Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трампнинг «тарихий саммити» ва ноаниқ келажак

13 октябр куни АҚШ воситачилигида тузилган режанинг биринчи, ҳал қилувчи босқичига кўра, Ҳамас 20 нафар тирик исроиллик гаровдагини озод қилди. Шу билан бирга Исроил 1 700 нафар айбловсиз ҳибсда сақланган фаластинликни ҳамда 250 нафар умрбод қамалган маҳбусни қўйиб юборди. Улардан қарийб 100 нафари Ғарбий соҳилга қайтарилди, 154 киши Мисрга депортация қилинди, оз қисми эса Шарқий Қуддусга жўнатилди.

Рамаллоҳ ва Хон Юнусда озод этилган фаластинликларни минглаб одамлар байроқлар билан кутиб олди. Ҳамас ҳозирча фақат тўрт нафар ҳалок бўлган гаровдагининг жасадини қайтаришини маълум қилди, чунки барча қабр жойларини аниқлаш вақт талаб этади. Исроил армияси эса жасадларнинг шахсини суд-тиббий текширув орқали тасдиқламоқда.

Душанба куни амалга ошган алмашинув ортидан АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилга етиб келди ва Кнессетда тарихий нутқ сўзлади. «Осмон тинч, қуроллар жим, сиреналар тўхтаган — муқаддас ерда ниҳоят тинчлик қуёши порлаяпти», деди Трамп парламент аъзолари олдида. Унинг нутқи залда олқишлар билан кутиб олинди, бир депутат эса «Фаластинни тан олинг» деган ёзувни кўтаргани учун залдан чиқариб юборилди.

Шундан сўнг Трамп Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида ўтган саммитда иштирок этди. У ерда АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия раҳбарлари икки йиллик урушга чек қўйиш ҳақида декларация имзолади. Трамп ҳужжатни «тарихий бурилиш» деб атади, аммо на Исроил ва на Ҳамас йиғилишда қатнашди.

New York Times'нинг ёзишича, «кенг қамровли» деб таърифланган бу ҳужжатнинг асл мазмуни очиқланмаган. Трамп уни имзолаш олдидан «жуда кўп қоидалар ва механизмларни ўз ичига олган мукаммал ҳужжат» деб таърифлади, аммо аниқ тафсилотлар келтирмади. Миср президенти идораси тарқатган баёнотга кўра, «келишувнинг кейинги босқичларида Ғазони бошқариш, хавфсизликни таъминлаш ва қайта қуриш» масалалари бўйича маслаҳатлашувлар бошланади.

Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режасига кўра, Ғазо аввал вақтинчалик фаластинлик технократлар қўмитаси томонидан бошқарилади ва бу қўмита «Тинчлик кенгаши» назоратида ишлайди. Кейинчалик ҳокимият ислоҳ қилинганидан сўнг Фаластин маъмуриятига топширилади.

Бироқ кейинги босқичларга ўтиш осон бўлмайди. Асосий зиддиятлар — Исроил қўшинларини чиқариш жадвали, Ҳамаснинг қуролсизланиши ва Ғазо бошқарувининг келажаги. Ҳамас илгари «Фаластин давлати тузилмас экан, қуролсизланмаймиз» деган позицияда қолмоқда, Исроил эса Фаластин маъмуриятининг келажакдаги иштирокини рад этмоқда.