Ўзбекистон | 21:24 / 31.10.2025
7007
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Škoda поездини йиғиш йўлга қўйилиши мумкин

Чехиянинг Škoda компаниялар гуруҳи Марказий Осиё бозорига йўналтирилган фаолиятини давом эттирмоқда ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.

Фото: Škoda Group

Чехиянинг Škoda Group компанияси Ўзбекистон бозорига кириш бўйича стратегик режасини тақдим этди.

Компания бош директори Петр Новотни 24 октябрь куни Брюсселда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ишбилармонлик музокараларида иштирок этди.

Қайд қилинишича, Škoda компаниялар гуруҳи Марказий Осиё бозорига йўналтирилган фаолиятини давом эттирмоқда ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.

Учрашувда Škoda Group қўшма корхона орқали Ўзбекистон бозорига кириш бўйича стратегик режасини тақдим этди. Режаларга кўра, қўшма корхона фаолияти учта асосий йўналишга қаратилади:

- темир йўл транспортини маҳаллий йиғиш;

- транспорт воситаларининг бутун ҳаётий цикли давомида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш;

- маҳаллий таълим ва касбий ривожланиш учун Škoda академиясини ташкил этиш.

«Уч йўналишнинг ҳар бири Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим ҳамда «Европа глобал дарвозаси» стратегиясини амалга ошириш йўлидаги аниқ қадамдир. Биз Ўзбекистонга европалик ишбилармон ҳамкорларнинг янги инвестициялари учун очилаётган мамлакат сифатида қараймиз. У узоқ вақтдан бери бизнинг стратегик амбицияларимиз контекстида эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Шунинг учун биз маҳаллий бозорда барқарор транспорт, таълим ва технологик модернизацияни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятини қизғин олқишлаймиз», деди Петр Новотни.

Хабарга кўра, учрашув давомида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Škoda Group концерни вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Темир йўл ва шаҳар транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев Škoda Group концернининг Ўзбекистон транспорт соҳасини ривожлантиришга, хусусан, Европа технологиялари ва тажрибасини трансфер қилишга қўшаётган ҳиссасини юксак баҳолади. Шунингдек, у Škoda Group концернининг Ўзбекистон бозорида узоқ муддатли иштирокини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид