Ўзбекистон | 23:27 / 21.10.2025
3260
4 дақиқада ўқилади

Йўлдошли интернет ва ўқувчиларнинг ташаббусли бюджети – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2026 йилдан йўлдошли интернет операторлари фаолияти йўлга қўйилади

Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан йўлдошли интернет операторлари фаолияти йўлга қўйилиши маълум қилинди. Улар 5 йилга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

Президент йиғилишда инвесторлар учун янада жозибадор муҳит яратиб, замонавий супер компютер кластерлари ва дата-марказларни кўпайтириш зарурлигини қайд этди. Бундай марказлар харажатининг 70 фоизи электр энергиясига тўғри келгани учун инвесторлар жозибадор электр тарифлари масаласини кўтарган.

Бу борадаги ишлар Қорақалпоғистондан бошланиши белгиланди. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан кўп сармоя киритган инвесторларга электр энергияси нархи 5 цент этиб белгиланади.

Ўқувчиларнинг ташаббусли бюджети – «Менинг мактабим» лойиҳаси бошланмоқда

Лойиҳа доирасида ҳар битта умумтаълим мактабига 62 млн сўмдан маблағ ажратилади. Бу маблағни нимага ишлатишни эса юқори синф ўқувчилари ҳал қилади.

Ўқувчилар ўз мактабини қўшимча жиҳозлаш бўйича таклиф киритиб, уни мактабдошлари орасида тарғиб қилиш орқали овоз тўплайди. Бунда, киритилган таклифларга фақат шу мактабнинг ўқувчилари овоз бера олади.

Энг кўп овоз олган лойиҳалар ғолиб деб топилиб, сўралган жиҳозлар харид қилинади.

Самарқандга кириш йўллари вақтинча ёпилади

Шу йилнинг 30 октябридан 14 ноябрига қадар Самарқандга кириш йўллари вақтинчалик ёпилади. Шу кунлари Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилади. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Қайд қилинишича, транзит транспорт воситалари учун айланма ҳаракат йўналишлари ташкил этилади. ИИВ ушбу кунларда Самарқандга боришни мақсад қилган фуқароларга режани ўзгартиришни тавсия қилди.

Муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга тоифалар белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи заводлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, уруш ногиронлари, болаликдан ногирон болаларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ёшидан қатъи назар, кончилик саноатининг етакчи касблари ходимлари, учувчилар ва учувчи-синов таркиби ходимлари, артистларнинг айрим тоифалари, спортчиларнинг алоҳида тоифалари ва бошқалар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ходимлари солиқдан энг кўп қарздор корхоналар маълум бўлди

16 октябр куни жорий йил учун ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддати тугади. Солиқ қўмитаси ходимлари ушбу солиқ турларидан энг кўп қарздор корхоналарни маълум қилди.

Таъкидланишича, корхоналар ходимларининг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзи 831,5 млрд сўмдан ошган.

Энг кўп қарздорлик «Темирйўлларинфратузилма» АЖ (4 млрд сўм), «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ (3,3 млрд сўм) ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ (3,3 млрд сўм) ходимларида қайд этилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид