Ўзбекистонда мактаблардаги шароитларни яхшилашга қаратилган “Менинг мактабим” ташаббусли бюджет лойиҳаси бошланмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳар битта умумтаълим мактабига 62 млн сўмдан маблағ ажратилади. Бу маблағни нимага ишлатишни эса ўша мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ҳал қилади.

Ўқувчилар ўз мактабини қўшимча жиҳозлаш бўйича таклиф киритиб, уни мактабдошлари орасида тарғиб қилиш орқали овоз тўплайди. Бунда, киритилган таклифларга фақат шу мактабнинг ўқувчилари овоз бера олади.

Энг кўп овоз олган лойиҳалар ғолиб деб топилиб, сўралган жиҳозлар харид қилинади.

Бу орқали ёшларда мақсад сари жамоа бўлиб ҳаракат қилиш кўникмаси шаклланади, лидерлик қобилияти ривожланади.

“Менинг мактабим” лойиҳаси ўтган йили илк марта синов тариқасида ўтказилган ва унда мактаб учун компютер, электрон доска, спорт жиҳозлари, фаоллар зали учун жиҳозлар ва кузатув камералари каби ташаббуслар илгари сурилган.

Бу йилдан бошлаб, “Менинг мактабим” республика бўйича юқори синф ўқувчилари ўқийдиган умумтаълим мактабларининг барчасида ўтказилади.

1-мавсумда 112 та тумандаги 4987 та мактаб қатнашади ва бунда:

  • 22–31 октябр кунлари лойиҳалар шакллантирилади;
  • 1–10 ноябр кунлари лойиҳалар сараланади;
  • 11–20 ноябр кунлари овоз бериш босқичи ўтказилади.

Қолган мактаблар эса декабр ойида бўладиган 2-мавсумда иштирок этади.

Лойиҳа киритиш босқичида ўқувчилар “Очиқ бюджет” порталидаги намуналар орасидан ўзига ёққан лойиҳани танлаб олиши ёки ўзлари янгидан лойиҳа шакллантириб, уни илгари суриши мумкин.