Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин: Дунёда ядровий қуроллар пойгаси аллақачон бошланган
Россия президенти Владимир Путин бир қатор давлатлар ядровий арсеналларини кўпайтираётганини маълум қилди ва Россияда янги қурол борлигини ҳам эълон қилди.
Дунёда ядровий қуролланиш пойгаси аллақачон бошланган, деди Россия президенти Владимир Путин. «Ўйлайманки, очиғини айтсам, аслида маълум бир пойга кетмоқда», — деди Путин 10 октябр, жума куни Тожикистонга ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг қўшимча қилишича, Россия тез орада янги қуролга эга бўлганини эълон қилиши мумкин: «Ўйлайманки, биз тез орада бир пайтлар эълон қилган янги қурол ҳақида хабар бериш имкониятига эга бўламиз. У ишлаб чиқилмоқда, биз уни синовдан ўтказмоқдамиз. Улар муваффақиятли давом этмоқда».
Путиннинг сўзларига кўра, агар Қўшма Штатлар Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича шартномани узайтиришдан бош тортса, бу Россия учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмайди. Россия президентининг таъкидлашича, ҳозирда Россиянинг ядровий тўхтатувчи салоҳияти дунёда энг юқори даражада.
Сентябр охирида Владимир Путин Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Вашингтон ҳам шундай қилса, Россия шартнома қоидаларига яна бир йил амал қилишга тайёрлигини айтди. Путин, шунингдек, келишув муддати тугаши билан ядровий ракета имкониятларини тўғридан тўғри чекловчи сўнгги халқаро шартнома йўқолишини таъкидлади.
Кейинроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда журналистлар билан учрашувда Путиннинг таклифини «яхши фикр» деб атади. Трамп бу ҳақда батафсил маълумот беришдан ёки бошқа бирор нарса айтишдан бош тортди.