўйича келишувга эришганини эълон қилди. Мисрда ўтказилган билвосита музокаралар Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режасининг дастлабки босқичи бўйича келишувга олиб келди.

«Мен фахр билан эълон қиламанки, Исроил ва Ҳамас бизнинг Тинчлик режамизнинг биринчи босқичини имзолади. Бу билан барча гаровдагилар тез орада озод қилинади, Исроил эса келишилган чизиққача қўшинларини орқага тортади, бу эса мустаҳкам ва абадий тинчлик йўлидаги дастлабки қадам бўлади», деб ёзди Трамп. Бундан ташқари, АҚШ президенти Яқин Шарққа якшанба куни сафар қилиши мумкинлигини билдирди.

Битим муваффақиятли амалга ошса, бу Трамп учун йирик ташқи сиёсий ютуқ бўлади. У сайловолди кампаниясида глобал можароларга тинчлик олиб келишни ваъда қилган, бироқ на Ғазода, на Украинадаги урушда тез натижага эриша олмаган эди.

Ҳамас ҳам урушни тугатиш бўйича битимга эришилганини тасдиқлади. Унга кўра, келишув Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиш ва гаровдагиларни фаластинлик маҳбусларга алмаштиришни ўз ичига олади.

«Халқимизнинг қурбонлари бефойда кетмайди. Биз эркинлик, мустақиллик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эришмагунча халқимизнинг миллий ҳуқуқларидан воз кечмаймиз», — дейилади Ҳамас баёнотида.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу пайшанба куни ҳукуматни йиғиб, келишувни расман тасдиқлашини айтди.

«Режанинг биринчи босқичи маъқуллангач, барча гаровдагилар уйларига қайтади», — деди у баёнотида. «Бу дипломатик ютуқ, шунингдек, Исроил давлати учун миллий ва маънавий ғалабадир».

Битим ҳақидаги хабарлар Ғазода ҳам, Исроилда ҳам қувонч билан кутиб олинди. «Мен ёлғиз эмасман — бутун Ғазо, бутун араб халқи ва бутун дунё бу тинчликдан хурсанд», дея ғазоликлардан бирини сўзини келтирмоқда Reuters.

Ҳамас манбасига кўра, тирик гаровдагилар Исроил ҳукумати битимни тасдиқлаганидан 72 соат ўтиб топширилади. Ўлик гаровдагиларнинг жасадларини топиш эса узоқроқ давом этади. Трамп Fox Newsʼга берган интервюсида гаровдагилар «душанба куни озод қилинади» деган.

Ҳамас аввалроқ гаровдагилар ва Исроилда қамоқда сақланаётган фаластинликларнинг рўйхатини топширганини билдирган эди. Ҳамас Исроилнинг «қуролни топшириш» талабини рад этмоқда. Фаластин манбасига кўра, бу масала Исроил босқини тугамагунча муҳокама қилинмайди.

 

 

Москва Афғонистондаги хорижий ҳарбий базаларга қарши чиқди

Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва форматига аъзо давлатлар ушбу мамлакатда учинчи давлатларнинг ҳарбий иштирокига қарши чиқди. Бу ҳақда 7 октябр куни Россия пойтахтида бўлиб ўтган ММФ йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда айтилади.

Москва форматидаги йиғилишда биринчи марта Афғонистон делегацияси тўлақонли иштирокчи сифатида қатнашди, унга «Толибон» ҳукуматидаги ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий бошчилик қилди. Иштирокчилар орасида анъанавий равишда Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари бор эди.

«Мамлакатларнинг Афғонистон ва унга қўшни давлатларда ўз ҳарбий инфратузилма объектларини жойлаштиришга уринишлари номақбул деб топилди, чунки бу минтақавий тинчлик ва барқарорлик манфаатларига мос келмайди», дейилади баёнотда.

Ҳужжатда қайси мамлакатлар Афғонистонда ҳарбий инфратузилма объектларини жойлаштиришга уринаётганига аниқлик киритилмади. Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп Афғонистондаги Багром авиабазасини қайтариш ниятида эканини маълум қилганди.

Хитойда янги цензура кампанияси

Сентябр ойи охирида Хитой кибермакон бошқармаси ижтимоий тармоқларни «салбий ва пессимистик кайфиятларни ҳаддан ташқари бўрттирадиган» ва «тушкунлик»ни илгари сурувчи, масалан, «астойдил ишлаш бефойда» каби контентдан тозалаш бўйича икки ойлик кампанияни эълон қилди. Кампания ҳақида The New York Times хабар берди.

