Ўзбекистон | 22:46 / 24.10.2025
4573
3 дақиқада ўқилади

Турар жой мажмуалари учун янги талаб ва кўплаб машиналарни уриб кетганларга жазо — маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Турар жой мажмуаларининг номи ўзбек тилида бўлиши талаби қўйилди

Ҳукумат қарорига биноан, 2026 йил 1 январдан бошлаб янги қурилаётган турар жой мажмуаларининг номи давлат тилида бўлиши керак.

Шунингдек, қурилиш объектлари лойиҳалари акс этган бино паспорти, пешлавҳаси, қурилиш майдонлари атрофидаги вақтинча девор ва тўсиқлардаги барча ёзувлар, шу жумладан реклама ва эълонлар матнлари давлат тилида ёзилиши талаб этилади.

ЙПХ ходимидан қочиб, кўплаб машиналарни уриб кетган йигит ва қизга ҳукм ўқилди

Суд ҳужжатларида келтирилишича, 2025 йил 19 апрел куни ЙПХ ходими Gentra автомобилига тўхташ ишорасини кўрсатган. Аммо ҳайдовчи тўхтамасдан қочиб кетган ва йўл-йўлакай 5 та машинани урган.

Қайд қилинишича, автомобилдаги йигит ва қиз наркотик модда таъсирида бўлган. Ҳайдовчи қизда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, шунингдек, автомобилнинг давлат рақам белгиси ечиб олинган.

Суднинг ҳукми билан йигит ва қиз жиноий жавобгарликка тортилди. Автомобилларга етказилган зарар қоплаб берилгани таъкидланмоқда.

Археология объектларининг давлат каталоги юритилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.

Қайд қилинишича. Маданият ишлари вазирлиги археология объектларининг давлат каталогини юритади ва археология ашёларини рўйхатдан ўтказишни амалга оширади.

Археология ашёларига нисбатан фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш улар каталогда рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.

7 ва ундан юқори балл олганлар IELTS учун тўловни қандай қайтариб олиши мумкин?

2024 йилда IELTS имтиҳонида юқори балл олган талабалар сони ошди: 13,4 минг иштирокчи 7–8 балл, 300 дан ортиқ киши эса 8,5 ва ундан юқори натижага эришди. Борган сари кўпроқ ёшлар инглиз тилини C1 ва C2 даражасида билишини тасдиқлаяпти, аммо ҳамма ҳам бундай натижа имтиҳон учун тўланган маблағни қайтариб олиш ҳуқуқини беришини билмайди.

Аслида бу жараён унчалик мураккаб эмас, лекин баъзи нозик жиҳатларни билиб олган яхши.

Йўлдош алоқа тармоқлари операторлари ҚҚС ва фойда солиғидан озод қилинади

Президент қарорига кўра, йўлдош алоқа тизимини жорий этиш ва йўлдош интернет хизматларини кўрсатиш Ўзбекистон ҳудудида телекоммуникациялар соҳасида лицензияланадиган фаолият турлари этиб белгиланди.

2026 йил 1 январдан бошлаб, ўрта ва паст орбитали йўлдош алоқа тармоқларини Ўзбекистон ҳудудида марказий ер станцияси орқали ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган лойиҳалар доирасида 5 йил муддатга имтиёзлар берилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид