Жаҳон | 16:36 / 11.10.2025
6731
9 дақиқада ўқилади

Хитой билан савдо уруши бошлаган Трамп, Кобулга ҳужум қилган Покистон ва уйларига қайтаётган ғазоликлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазоликлар вайрон бўлган уйларига қайтмоқда

Минглаб бошпанасиз қолган фаластинликлар жума куни сулҳ кучга киргач, ўзларининг вайрон бўлган уйларига қайтиш учун йўлга чиқди. Бу вақтда Исроил аскарлари урушни тугатишга қаратилган битимнинг биринчи босқичи доирасида орқага чекина бошлаганди.

Улкан одамлар оқими қирғоқ йўли бўйлаб, пиёда ҳолда анклавнинг энг йирик шаҳри — Ғазо шаҳри сари йўл олди. Бу шаҳар атиги бир неча кун аввал Исроил урушининг энг йирик ҳужумларидан бири доирасида бомбардимон қилган ҳудуд эди.

Жанубда эса одамлар йил бошида Исроил кучлари томонидан ер билан яксон қилинган Ғазонинг иккинчи йирик шаҳри Хон Юнус томон йўлга чиққан.

Фаластин соғлиқни сақлаш органлари Исроил армияси чекинишидан сўнг, Ғазо бўйлаб турли жойлардан 100 та жасадни тиббий жамоалар топганини билдирди. Ғазоликлар уйларига қайтаётган пайтда, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ ҳамда гаровдагилар ва маҳбуслар алмашинуви битими — урушни якунлаш йўлидаги энг йирик қадам ҳақиқий ва узоқ муддатли тинчликка олиб келадими, деган саволлар очиқ қолди.

ҲАМАС бошқарувидаги ички ишлар вазирлиги Исроил армияси чиқиб кетган ҳудудларга ўз хавфсизлик кучларини жойлаштиришини билдирди. Қуролланган жангчилар кўчаларга қайтадими ёки йўқми — ҳозирча номаълум.

Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Доналд Трамп сулҳ сақланиб қолишига ишонч билдирди: «Улар ҳаммаси урушдан чарчаган», деди у. Трамп кейинги босқичлар бўйича «консенсус» мавжудлигини айтиб, аммо айрим тафсилотлар ҳали ҳал этилиши кераклигини тан олди.

Исроил полицияси душанба куни Трампнинг ташрифига тайёргарлик кўраётганини билдирди. У Исроил парламенти — Кнессетда нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Трамп, шунингдек, Мисрга ҳам боришини ва бошқа жаҳон етакчилари ҳам иштирок этиши кутилаётганини билдирди. У Мисрда бўлган пайтда Ғазо бўйича халқаро саммит чақиришни режалаштирмоқда.

Покистон–«Толибон» қарама-қаршилиги

9 октябр куни кечқурун Кобулда содир бўлган портлаш оқибатида «Таҳрики Толибони Покистон» (ТТП) гуруҳи етакчиси Нур Вали Маҳсуд ҳалок бўлди. Бу ҳақда Афғонистон оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Қайд қилинишича, 9 октябрга ўтар кечаси Кобулнинг марказий ҳудудларида бир нечта кучли портлашлар содир бўлган. Маҳаллий аҳолининг журналистларга маълум қилишича, авиазарба оқибатида йўлтанламас автомобил портлаган. Ҳодисада ТТП етакчиси, 47 ёшли Нур Вали Маҳсуд ҳалок бўлган. У гуруҳнинг энг нуфузли аъзоларидан бири эди.

«Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулло Мужоҳид портлаш содир бўлганини тасдиқлади ва ҳодиса бўйича тергов давом этаётганини айтди.

Бироқ ҳаракат ичидаги манбаларнинг Afganistan International агентлигига маълум қилишича, портлаш Покистон томонидан уюштирилган авиазарба оқибатида содир бўлган. Ҳодиса — толиблар Афғонистон ҳудудида ТТП жангариларини яширганликда айбланаётгани фонида юз берди.

Ҳужумдан сўнг Покистон мудофаа вазири Хўжа Асиф ижтимоий тармоқда бу ҳақда эълон қилиб, Кобулдаги ҳаво ҳужумларига тўғридан тўғри ишора қилди. У Афғонистон толиблари Покистон толибларини яширгани учун жавоб беришини айтди ва мамлакатнинг террорчилар ва уларнинг ҳомийларига нисбатан сабр-тоқати тугаганини таъкидлади. Бу баёнотлар ОАВда Покистоннинг ҳужумга алоқадорлигини норасмий тан олиш деб баҳоланмоқда.

Ҳодисадан сўнг Кобулдаги толиблар қўмондонлари шай ҳолатга келтирилган. Қайд этилишича, бу Покистоннинг Афғонистон ҳудудидаги «биринчи амалиёти» эмас.

Трамп Хитой билан савдо урушини бошлади

АҚШ ҳукумати Хитойдан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 1 ноябрдан амалдаги божлардан ташқари 100 фоизлик божлар жорий қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп 10 октябр, жума куни ўзининг Truth Social платформасида ёзди. Бундан ташқари, барча муҳим дастурий таъминот экспортига чекловлар жорий этилади, дея қўшимча қилди Трамп.

Оқ уй раҳбари қўшимча тарифлар жорий этиш сабаби сифатида Хитойнинг «ўта агрессив савдо позицияси»ни келтирди. Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати бошқа мамлакатларни Хитойда ишлаб чиқарилган деярли барча маҳсулотларга экспорт чекловлари жорий этиши ҳақида огоҳлантирган, 1 ноябрдан бошлаб «бу ҳар бир давлатга истисносиз таъсир қилади. Бу халқаро савдода умуман учрамаган ҳолат», - деб ёзган АҚШ президенти.

Хитой ҳали Трамп баёнотига изоҳ бермади.

Аввалроқ Америка президенти октябр ойи охирида Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашувини шубҳа остига қўйганди. Трамп 9 октябр куни Хитойнинг нодир металлар экспорти устидан назоратни кучайтиришига жавоб берди. Хитой турли юқори технологияли саноат тармоқлари учун муҳим бўлган нодир металларнинг дунёдаги асосий етказиб берувчиси ҳисобланади.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо қарама-қаршилиги бу йил кескинлашди. Мамлакатлар бир неча бор бир бирига божлар жорий қилган. Бироқ август ойида дунёнинг икки йирик иқтисодиёти савдо можаросида 90 кунлик танаффусга келишиб олганди.

Францияда ҳукумат инқирози

Франция президенти Эммануэл Макрон — бош вазир лавозимидан тўрт кун олдин истеъфога чиққан Себастен Лекорнуни 10 октябр куни кечқурун бу лавозимга қайта тайинлади. Елисей саройига кўра, Лекорну зиммасига ҳукуматни шакллантириш топширилган.

Себастен Лекорну 2026 йилги давлат бюджети бўйича келиша олмагани учун истеъфога чиққанди. Бош вазир лавозимига қайта тайинланганидан сўнг сиёсатчи «Мен ўз бурчимни ҳис қилган ҳолда, республика президенти менга юклаган вазифани қабул қиламан: Франция йил охиригача бюджет олишини таъминлаш ва ватандошларимизнинг кундалик муаммоларига жавоб бериш учун ҳамма нарсани қилиш лозим», деб ёзди.

«Биз французларни ғазаблантирадиган сиёсий инқирозни ва Франциянинг обрўси ҳамда манфаатларига путур етказадиган беқарорликни тугатишимиз керак», деб қўшимча қилди Лекорну.

39 ёшли Себастен Лекорну Франциянинг собиқ мудофаа вазири ва Эммануэл Макроннинг иттифоқчиси. У биринчи марта 9 сентябрда бош вазир этиб тайинланган. Лекорну Макрон сўнгги икки йил ичида тасдиқлаган ҳукуматнинг бешинчи раҳбари.

Сиёсий беқарорлик фонида Франциянинг кредит рейтинги энг ёмон натижага тушиб кетди. Франциянинг давлат қарзи ҳозирда ЯИМнинг 115 фоизини ташкил этади, бу Европа Иттифоқида Греция ва Италиядан кейин учинчи ўринда туради.

Россия яна Украинани ёппасига ўққа тутди

Россия қуролли кучлари 10 октябрга ўтар кечаси турли турдаги зарбдор дронлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда Украина ҳудудларига ҳужум уюштирди. Украина томони маълумотларига кўра, Россия 465 та дрон ва 32 та ракета, жумладан, Х-47М2 «Кинжал» русумли иккита гипертовушли аэробаллистик ракеталарини қўллаган.

Украина қуролли кучлари 405 та дрон ва 15 та ракета, жумладан, битта «Кинжал» ракетасини уриб туширишга ёки зарарсизлантиришга муваффақ бўлганини маълум қилган. Бундан ташқари, Россиянинг тўртта ракетаси белгиланган нишонга ета олмаганини билдирган.

Украина ҳукумати 19 та жойда 13 та ракета ва 60 та зарбдор дроннинг тўғридан тўғри урилишини қайд этди. Бундан ташқари, еттита жойга дронлар парчалари қулаган.

Киев ва Украинанинг 10 га яқин ҳудуди зарбага учраган. Ҳужумларнинг асосий мақсади энергетика инфратузилмаси бўлган. Киев ва кўплаб областларда ҳарорат пасайган бир вақтда юз минглаб кишилар электр таъминотисиз қолган. Нашр маълумотларига кўра, зарба оқибатида Запорижжяда етти ёшли бола ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Россия мудофаа вазирлиги эса «Киев режимининг Россия ҳудудидаги фуқаролик объектларига уюштирган террорчилик ҳужумларига жавобан» Украинага йирик зарба берганини маълум қилди. Сўнгги ҳафталарда Россия қуролли кучлари Украина энергетика объектларига тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда. 3 октябрдаги йирик зарба натижасида Украина ички табиий газ қазиб олишнинг 60 фоизидан маҳрум бўлган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид