Ўзбекистон | 23:37 / 16.10.2025
11236
4 дақиқада ўқилади

Янги Тошкент аэропорти қурилиши ва қишга тезак тайёрлашга чақирган ҳоким – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

– Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз, деди Шавкат Мирзиёев. Янги халқаро аэропорт қурилиши бунга катта замин бўлиши қайд этилди.

Саудия Арабистонининг «Vision Invest», Япониянинг «Sojitz» ва Кореянинг «Incheon» компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади.

Президент янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

Ўзбекистондаги биринчи алюминий қадоқ ишлаб чиқариш заводи ишга тушди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги «Янги авлод» махсус саноат зонасида бўлиб, мамлакатимиздаги биринчи алюминий қадоқ ишлаб чиқариш ва салқин ичимликлар қуйиш заводи фаолияти билан танишди.

Қиймати 90 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа асосан хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилган. Корхона 21 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ рақамлаштирилган, бу эса маҳсулот сифати ва барқарор ишлаб чиқаришни халқаро стандартлар даражасида таъминлайди.

Мактабларда кузги таътил 4 ноябрдан бошланади

Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2025-2026 ўқув йилининг кузги таътили санаси маълум қилинди.

Кузги таътил жорий йилнинг 4 ноябр кунидан 9 ноябргача давом этади.

II чорак учун дарслар 10 ноябр, душанба кунидан бошланади.

Кўп қаватли уйларга туташ ерларда салкам 2 мингта ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланди

Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг парламент сўровига жавобини кўриб чиқди.

2025 йилда олиб борилган назорат тадбирлари давомида кўп квартирали уйларга туташ ерларда 1952 та ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланган. Улардан 738 таси жойида бартараф этилган бўлса, қолган 1214 та ҳолат юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан 1807 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти кўп квартирали уй-жойларни бошқариш органларидан бўлиб, таклиф ва муаммолар мунтазам таҳлил қилинмоқда ва амалий чоралар кўрилмоқда.

Қумқўрғон тумани ҳокими одамларни қишда ёқиш учун тезак тайёрлаб қўйишга чақирди

Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов табиий газ йўқлиги сабабли одамларни қишда ёқиш учун тезак тайёрлаб қўйишга чақирди. Ҳоким бу ҳақда халқ депатутлари Қумқўрғон тумани кенгашининг 2025 йил 12 сентябр куни ўтказилган сессиясида гапирган.

«Мутахассислар томонидан бу йил қиш совуқ келади деган прогноз қилиняпти. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўришимиз зарур. Қор, ёмғир ёғган кунлари халқ қийналмаслиги керак... Мана, оддий бир тезак, ҳозир ҳеч ким тезак қилмайди. Уйларга тезак, чалмаларни йиғиб, босиб, қишда қор ёғдими, иккита тайлаб қўйса бўлади-ку. Нимага энди биз газ-газ деб қолдик? Тушунган бўлганларинг учун айтяпман, газнинг таги бўлса қани, таги йўқ-да шунинг», деди Нормаматов.

Маълумот учун, тезак чорва моллари гўнгини қуритиб, тайёрланадиган ёқилғи тури ҳисобланади. Ундан асосан қишлоқ жойларида фойдаланилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид