Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинага янги ракеталар, «Толибон»–Покистон можароси ва Исроилга келган Трамп – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ҳамас–Исроил сулҳи
Бугун, 13 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил парламентида қаҳрамонона кутиб олиниши ва нутқ сўзлаши кутилмоқда. Чунки у воситачилик қилган Ғазо сулҳи томонларда катта умид уйғотмоқда.
Трамп Вашингтондан Исроилга учаётган пайтида журналистларга: «уруш тугади. Менимча, энди минтақа нормал ҳолатга қайтади», деди.
БМТ маълумотига кўра, инсонпарварлик ёрдами ошмоқда — март ойидан бери илк бор Ғазога газбаллонлари киритилган, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам етказиш кенгайган.
Энди жараён Трамп бошчилигида Мисрда ўтказиладиган, 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этадиган саммитда тасдиқланиши кутилаётган глобал мажбуриятларга боғлиқ.
Ахios нашрига кўра, Фаластин президенти Маҳмуд Аббос саммитда қатнашади, бироқ Исроил расмийлари бормайди.
Исроил томони бугун қолган гаровдагиларни босқичма-босқич қайтаришни кутмоқда: дастлаб 20 нафар тирик гаровдагилар, кейин эса 28 киши (26 нафари ҳалок бўлган, 2 нафари бедарак) топширилади.
Исроил Адлия вазирлиги турли «жиноятлар» учун судланган 250 нафар фаластинликнинг исмини эълон қилди. Улар алмашув доирасида озод қилинади. Аммо рўйхатда ҲАМАСнинг юқори мартабали командирлари: Марвон Барғутий ва Аҳмад Саъдат каби фигурантлар йўқ.
Трамп режасининг кейинги босқичи «Тинчлик кенгаши» деб аталувчи халқаро орган тузишни назарда тутади, унга Трамп раҳбарлик қилади. Трамп илгари собиқ Британия бош вазири Тони Блерни ушбу кенгаш аъзоси сифатида тилга олган, аммо якшанба куни Ироқ урушидаги роли сабабли Блернинг номзоди баҳсли бўлиши мумкинлигини айтди.
КХДРнинг янги гипертовушли қуроли
10 октябр куни Шимолий Корея ҳукумати Корея Меҳнат партияси ташкил топганининг 80 йиллигини ҳарбий парад билан нишонлади, унда янги гипертовушли планер блоки ва қитъалараро баллистик ракеталар, жумладан, янги «Хвасон-20» қитъалараро баллистик ракетаси ҳам намойиш этилди. Парадни КХДР етакчиси билан бирга Россиянинг собиқ президенти, мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам кузатиб борди.
«Хвасон-11Ма» гипертовушли қуроли ва «Хвасон-20» қитъалараро баллистик ракетаси давлат оммавий ахборот воситалари томонидан Шимолий Кореянинг «энг кучли ядровий стратегик қурол тизими» сифатида таърифланди.
Сентябр ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат янги «махфий» қуролга эга бўлганини маълум қилган эди. Экспертлар фикрича, ўшанда у айнан «Хвасон-20» ракетасини назарда тутган.
«Хвасон-11» сериясидаги қуроллар Россиянинг «Искандер» ракеталари асосида яратилган қисқа масофали баллистик ракеталардир. У гипертовушли деб аталади, чунки товуш тезлигидан беш баравар юқори тезликда ҳаракатланиб, манёврларни амалга ошира олади.
BBC’нинг Сеулдаги мухбири хабар беришича, парадда улкан ракетанинг пайдо бўлиши мушакбозлик ва олқишлар билан кечган. Ракетанинг ҳажми шуни кўрсатадики, у кўплаб ядровий каллакларни олиб юришга қодир ва назарий жиҳатдан АҚШ ҳудудининг исталган нуқтасига зарба бера олади, дея таъкидлайди мухбир.
«Толибон» ва Покистон можароси
Афғонистон расмийлари якшанба куни ўз хавфсизлик кучлари Покистон чегарасидаги ҳарбий постларга «жавоб зарбалари»ни йўллаганини билдирди. Кобулнинг айтишича, бу ўтган ҳафта Покистон томонидан Афғонистонга уюштирилган ҳаво ҳужумларига жавоб бўлган. Покистон армиясига кўра, шанба кунги жангларда камида 23 нафар аскар ҳалок бўлган, 29 нафари яраланган. «Толибон» ҳукумати эса 9 нафар афғон аскари ўлганини ва камида 16 нафари яраланганини маълум қилди.
Ушбу кечаги жанг икки мамлакат ўртасидаги можарони кенгроқ қуролли тўқнашувга айланиши мумкинлигидан хавотир уйғотди. «Толибон» 2021 йилда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан буён Кобул ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар тобора совуқлашиб бормоқда.
«Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид якшанба куни журналистларга жанг ярим тунда тўхтаганини, бунга Қатар ва Саудия Арабистони аралашуви сабаб бўлганини айтди. У Покистонни огоҳлантириб: «Афғонистон суверенитетини бузадиган ҳар қандай ҳаракат жавобсиз қолмайди», - деди.
Покистон армияси баёнотида айтилишича, Афғонистон ҳужуми тунда оғир ўт очиш ва Покистон ҳудудига кириб амалга оширилган рейдларни ўз ичига олган. Покистон бунга жавобан Афғонистон ичкарисида артиллерия ва ҳаво зарбалари билан жавоб берганини билдирди. Ҳар икки томон ҳам ўнлаб қурбонлар борлигини даъво қилган, бироқ чегарадаги ҳудудларга кириш чеклангани сабаб бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф якшанба куни охирги тўқнашувга бевосита изоҳ бермаган бўлса-да, ўз армиясини «чегарадаги афғон провокацияларига кучли ва самарали жавоб бергани» учун олқишлади.
Сўнгги йилларда Афғонистон ва Покистон ҳукумати муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилган бўлса-да, ҳарбий тўқнашувлар ва дипломатик тарангликлар давом этмоқда. Август ойида икки давлат ташқи ишлар вазирлари Хитой ҳамкасби билан учрашган, бироқ Покистон ҳануз «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг қонуний ҳокимияти сифатида тан олмаган.
Трамп: Киевга Tomahawk'ни беришим мумкин
Агар Россия Украинага қарши тажовузкор урушни тинч йўл билан ҳал қилишдан бош тортса, Киев Американинг Tomahawk қанотли ракеталарини олиши мумкин, деди АҚШ президенти Доналд Трамп 13 октябр, душанбага ўтар кечаси Air Force One бортида. Унинг аниқлик киритишича, 11 ва 12 октябр кунлари Украина президенти Володимир Зеленский билан бу масалани муҳокама қилган ва бу чора «тажовузкорликнинг янги қадами» бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
«Балки россияликлар билан Tomahawk ҳақида гаплашишим керакдир. Улар Tomahawk ўзи томон учишини хоҳлайдими? Мен бундай деб ўйламайман», - деди Трамп.
Агар қарор қабул қилинса, АҚШ ракеталарни тўғридан тўғри Украинага эмас, балки уларни Киевга топшириши мумкин бўлган НАТО мамлакатларига сотади.
«Tomahawk — ақл бовар қилмайдиган қурол, жуда ҳужумкор қурол. Очиғини айтсам, бу Россияга керак эмас. Мен уларга айтишим мумкинки, агар бу уруш ҳал этилмаса, биз буни ҳал қиламиз. Биз буни қилмаслигимиз ёки қилишимиз мумкин», дея қўшимча қилди Трамп.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мухбир Павел Зарубин билан интервюсида бу ҳақда муносабат билдирди.
«Ҳақиқатан ҳам кўп баёнотлар янграмоқда, уларнинг ҳар бирини ҳали таҳлил қилиш керак. Биз барчасини диққат билан қайд этяпмиз. Tomahawk мавзуси бизда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Президент Путин ҳам бу ҳақда гапирган эди», - деди Кремл вакили.
Песковнинг таъкидлашича, «Tomahawk — жиддий қурол, аммо у фронтлардаги вазиятни ўзгартира олмайди», - деди Песков.
Россия президентининг матбуот котиби Украина можаросини тартибга солиш масаласи «ниҳоятда драматик босқичга кирганини», турли томондан кескинлик оширилаётганини қайд этди.
Тожикистон Путинни ҳибсга олмади
Европа Иттифоқи Тожикистонни Халқаро жиноий суд томонидан Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун берилган ордер бўйича мажбуриятларни бажармаганликда айблади.
Тегишли баёнот Европа ташқи алоқалар хизмати томонидан тарқатилди. Тожикистон ХЖС Рим статутига аъзо давлат ҳисобланади.
«Европа Иттифоқи Украинада ХЖС прокурори томонидан олиб борилаётган терговларни қўллаб-қувватлашда давом этади ва барча давлатларни ҳамкорликка чақиради», дейилади баёнотда.
Путин 9-10 октябр кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитда иштирок этганди.
ХЖС 2023 йил март ойида Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда айблаб, Владимир Путин ва Россия болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган. Россия Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди.
Мавзуга оид
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025
Путиннинг Европага таҳдиди, АҚШда янги миграцион чекловлар, Жанубий Осиёдаги сув тошқинлари ва Кремлдаги музокаралар – кун дайжести
15:56 / 02.12.2025