Оқибатда бир нечта таниқли блогерларнинг аккаунтлари блокланди. Улар орасида минималист ҳаёт тарзини ва мартаба амбицияларидан воз кечишни тарғиб қилган икки блогер ҳам бор. Шунингдек, Ғарбдаги ҳаёт сифати Хитойга қараганда юқори эканидан шикоят қилган шарҳловчи ҳам блокланди. Блокланган блогерларнинг баъзилари ўн миллионлаб аудиторияга эга эди.

Хитойнинг турли шаҳарларида маҳаллий ҳокимиятнинг буйруғи билан ижтимоий тармоқлардаги шаҳар муҳити сифати ва уй-жой нархидан шикоят қилувчи аккаунтлар блокланмоқда. Weibo ижтимоий тармоғида 1200 дан ортиқ аккаунт мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаси ҳолати ҳақида «миш-мишлар тарқатгани» учун блокланди.

Хитойда камбағал оилалардан чиққанларнинг ижтимоий ҳаракатчанлик имкониятлари пастлиги ҳақида гапирадиган ва ёзадиганлар ҳам цензурага учради: танишлари бўлмаса, улар IT ёки молия каби нуфузли соҳаларда мартаба қила олмайди.

Ниҳоят улар Хитойда умидсизлик ва эҳтимол психиатрик ёрдамнинг етишмаслиги туфайли содир этилган зўравонлик жиноятлари ҳақидаги янгиликларни муҳокама қилишни ҳам чеклади. Масалан, 2024 йилда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган бир қатор жиноятларда умумий мотив бор эди: ҳаёт истиқболлари йўқлиги учун «жамиятдан ўч олиш» истаги.

Шу билан бирга, давлат оммавий ахборот воситалари «тушунтириш ишлари» олиб бормоқда. Тарғиботга кўра, давлат «энг тушкун воқеаларни» айтиб берадиган «ҳиссий йиртқичлар» билан курашмоқда.

Макрон янги бош вазир топиши керак

Франциянинг истеъфодаги бош вазири Себастян Лекорну президент Эммануэл Макрон икки кун ичида янги ҳукумат раҳбарини тайинлаши мумкинлигини айтди. Бу баёнот унинг шу ҳафтанинг бошида берган истеъфосидан сўнг билдирилди.

Лекорну сўнгги икки кун давомида сиёсий партиялар билан музокаралар ўтказганини ва «французлар раҳбарларидан муросага келишни хоҳлаётганини» таъкидлади.

«Яна бош вазир лавозимига қайтиш эҳтимоли борми?» деган саволга, у шундай жавоб берди:

«Бугун кечга бориб, ўз миссиямни якунланган деб ҳисоблайман. Менимча, вазият президентга 48 соат ичида янги бош вазирни тайинлаш имконини беради».

Лекорну янги ҳукумат 2027 йилги президентлик сайловига эмас, балки яқин сиёсий ва иқтисодий муаммоларга эътибор қаратиши кераклигини урғулади. Унга кўра, Макрон янги бош вазир чап қанотдан бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида ўзи қарор қилади. Шунингдек, у пенсия ислоҳоти бўйича олдинга силжиш зарурлигини ва 2026 йил бюджети бўйича сиёсий боши берк кўчага кириб қолмаслик кераклигини айтди.

Сўнгги ойлар давомида бюджет масаласидаги келишмовчиликлар Францияда сиёсий беқарорликни кучайтирган. Молия ислоҳотлари бўйича ишончсизлик овозларидан сўнг Мишел Барне ва Франсуа Байру бошчилигидаги кетма-кет ҳукуматлар қулаганди.

Қозоғистонда педофиллар бичилади

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа ўзгартиришлар киритди.

Ҳужжатга кўра, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан кимёвий кастрация (бичиш) озодликка чиқишдан 6 ой олдин қўлланади. Бунда кастрация мажбурлов чораси суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади.

Шу муносабат билан муассаса маъмурияти жазони ўташ муддати тугашидан камида 12 ой олдин маҳбусда руҳий нуқсонлар ва жинсий зўравонликка мойиллик мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлаш учун материалларни судга юборади.

Қозоғистонда болаларни зўрлаганларга нисбатан кимёвий кастрация қўллаш 2018 йилдан бошлаб жорий этилган. Муолажа фақат суд-психиатрия экспертизаси хулосасига кўра вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этишга мойил деб топилган шахсларга нисбатан суд ҳукми билан амалга оширилади.

Ўтган йилнинг феврал ойида қозоғистонлик депутатлар болаларни зўрлаганларни жарроҳлик йўли билан кастрация қилишни таклиф қилган эди. Аммо ташаббус ҳозирча амалга оширилмади.  

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид