Жаҳон | 14:06 / 23.10.2025
2592
4 дақиқада ўқилади

РФ Мудофаа вазирлиги захирадагиларни НҚЗни дронлардан ҳимоя қилишга йўналтиради

Бош штаб Мудофаа вазирлиги таклиф этган қонун лойиҳасини шарҳлар экан, ҳужжат захирадагиларни Украина дронларидан нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ) ва бошқа объектларни ҳимоя қилишга йўналтириш имконини беради, деб билдирди. Уларнинг урушда иштирок этиши режалаштирилмаган.

Фото: AP/dpa/picture alliance

Хизматни ўтаб бўлган ва Мудофаа вазирлиги билан захирада бўлиш тўғрисида ихтиёрий шартнома тузган россияликлар янги қонун лойиҳасига мувофиқ ўз ҳудудида жойлашган муҳим аҳамиятга эга объектларни — аввало, дрон ҳужумларидан — ҳимоя қилиш учун махсус йиғинларга чақирилиши мумкин, деди Бош штаб Бош ташкилот-мобилизация бошқармаси бошлиғи ўринбосари вице-адмирал Владимир Цимлянский чоршанба, 22 октябр куни.

«Россия ҳудудининг ички қисмидаги фуқаролик объектларини ҳимоя қилиш тадбирларини амалга оширишга тайёр ва ватанпарвар фуқароларни жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилинди», — деди Цимлянский брифингда Мудофаа вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасини шарҳлар экан. Унинг сўзларига кўра, бу қадам Россиядаги объектларга Украина дронлари ҳужумлари «салмоқли равишда тез-тез такрорланиб тургани» боис қўйилмоқда. Бундай объектлар қаторига транспорт ва энергетика инфратузилмаси, шунингдек нефтни қайта ишлаш заводлари киради.

Цимлянский алоҳида таъкидлашича, захирадагилар Украинадаги урушда ва Россия ташқарисидаги вазифаларда иштирок этмайди. У, шунингдек, қонун лойиҳаси «барча фуқароларга тааллуқли эмас ва уларни ҳарбий хизматга чақиришни назарда тутмайди», деб қўшимча қилди. «Қолаверса, бу ерда ҳеч қандай сафарбарлик ҳақида гап кетмаяпти», — деди вице-адмирал.

Октябр ўрталарида ҳукуматнинг қонунчилик фаолияти бўйича комиссияси Мудофаа вазирлиги таклифини маъқуллади; унга кўра, сафарбарлик захирасида турган фуқароларни ҳатто тинч вақтда ҳам, шу жумладан мамлакат ташқарисидаги вазифаларга жалб этиш мумкин бўлади.

Тушунтириш хатида аниқлаштирилишича, гап Мудофаа вазирлиги билан захирада бўлиш тўғрисида шартнома тузган шахслар ҳақида кетмоқда. Ҳозир қонун улардан фойдаланишни фақат сафарбарлик даври ёки ҳарбий вақт билан чеклайди.

Дума Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов таклиф этилган ўзгаришларни шарҳлар экан, қонун лойиҳасида «етарлича кенг тушунчалар» ишлатилгани, бу эса захирадагилардан турли шароитларда «қўшимча қонунлар қабул қилмасдан» фойдаланиш имконини бериши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, «жуда кўп одамлар» Россиянинг чегара ҳудудларида захирада ҳисобда туради.

Сафарбарлик захирасини яратиш 2012 йилда президент Владимир Путиннинг «май ойи фармонлари»дан бири билан белгилаб қўйилган. Бу, ҳарбий хизматдан захирага бўшатилиш арафасидаги ҳарбийларга шартнома тузиш имконини берди: унга кўра, улар даврий ҳарбий йиғинларга қатнашишга мажбур. Мукофот сифатида захирадагиларга ойлик тўловлар берилади: 2023 йил ҳолатига кўра, прапоршик, сержант ва аскарларга — ойига 6000 рублгача, офицерларга — 10 минг рублгача. Йиғинлар даврида тўлов миқдори юқорироқ. Биринчи шартнома уч йилга тузилади, кейинги қайта имзолашларда муддат қисқариши ёки узайиши мумкин — энг кўпи билан 5 йилгача.

Бундай захирадагиларнинг аниқ сони номаълум. Бироқ 2024 йил декабрида Путин Россия армияси сонини яна оширди: бу сафар ҳарбий хизматчилар сони 180 мингга кўпайиб, 1,5 миллион нафарга етиши керак эди. 2025 йил сентябрида Путин Украинадаги урушда 700 мингдан ортиқ россиялик аскар иштирок этаётганини айтган: шу рақамни у 2024 йил июнида ҳам тилга олган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид