Жаҳон | 23:12 / 31.10.2025
15323
5 дақиқада ўқилади

«Путин Покровскка бормоқчи экан». Фронтда нима гап?

Трамп ва Путин учрашуви бекор бўлганидан кейин Украинадаги урушда фронт анча фаоллашиб қолди. Россия Украинанинг яна бир нечта шаҳарларини босиб олгани, у ерда минглаб ВСУ ҳарбийлари қуршовда қолганини айтмоқда. Киев ҳам Россия ҳудудида амалга оширилган навбатдаги диверсия ҳақида хабар берди. Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Путин Покровскка ОАВни киритмоқчи

Шу кунларда Россия президенти Путин қизиқ баёнот билан чиқди. Унинг айтишича, Россия Украинанинг Купянск ва Покровск шаҳарларида кўплаб ВСУ ҳарбийларини қуршовга олган. Путин бу шаҳарларга хорижий ва украиналик журналистлар кириб-чиқиши учун 5-6 соатга урушни тўхтатишга рози экан.

«Тегишли гуруҳлар қўмондонлари билан бу масалани муҳокама қилдим. Улар душман ўраб олинган ҳудудларга хорижлик ва украиналик журналистлар кириб, вазиятни ўз кўзлари билан кўришига қарши эмас», деди Путин.

26 октябр куни Россия қуролли кучлари штаб бошлиғи Валерий Герасимов Путинга 5500 минггача украиналик ҳарбий қуршовда қолгани ҳақида ҳисобот берганди.

«Путин Покровскка бормоқчи экан»

Россия томонининг бу баёноти фонида Украина президенти Зеленский ҳарбий раҳбарият билан йиғилиш ўтказди. Зеленскийнинг айтишича, Путин Покровскка бормоқчи экан. «Буни фақат олқишлар билан кутиб оламиз. Чунки бу ташриф нима билан тугашини ҳамма билади», деди Зеленский.

«Битта «Орешник»ни йўқ қилдик»

Россия Украина шаҳарларини яна фаоллик билан босиб олаётгани ҳақида хабарлар фонида Киев Россия армиясига қарши амалга оширган махфий операцияларни очиқлашга ўтди. Бунинг сабаби тушунарли, украин жамиятига душман муваффақияти фонида улар ҳам жим турмаганини кўрсатиш. Масалан, СБУ раҳбари Васил Малюкнинг айтишича, Украина махсус кучлари икки йил аввал Россия ҳудудида «Орешник» ракетасини йўқ қилган. Бу воқеа 2023 йил ёзида амалга оширилган. Қизиғи бу вақтда Россия «Орешник» ракетасини шов-шув қилишга улгурмаганди.

Генерал Малюкка кўра, украиналик разведкачилар «Орешник» ракетасини Астрахандаги Капустин Яр полигонида йўқ қилган. Ўша вақтда Россия армияси арсеналида бунақа ракеталардан учта бўлган ва 2024 йил 21 апрел куни Россия бу ракета билан Днепр областига зарба берганди.

Бошқача уруш

Бу икки хабарни бежизга келтирмадим. Бу мисоллар ҳозир биздан унча олис бўлмаган, яқингача биз билан бир сиёсий тузум остида яшаган икки давлат ўртасидаги уруш қанчалик нотенг эканини кўрсатади. Россиянинг пули кўп, ерости бойликлари ҳар қанча санкция-ю чекловларга қарамай, истаганча урушиш имконини беради, жамият урушни тўхтатиши учун амалдаги ҳукуматга босим қилмайди. Шу сабаб Путиннинг армияси исталганча снаряд ишлаб чиқариб, шаҳарларнинг кулини кўкка совуриб, вайроналардан бошқа ҳеч вақо қолмаган шаҳарлар «озод қилинди» деб айтаверади. Бунга пули ҳам, кучи ҳам, қуроли ҳам етади.

Украинада эса бунақа куч йўқ, бунақа пул ҳам йўқ. Жамиятнинг ҳукуматга босими ортиб бормоқда, одамлар урушдан чарчаган. Етмаганига ёш йигитлар имконини қилгани четга чиқиб кетган, Украинада юрганлари ҳам ҳеч нарса бўлмагандек яшаб юрибди. Уларни мажбуран урушга олиб борай деса, амалдаги ҳукумат халқнинг қаршилигига дуч келади. Жамият бутунлай бошқача. Шу учун Киев яхши разведкачилар, дронлар тайёрлаб мана шундай махфий операциялар ҳисобигагина ҳеч бўлмаса қолган шаҳарлари босиб олинишига йўл қўймаяпти.

Бошқача замон, бошқача уруш. Мантиқан қараса, ҳарбий қудратдаги фарқи бу қадар катта бўлган икки давлат урушса, кучсиз томон жуда тез енгилиши керак, тўғрими? Лекин ўша кучсиз давлат замонга мослаша олса, натижага таъсир қила оларкан. Ҳатто жанг майдонига кирмай туриб.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид