Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Қирғизистонга ўлим жазосини қайтаришнинг қонуний жиҳатдан имконсиз эканини тушунтирди
Мамлакат ўлим жазосини тақиқлашни назарда тутувчи халқаро пакт ва протоколни имзолаган. Ундан бир томонлама чиқишнинг имкони йўқ. Шу сабабли Қирғизистон ўлим жазосини юридик жиҳатдан қайтара олмаслиги таъкидланмоқда.
Фото: Getty images
Тегишли халқаро шартномаларни ратификация қилган давлатлар учун ўлим жазосини бекор қилиш ҳуқуқий жиҳатдан имконсиз ҳисобланади. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълум қилди.
Ташкилотнинг таъкидлашича, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (ФСҲХП) ва унинг Иккинчи Факультатив протоколида «денонсация» тўғрисидаги қоидалар йўқ. Бу шуни англатадики, ушбу шартномаларга қўшилган давлатлар учун ўлим жазосини бекор қилиш юридик жиҳатдан имконсиз ва уларга уни қонунчиликка қайта киритиш тақиқланади. Шунингдек, ушбу пактдан ҳеч бир давлат бир томонлама тарзда чиқолмайди, чунки шундай банднинг ўзи кўзда тутилмаган. Бундай қадам халқаро ҳуқуқнинг бузилишини англатади, деб тушунтирди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк.
Бундан ташқари, мазкур протоколни ҳеч қандай шартларсиз ратификация қилган давлат энг оғир жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини қўллашга ҳақли эмас.
Ўлим жазосининг қайтарилиши халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ва Қирғизистон учун регрессив қадам бўлади, деди Турк. Унинг қўшимча қилишича, ҳеч бир одил судлов тизими хатолардан холи эмас ва ўлим жазосининг қайтарилиши муқаррар равишда давлатнинг бегуноҳ одамларни ҳам қатл қилишига олиб келади.
Турк ушбу ташаббус муҳокамасига сабаб бўлган жиноятларнинг оғирлигини тан олган ҳолда, олий жазо чораси жиноятчиликни самарали жиловлашини исботловчи далиллар йўқлигини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси раҳбари Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини қайтариш ғоясидан зудлик билан воз кечишга ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга, одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлашга ва жабрланганларга товон тўлашга эътибор қаратишга чақирди. Туркнинг фикрича, зўравонликка, шу жумладан жинсий зўравонликка жавобан жабрланувчиларнинг манфаатларига йўналтирилган ва тегишли ресурслар билан қўллаб-қувватланадиган ёндашув бўлиши керак.
Ҳозирги вақтда дунёнинг 170 га яқин давлати ўлим жазосини бекор қилган ёки уни қонунчиликда ёки амалиётда қўллашга мораторий жорий этган.
Қирғизистонда 2025 йил сентябрь ойи охирида 17 ёшли Айсулу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ортидан ўлим жазосини қайтариш масаласи кўтарилди.
Президент Садир Жапаров Конституцияга болани зўрлаш, шунингдек, кейинчалик бола ёки катталарни ўлдириш билан боғлиқ зўрлаш учун ўлим жазосини қўллашга рухсат бериш бўйича ўзгартиришлар киритишни буюрди. Бундан ташқари, Иккинчи Факультатив протоколдан чиқиш ҳам таклиф қилинди. Мамлакат Конституциясига ўлим жазосини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёр, яқин ҳафталарда республикада ушбу масала бўйича референдум ўтказилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
12:51
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
09:20
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
08:04 / 04.12.2025
АҚШ БМТнинг украиналик болаларни қайтариш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади
10:00 / 01.12.2025