Спорт | 19:50 / 31.10.2025
5098
29 дақиқада ўқилади

«Ёқимли оғриқ». Алексис Макаллистернинг таъсирли ҳикояси

Фото: Liverpool FC via Getty Images

Бугунги «Ливерпул»нинг юзларидан бири, Аргентина миллий жамоаси яримҳимоячиси Алексис Макаллистер машҳур ThePlayersTribune порталига ўз ҳаёт ҳикоясини айтиб берди. «Брайтон»даги қийинчилик даври, Аргентина билан жаҳон чемпионлиги, «Ливерпул»даги жамоадошлари, Юрген Клопп билан суҳбат ва яна бир қатор қизиқарли воқеалардан иборат ҳикояни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 Мен онамни қаттиқ қучоқлашим керак. У бўлмаганда, бунинг ҳеч бири бўлмасди. Мен АПЛ чемпиони бўлмасдим, жаҳон чемпионлигини ҳам кўрмасдим, балки, исмимни ҳам билмас эдингиз.

2020 йил декабрида мен Брайтондаги квартирада ёлғиз ўтирган вақтимда онам Буэнос-Айресда эди. FaceTime орқали гаплашётганимизда йиғлаганим эсимда, ўзимни йўқотиб қўйгандим.

– Ойи, тамом, – дедим. – Қайтиб кетаман, бу ерда ортиқ қола олмайман.

Ўша пайтда мен деярли ўйнамаётгандим. Аслида менда Премиер лига жамоасининг 10-рақами бор эди: ўша Аргентинадаги минглаб болаларнинг орзуси. Лекин улар орасида мен ҳеч ким эдим, менинг номим ҳеч нарса англатмасди. Ўзимни лаънатлангандай ҳис қилардим.

2020 йил бошида Бока Хуниорсдан Англияга келдим. Биринчи ўйинда захирадан майдонга тушдим. Аммо, сал кейинроқ ковид сабабли ҳаммаси барбод бўлди. Ҳаммаёқ ёпилди, на футбол бор эди ва на дўстлар. Энг ёмони эса мен тилини билмайдиган мамлакатда яшаётганим эди, шу сабабдан ҳам  Zoom орқали инглиз тилини ўрганишни бошладим.

Бу пайтларда ҳаётим жуда зерикарли ва тушкун кайфиятда ўтганини айтишим керак. Биз футболчилар тезда катта бўлиб қоламиз, дейишади. Лекин аслида эса катта бўлишимизга етарлича нарсаларни билмаймиз. Мен ҳар куни онамга қўнғироқ қилиб, газ плитасини қаердан ёқишни, кир ювиш машинкасига қанча совун солишни сўрардим. Ёлғиз бўлиш, ўйинсиз қолиш инсонни анчагина гангитиб қўяди. Буни ҳеч кимга айтмаганман, лекин мен Роджествода бу ердан кетишга тайёр эдим, юкларимни тайёрлаб қўйгандим. Иккита таклиф бор эди – бири Россиядан, иккинчиси Испаниядан. Шунчаки кетаман деб қарор қилгандим.

Онамга яна қўнғироқ қилдим, йиғлаб туриб тоқатим тоқ бўлганини ва уйга қайтмоқчи эканимни айтдим. Лекин оналар... Улар ҳар доим нима дейишни ва қилишни яхши билишади, шундай эмасми? Сен неча ёшда бўлишингга қарамай, улар билан гаплашганингда, худди боладек қабул қилинасан. У менга ёшлигимдаги ўша бахтли дамларни эслатди, ўша ака-укаларим билан ҳовлида ўйнаганларимизни.

Биласизми, у пайтларда ёзнинг бошида майсалар худди машинкада олингандек силлиқ ва ям-яшил бўларди, аммо ёз охирларига етиб боргани сайин биз бир-биримиз билан гўё уруш қилиб ўйнаганимиздан лой ва чангли жойга айланиб кетарди. Уч бола, ҳар доим бир-бирига қарши урушиб келганмиз.

Бир ака – оёғи ярра бўлиб кесилган, иккинчиси – юзи тирналган, учинчисининг эса – пешонаси қонга беланган.

– Эй, онангга йиғлаб борма, Але! Бу шунчаки қон, холос!

Кимдир ўйин пайтида тўпни жуда ёмон тепиб юборса, ҳаммамиз бақирардик:

– Костакуртаааа!!! (Бу – Бока мухлислари учун кичик ҳазил эди)

Устозлардан ҳар доим қайси касбни эгалламоқчи эканим ҳақидаги гапни эшитарканман, жавобим фақат битта эди: «А? Қандай касб дейсизми? Футболчи, футболчи, футболчи!»

Кўпчилик ўйлайдики, менинг футболга бўлган муҳаббатим отам – «Эл Колорадо», яъни «Қизилбош»дан келган, деб. Ахир у «Бока Хуонирос» афсонаси-ку! Лекин ростини айтсам, агар у водопроводчи бўлганида ҳам, барибир футболга иштиёқим кучли бўлган бўларди. У биз – мен ва ака-укаларимни илк бор «Ла Бомбонера»даги ўйин томошасига олиб борган пайтданоқ футбол мен учун нафасдек бўлиб қолганди.

Охирги икки квартални пиёда босиб ўтишимизга тахминан бир соат вақт кетган. Ҳар қадамда одамлар тўхтатиб қолишар, кимдир расмга тушмоқчи бўлар, кимдир имзо сўрайди, яна кимдир шунчаки гаплашишга ҳаракат қилади. Ҳаммаси ўша куни бошланган. Ана ўша куни отамнинг футболчи сифатида ким эканини тушуна бошлагандим. Ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий қизиқиш – ