Жаҳон | 22:01 / 10.10.2025
7291
2 дақиқада ўқилади

Пекиннинг «душманлиги тобора ортиб боряпти» — Трамп

Оқ уй раҳбари ҳозирча Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашувдан маъно кўрмаётганини айтди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Америкага олиб кириладиган Хитой маҳсулотларига божларни сезиларли даражада ошириш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди, деб хабар берди Reuters.

«Ҳозир биз кўриб чиқаётган чоралардан бири Америкага кириб келаётган Хитой маҳсулотларига божларни катта миқдорда оширишдир. Бошқа кўплаб қарши чоралар ҳам бор, улар ҳам жиддий муҳокама қилинмоқда», деб ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида ва Пекиннинг «душманлиги тобора ортиб бораётганини» таъкидлади.

«Улар дунёнинг турли мамлакатларига ноёб ер элементлари билан боғлиқ маҳсулотларнинг ҳар бирига, улар ўйлаб топиши мумкин бўлган деярли барча нарсаларга, ҳатто улар Хитойда ишлаб чиқарилмаса ҳам, экспорт назоратини ўрнатмоқчи эканлиги ҳақида мактублар юбормоқда», деб қўшимча қилди Трамп.

Шунингдек, у ҳозирча Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашувдан маъно кўрмаётганини таъкидлади.

«Мен раис Си Жинпинг билан икки ҳафтадан кейин Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган ОТИҲ саммитида учрашишим керак эди, бироқ ҳозир бунга сабаб йўққа ўхшайди», деб ёзди Трамп.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид