Жаҳон | 14:16 / 15.10.2025
2378
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Ғазо секторини қайта қуриш ўнлаб йиллар давом этиши мумкин

Ғазо секторини қайта қуриш учун тахминан 61 миллиард евро керак бўлади, деди БМТнинг юқори мартабали расмийси. Қайта қуриш муддати олинган маблағлар миқдорига боғлиқ бўлади.

Фото: Reuters

Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилганидан сўнг БМТ қайта қуриш ишларини имкон қадар тезроқ бошлашга чақирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) Фаластин ҳудудларига ёрдам дастури махсус вакили Яко Силлиерс 14 октябр, сешанба куни Женевада бўлиб ўтган брифингда, реконструкцияни бошлаш учун вайронага айланган шаҳарлардаги бинолар вайроналарини тозалаш ва 55 миллион тоннадан ортиқ қурилиш чиқиндиларини олиб ташлаш кераклигини айтди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки томонидан биргаликда олиб борилган зарар ва эҳтиёжларни тезкор баҳолашга кўра, Ғазони қайта тиклаш учун тахминан 70 миллиард доллар (тахминан 61 миллиард еврога тенг) керак бўлади», деди Cиллиерс.

Унинг сўзларига кўра, бу ташкилотларнинг вазифаси вайронагарчилик кўламини белгилашдан ташқари, «биринчи навбатда қайси ҳудудларни қайта қуриш ва саъй-ҳаракатларни қаерга йўналтириш»га устувор аҳамият беришдан иборат.

«Ҳамма ҳудудлар ҳам қайта тикланмаслиги эҳтимолдан холи эмас», деди БМТ вакили. Унинг таъкидлашича, фақат кейинги уч йил ичида реконструкция учун 20 миллиард доллар (17,3 миллиард евро) сарфлаш режалаштирилган.

Яко Силлиерс Ғазо секторидаги реконструкция ишлари қачон якунланиши мумкинлиги ҳақида маълумот беришдан бош тортди. Унинг таъкидлашича, реконструкция маблағлар миқдорига боғлиқ ва ўнлаб йиллар давом этиши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид