Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Новосибирскда ЙТҲ оқибатида бир ўзбекистонлик ҳалок бўлди, иккинчиси жароҳатланди
Россиянинг Новосибирск областида ўзбекистонлик ҳайдовчилар бошқарувидаги юк машиналари тўқнашди. Ҳайдовчиларнинг бири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси шифохонага ётқизилган. ЙТҲга сабабчи бўлган енгил машина ҳайдовчиси ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.
Фото: Новосибирск Давлат автоинспекцияси
16 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Новосибирск областида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
Ҳудуд Давлат автоинспекцияси ахборот хизмати хабарига кўра, воқеа маҳаллий вақт билан ярим тунда, соат 1:20 атрофида Орда районида содир бўлган.
Маълум қилинишича, Renault Sandero бошқарувида бўлган 39 ёшли аёл ҳайдовчи К-17Р «Новосибирск – Кочки – Павлодар» йўлида кетаётганида, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Унинг машинаси DAF юк машинаси билан тўқнашган. Натижада, DAF ҳайдовчиси ҳам бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва Volvo юк машинасига урилган.
DAF ҳайдовчиси, 42 ёшли ўзбекистонлик олинган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Volvo ҳайдовчиси – 55 ёшли ўзбекистонлик эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.

Тармоқларда мазкур ЙТҲ оқибатлари акс этган видео тарқалди. Видео муаллифи ўзбек тилида гапириб, DAF ортидан келаётганида фожиали воқеага гувоҳ бўлганини айтади ва аварияга учраган юк машиналарини кўрсатади – видеода 85 (85, Навоий вилояти) 40 (Volvo, Фарғона вилояти) билан бошланган давлат рақамларини кўриш мумкин.
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси Podrobno.uz нашри сўровига жавобан, юк машиналари ҳайдовчилари ўзбекистонликлар бўлганини тасдиқлаган.
Маҳаллий нашрларда ЙТҲга сабабчи бўлган ҳайдовчи аёл ўз жонига қасд қилгани, унинг икки фарзанди етим қолгани ҳақида хабар тарқалган.
Бундан аввалроқ Россиянинг Амур областида енгил автомобил ва йўловчи автобус тўқнашгани, йўловчилар орасида ўзбекистонлик ишчилар ҳам борлиги ҳақида хабар берилганди. Ҳодиса оқибатида 46 киши жароҳатланган, 1 киши вафот этган. Кейинроқ Миграция агентлиги бу автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлганини рад этди.
Мавзуга оид
11:05 / 10.11.2025
Тошкентда Россиядан беморларни қабул қилиш масаласи муҳокама этилди
22:14 / 02.11.2025
Новосибирскда қийин ҳолатда қолган она ва унинг фарзандлари Ўзбекистонга олиб келинди
16:10 / 27.10.2025
Радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ёзилади
00:58 / 24.10.2025