Жаҳон | 15:32 / 29.10.2025
4477
9 дақиқада ўқилади

Ғазога яна ҳужум қилган Исроил, Бразилиядаги «қонли рейд» ва Трампнинг Осиёдаги «сўнгги бекати» – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил сулҳни бузиб, Ғазога ҳужум қилди

Исроил ҳарбийлари сешанба куни тунда Ғазога авиазарбалар берди. Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, зарбалар натижасида камида 26 киши ҳалок бўлди; жумладан, Бурейж қочқинлар лагерида бир уйнинг зарба олиши оқибатида беш киши, Сабра маҳалласидаги бинода тўрт киши ва Хон Юнусда бир машинада беш киши ҳалок бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, Исроил самолётларининг зарбалари чоршанба куни тонггача Ғазо бўйлаб давом этган.

Бу зарбалар Бинямин Нетаняҳу офиси томонидан у дарҳол «кучли ҳужумлар»ни буюргани ҳақида берган баёнотдан кейин содир бўлди. Баёнот зарбаларнинг аниқ сабабини кўрсатмаган. Reutersʼнинг ёзишича, Исроил расмийси — Ҳамас уларнинг назоратидаги ҳудуддаги исроиллик кучларга қилган ҳужуми ҳақида гапирган.

Ҳамас эса Исроил томонидан сулҳнинг бузилишидан сўнг баёнот бериб, «сулҳ шартларига риоя қилаётгани ва Рафаҳдаги қуролли ҳодисага алоқаси йўқлиги»ни билдирди.

«Ғазога уюштирилаётган ҳужумлар — сулҳни издан чиқаришга қаратилган занжирнинг бир қисмидир. Биз воситачиларни дарҳол аралашишга ва Исроилга босим ўтказишга чақирамиз», дейилади гуруҳ баёнотида.

Ҳамас олдин ҳам Ғазодаги бошқа қуролли гуруҳлар билан алоқада эмаслиги, уларнинг ҳужумлари учун жавоб бермаслигини билдирганди. Айрим таҳлилчиларга кўра, бу Исроил томонидан Ғазога ҳужумларни қайта бошлаш учун провокация ҳам бўлиши мумкин.

Исроил ҳужумларидан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги сулҳ хавф остида эмаслигини айтди.

«Қайд этилишича, улар бир исроиллик аскарни ўлдиришган», - деди Трамп Air Force Oneʼдаги мухбирларга. «Шундай бўлгач, исроилликлар жавоб берди ва улар жавоб бериши керак. Бундай бўлганда, жавоб беришлари керак», - деб қўшимча қилди у.

Трампга кўра, сулҳ ҳеч нарса билан хавф остига қўйилмайди.

«Агар улар (Ҳамас) яхши бўлишса, хурсанд бўлади; агар яхши бўлмаса, уларнинг ҳаёти тугатилади. Ҳеч ким исроиллик аскарга нима бўлгани ҳақида билмайди, аммо улар снайпер ўқи билан ўлдирилган дейишяпти. Ва бу бунга кўра қасос бўлди, менимча, улар бунга жавоб беришга ҳақли», дея Трамп Исроилнинг ҳаракатларини оқлашга уринди.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган сулҳ шартномаси 10 октябр куни кучга кирганди. Томонлар шундан сўнг жангларни тўхтатиб, асирлар ва маҳбусларни алмашиш жараёнини бошлаган.

Мелисса довули

«Мелисса» довули сешанба куни Ямайка ҳудудига кирди: у орол бўйлаб кучли ёмғирлар ортидан вайронкор из қолдирди. Расмийларга кўра, у тарихдаги энг кучли 5-категория бўронларидан бири сифатида қуруқликда ҳам давом этмоқда.

Лекин бўрон қуруқликдаги ҳаракати давомида 4-категория даражасига тушди. У чоршанба куни Куба томон, ундан сўнг Багам ороллари томон «ҳаракатини» давом эттиради.

Ямайкага етказилган зарар миқдори ҳозирча аниқ эмас. Шамол тезлиги соатига 297 км бўлган «Мелисса» довули томларни учирган ва мамлакатнинг олтидан бир қисмини электрсиз қолдирган. Расмийлар ҳудудлар билан боғлана олмагани учун зарар кўлами ҳақида аниқ маълумот ололмаяпти.

Бўроннинг айнан жуда секин ҳаракати синоптиклар ва ҳукумат расмийлари орасида хавотир уйғотди, чунки бу вайронагарчиликларни кўпайтиради. Куннинг иккинчи ярмидаги брифингда Ямайка расмийлари 15 минг киши ҳукумат бошпаналарига жойлаштирилганини билдирди.

Бўрондан кейин соғлиқни сақлаш бўйича энг жиддий оқибатлар Ямайка ва Кубада кутилмоқда — жумладан, тиббий хизматларнинг издан чиқиши, ичимлик суви ифлосланиши, юқумли касалликлар тарқалиши каби муаммолар кўпаяди. Бюджет қисқариши туфайли ЖСТ ҳуманитар ёрдами ҳам қисқарган.

Бразилияда «қонли операция»

28 октябр куни Рио-де-Жанейрода Бразилия полицияси шаҳар тарихидаги энг қонли полиция амалиётини ўтказди. Амалиёт чоғида камида 64 киши ҳалок бўлди, уларнинг 4 нафари полиция. Маълум қилинишича, ушбу операция — БМТнинг иқлим саммити доирасидаги тадбирлари бошланишидан олдин йирик жиноий тўдага қарши қаратилган эди.

Рио губернатори Клаудио Кастро «нарко-террористик тузилмаларга қарши қатъий турамиз», дея баёнот берди. Унинг айтишича, операция шаҳарнинг халқаро аэропорти яқинида, камбағал ва зич аҳоли яшайдиган ҳудудлар — Рио фавелаларида ўтказилган. Унда 2 500 нафар хавфсизлик ходими иштирок этди.

«Сешанба куни эрта тонгда осмонни тутун қоплаган — жангарилар зирҳли машиналар ҳаракатини тўсиш учун автомобилларни ёқиб юборган, тўхтовсиз отишмалар эса шаҳар манзараси фонида янграган. Полиция тарқатган видеоларда гумондорлар полицияга қарши гранаталар билан жиҳозланган дронлардан фойдаланаётгани акс этган. Тасвирларда шунингдек, қуролланган шахсларнинг ўрмонзор томонга қочиб кетаётгани кўрсатилган», дейди Reuters мухбири.

Рио штати ҳукумати сешанба кунги операцияни «Comando Vermelho» тўдасига қарши тарихдаги энг йирик рейд деб атади.

Қурбонлардан ташқари, 81 нафар гумондор қўлга олинган, гиёҳвандлик савдосида айбланаётганлар ва уларнинг пул ювиш схемаларига қарши 250 та тинтув ва ҳибсга олиш ордери берилган.

Фуқаролик жамияти фаолларига кўра, ҳарбий услубдаги операцияда қурбонлар сони кўп бўлган холос. «Лекин бу бутунлай муваффақиятсиз ёндашув, чунки у гиёҳвандлик ишлаб чиқариш занжиридаги ҳақиқий бўғинларни нишонга олмайди».

Трампнинг Осиё сафари — «сўнгги бекат»

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Осиё бўйлаб сафарининг якуний манзили сифатида Жанубий Кореяга етиб келди. Гуанчжоудаги асосий мавзу — АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳал этилмаган савдо битими бўлади.

Трамп келишидан бир неча соат олдин Шимолий Корея ядро қувватига эга қанотли ракета синовини ўтказди.

Трамп Шимолий Корея ракета синовини менсимади ва эътиборини дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт етакчиси билан учрашувга қаратаётганини айтди.

«Хитой билан муносабатлар жуда яхши. Шундай экан, мамлакатимиз ва ҳатто дунё учун жуда яхши натижага эришамиз деб ўйлайман», - деди Трамп.

У АҚШнинг Хитойга нисбатан тарифларини камайтирмоқчи. Бунинг эвазига Хитойдан айрим минераллар бўйича экспорт чекловларига ўзгартириш сўраяпти.

Трампнинг Корея билан келишуви ҳам осон кечмаяпти. Бир неча ой олдин Жанубий Корея энг катта тарифлардан қутулиш учун АҚШга 350 миллиард долларлик янги инвестициялар киритишга рози бўлганди. Аммо ушбу инвестицияларнинг тузилишига оид музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

Трамп ушбу сафар давомида ҳам Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашувга қайта-қайта чақирган, бироқ Пхеняндан бу борада ҳеч қандай очиқ изоҳ бўлмади. Ким илгари АҚШ уни ядровий қуролдан воз кечишга мажбур қилишни тўхтатса, мулоқотга тайёр бўлиши мумкинлигини айтганди.

Украина дронларининг Россия бўйлаб ҳужумлари

Украина дронлари 29 октябрга ўтар кечаси Марий Эл ва Уляновск вилоятларидаги нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ), шунингдек Ставропол ўлкасидаги кимё корхонасига зарба берди.

Украинанинг пабликлари маҳаллий аҳоли томонидан ёзиб олинган видеоларни эълон қилди: уларда Ставропол ўлкасидаги «Ставролен» кимё заводида, Уляновск вилоятидаги «НС-Ойл» заводида ва Ёшкар-Ола шимолида жойлашган заводдаги ёнғинлар кўринади. Охирги корхона Украина чегарасидан 1000 км узоқликда жойлашган.

Бу объектларга ҳужумларни Россия тегишли минтақалари расмийлари ҳам тасдиқлади.

Бундан ташқари, Москва мэри Сергей Собянин баёнотига кўра, 29 октябрга ўтар кечаси пойтахтга яқинлашган жами еттита украин дрони уриб туширилган. Росавиация Москва аэропортлари — Домодедово, Жуковский, Шереметево, шунингдек, Калуга, Волгоград, Саратов, Самара, Пенза, Уляновск аэропортлари ишига вақтинча чекловлар жорий этди. Бир неча соатдан кейин чекловлар бекор қилинди.

РФ Мудофаа вазирлиги 28 октябр куни кечқурун Украина ҚКнинг 57 та дрони, жумладан, Москва томон учиб келаётганлари йўқ қилинганини билдирди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид