Қозоғистонда энди педофиллар кастрация қилинади. Қирғизистонда президент таклиф қилган ўлим жазоси референдумга қўйилиши мумкин. Мустақил туркман нашрлари Бердимуҳаммедовлар оиласи яна бир VIP самолёт олганини ёзди. Тожикистонда икки катта саммит ўтказилди, МО раҳбарлари Путин билан минтақавий саммитда кенгашди. Афғонистонда энди Instagram, Facebook ва Snapchat’га кириб бўлмаяпти.

Қозоғистонда педофиллар кастрация қилинади 

Давлатда бу борасида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Соғлиқни сақлаш вазири 1 октябрь куни вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик содир этган жиноятчиларга кимёвий кастрация қўллаш қоидаларини ўзгартирувчи буйруқни имзолади. Эндиликда педофиллар озодликка чиқишидан олти ой олдин кастрация қилинади.

Бундай чора 18 ёшдан ошган, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тайинланади. Қарор суд томонидан қабул қилинади ва дарҳол кучга киради. Жараён бевосита маҳкум жазони ўтаётган муассасада ўтказилиши белгиланди.

Агар маҳкум пробацияда бўлса ёки жарима тўлаши керак бўлса, кастрация амбулатория психиатрия ёрдами кўрсатадиган клиникада қилинади.

Кимёвий кастрация озодликка чиқишдан 6 ой олдин қўлланиши белгилаб қўйилди. Тайёргарлик кўриш учун қамоқхона маъмурияти муддат тугашидан 12 ой олдин ҳужжатларни тўплаб, судга юборади. Суд маҳкумнинг руҳий муаммолари ёки жинсий зўравонликка мойиллиги бор-йўқлигини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.

Бу ўзгаришлар аллақачон руҳий касаллик ташхиси қўйилган, аммо жиноят учун жавобгарликни истисно қилмайдиган шахсларга тааллуқли эмас. Бундай одамларга суд олдиндан бошқа тиббий чораларни белгилаши мумкин. Янги тартиб 2025 йил 17 октябрдан кучга кирадиган бўлди.

Қозоғистонда 2022 йилдан бошлаб педофиллар электрон билагузук тақа бошлаган. 2024 йилда депутатлар вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этган шахсларга жарроҳлик йўли билан кастрация қилиш масаласини муҳокама қилган эди.