Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яна баллистик ракеталар учирган Ким, Ғазодаги вазият ҳамда қолдирилган Трамп–Путин учрашуви – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп ва Путин учрашуви қолдирилди — ОАВ
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида режалаштирилган саммит сешанба куни тўхтатиб қўйилди. Бунинг сабабларидан бири — Москванинг Украинада дарҳол ўт очишни тўхтатишни рад этиши бўлиб, у музокараларни ўтказишга уринишларига соя солмоқда.
Трамп ўтган ҳафтада Путин билан Украинадаги урушни тугатишга ҳаракат қилишларини эълон қилган эди. Аммо Путин имкон қадар имтиёзлар беришга тайёр эмас. Москва узоқ вақтдан бери ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишидан олдин Украина янада кўпроқ ҳудудни топширишини талаб қилиб келади.
Трамп журналистлар томонидан саммит эҳтимоли ҳақида сўралганда, «бекорчи учрашув»ни хоҳламаслигини, бироқ «янги воқеалар бўлиши мумкин»лигини айтди ва «кейинги икки кун ичида сизларга хабар берамиз», деди.
Путиннинг инвестиция элчиси Кирилл Дмитриев ижтимоий тармоқлардаги хабарида саммитга тайёргарлик «давом этаётганини» ёзди.
Reuters'нинг АҚШ икки расмийсига таяниб ёзишича, Россия ўтган ҳафта АҚШга юборган «non paper» деб аталувчи хусусий коммюнике орқали тинчлик бўйича узоқ муддатли талабларини айтди. Унда Россия узоқ вақтдан бери даъво қилаётган Шарқий Донбасс минтақасининг тўлиқ назоратини талаб қилган. Бу эса Трампнинг фронт чизиғининг ҳозирги ҳолатида музокаралар бошланиши керак, деган чақириғини амалда рад қилади.
Европа етакчилари ҳам Вашингтондан дарҳол ўт очишни тўхтатишни қатъий талаб қилишни ва ҳозирги жанг чизиқларини келажакдаги ҳар қандай музокаралар учун асос сифатида қолдиришни сўради.
Ғазодаги вазият
Ғазо секторидаги сулҳ келишуви доирасида ҲАМАС яна икки нафар гаровга олинган кишининг жасадини Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширди.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, «ҳалок бўлган икки асирнинг тобутлари ҳозирда Ғазо секторидаги Исроил қўшинларига етказилмоқда». Баёнотда тобутлар Исроилга олиб ўтилиб, Миллий суд-тиббиёт марказига юборилиши айтилган.
«Шахсни аниқлаш жараёни якунлангач, оила аъзоларига расмий равишда хабар берилади», - дейилади бош вазир идораси баёнотида.
Ушбу сулҳ келишуви доирасида ҲАМАС ҳозиргача 20 нафар тирик гаровдагини озод қилган ҳамда 14 кишининг жасадини топширган. Бунинг эвазига 2 мингга яқин фаластинлик маҳбус озод қилинган. Ушбу сулҳ 10 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф қилган босқичма-босқич режа асосида кучга кирганди.
Ғазо ҳукумати эълон қилган маълумотга кўра, сулҳ кучга киргандан бери секторга атиги 986 та гуманитар ёрдам юк машинаси кирган — бу келишилган миқдордан анча кам.
Баёнотда айтилишича, душанба кечига қадар Ғазога жами 6 минг 600 та юк машинаси кириб келиши керак эди. Аммо сулҳ кучга кирганидан буён Ғазога кунига кираётган машиналар ўртача 89 тадан ошмаяпти, аслида эса ҳар куни 600 та машина кириши керак эди.
«Бу рақамлар Исроил босқинчи кучларининг 2,4 миллиондан ортиқ Ғазо аҳолиси устидан очлик ва ҳуманитар шантаж сиёсатини давом эттираётганини кўрсатади», - дея баёнотдан иқтибос келтирмоқда Anadolu нашри.
Шимолий Корея қисқа масофали баллистик ракеталар учирди
Шимолий Корея 22 октябр куни эрталаб Шарқий денгиз томонга бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталар учирди. Бу — июн ойида жанубликларнинг президенти Ли Жаэ Мюнг лавозимига киришганидан буён мамлакатнинг биринчи ракета синовидир.
Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг маълум қилишича, ракеталар маҳаллий вақт билан соат 8:10 атрофида Шимолий Хванҳе провинцияси ҳудудидан учирилиб, Шарқий денгиз томон парвоз қилган.
«Ҳарбийларимиз қўшимча учириш эҳтимолига тайёргарлик сифатида кузатувни кучайтирди ва АҚШ ҳамда Япония билан ахборот алмашган ҳолда қатъий жанговар тайёргарлик ҳолатини сақламоқда», - дейилади Бирлашган штаб баёнотида.
Шимолликларнинг бу ракета учириши — Жанубий Корея 31 октябр-1 ноябр кунлари Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитига мезбонлик қилиши арафасида амалга ошгани эътиборни тортди. Чунки тадбирга АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.
«Қирғизистон ўлим жазосини қайтаролмайди» – БМТ
Қирғизистон ўлим жазосини тақиқлашни назарда тутувчи халқаро пакт ва протоколни имзолаган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасига кўра, тегишли халқаро шартномаларни ратификация қилган давлатлар учун ўлим жазосини бекор қилиш ҳуқуқий жиҳатдан имконсиз ҳисобланади.
Ташкилотнинг таъкидлашича, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва унинг Иккинчи факултатив протоколида «денонсация» тўғрисидаги қоидалар йўқ. Бу шуни англатадики, ушбу шартномаларга қўшилган давлатлар учун ўлим жазосини бекор қилиш юридик жиҳатдан имконсиз ва уларга уни қонунчиликка қайта киритиш тақиқланади.
Шунингдек, ушбу пактдан ҳеч бир давлат бир томонлама тарзда чиқолмайди, чунки шундай банднинг ўзи кўзда тутилмаган. Бундай қадам халқаро ҳуқуқнинг бузилишини англатади, деб тушунтирди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк.
Бундан ташқари, мазкур протоколни ҳеч қандай шартларсиз ратификация қилган давлат энг оғир жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини қўллашга ҳақли эмас.
Ўлим жазосининг қайтарилиши халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ва Қирғизистон учун регрессив қадам бўлади, деди Турк. Унинг қўшимча қилишича, ҳеч бир одил судлов тизими хатолардан холи эмас ва ўлим жазосининг қайтарилиши муқаррар равишда давлатнинг бегуноҳ одамларни ҳам қатл қилишига олиб келади.
Турк ушбу ташаббус муҳокамасига сабаб бўлган жиноятларнинг оғирлигини тан олган ҳолда, олий жазо чораси жиноятчиликни самарали жиловлашини исботловчи далиллар йўқлигини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси раҳбари Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини қайтариш ғоясидан зудлик билан воз кечишга ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга, одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлашга ва жабрланганларга товон тўлашга эътибор қаратишга чақирди.
Ҳозирги вақтда дунёнинг 170 га яқин давлати ўлим жазосини бекор қилган ёки уни қонунчиликда ёки амалиётда қўллашга мораторий жорий этган. Қирғизистонда 2025 йил сентябр ойи охирида 17 ёшли Айсулу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ортидан ўлим жазосини қайтариш масаласи кўтарилди.
Луврдан ўғирланган буюмлар нархи 102 миллион доллар
Лувр музейидан ўғирланган заргарлик буюмларининг қиймати 88 миллион евро, яъни 102 миллион долларга тенг, деди Париж прокурори. «Бу сумма, албатта, ниҳоятда ҳайратланарли», деди прокурор Лор Бекко RTL радиосига берган интервюсида. «Аммо бу ўғирлик натижасида етказилган тарихий зарарни пул билан қиёслаб бўлмайди».
Якшанба куни эрталаб ўғрилар механик нарвон ёрдамида Луврнинг иккинчи қаватига чиқиб, деразани арралаб очишган ва Аполлон галереясидан бир неча дақиқа ичида қироллик олмосларидан иборат саккизта асарни олиб қочганди.
Ҳозирча жиноятчилар ҳали топилмаган. Расмийларнинг айтишича, тергов бу жиноятни ташкилий жиноий гуруҳ содир этган, деган тахмин асосида олиб борилмоқда. Мутахассислар бу турдаги ўғрилар кўпинча буюмларнинг бадиий қийматидан кўра уларни майдалаб ёки эритиб сотишга кўпроқ қизиқишади, дейди.
Прокурорнинг айтишича, агар ўғрилар заргарлик буюмларини эритиб юборишса ёки қисмларга ажратса, бу суммага сотишнинг имкони бўлмаслигини огоҳлантирди. «Шунинг учун, эҳтимол, улар буни ўйлаб кўришар ва заргарлик асарларини вайрон қилишмас деган умидда қоламиз», - деди у.
Мавзуга оид
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025
Путиннинг Европага таҳдиди, АҚШда янги миграцион чекловлар, Жанубий Осиёдаги сув тошқинлари ва Кремлдаги музокаралар – кун дайжести
15:56 / 02.12.2025