Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирғизистон президенти болалар ва аёлларга қарши оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайтаришни буюрди
Садир Жапаров сентябр ойи охирида 17 ёшли қоракўллик қиз зўрланган ва бўғиб ўлдирилганидан кейин шундай топшириқ берди.
Фото: president.kg
Қирғизистон президенти Садир Жапаров педофиллар, шунингдек, аёлларни зўрлаб, кейин ўлдирганлик учун ўлим жазосини жорий этишни буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Асқат Алагозов маълум қилди.
«Президент Администрацияси Ҳуқуқий таъминот бошқармаси бошлиғи Мурат Укушевга қонунчиликка болалар, қизлар ва аёлларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар тайёрлашни топширди. Хусусан, гап болаларни зўрлаш, шунингдек, аёлларни зўрлаб, кейин ўлдириш учун ўлим жазоси тўғрисидаги нормани жорий этиш ҳақида кетмоқда», деди Алагозов.
Унинг сўзларига кўра, Жапаров сентябр ойи охирида зўрланган ва бўғиб ўлдирилган 17 ёшли қоракўллик қиз ҳодисасига шундай муносабат билдирган. Жиноятда гумонланувчи Бишкекда қўлга олинди, у 1984 йилда туғилган, муқаддам судланган эркак бўлиб чиқди.

Жапаров болалар ва аёлларга қарши жиноятлар жазосиз қолмаслиги кераклигини айтди, дея қўшимча қилди Алагозов. Президент қизнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ишни ўз назоратига олди.
Қирғизистонда ўлим жазоси 1998 йилда, бундай ҳукмларни ижро этишга мораторий эълон қилингандан сўнг тўхтатилди, аммо судлар узоқ вақт давомида ўлим жазосини қўллашни давом эттирди. Ўлим жазоси 2007 йилда тўлиқ бекор қилинди ва умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Бунгача, 2006 йилда Қирғизистон Конституциясидан олий жазо чораси ҳақидаги эслатма олиб ташланди, 2010 йилда эса мамлакат ўлим жазосини тақиқловчи ва келажакда унга қайтмаслик мажбуриятини юкловчи халқаро протоколни ратификация қилди.
Ўлим жазосини қайтариш учун мамлакатнинг Конституциясига ўзгартиришлар киритиш ва референдум ўтказиш талаб этилади.
Мавзуга оид
09:20
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
10:00 / 01.12.2025
Қирғизистондаги сайловлар: Жапаровга содиқ номзодлар деярли барча округда ғалаба қозонди
17:04 / 30.11.2025
Мухолифатчилар ҳибсга олиниши ва энергетика инқирози. Қирғизистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари қандай шароитда ўтмоқда?
11:20 / 30.11.2025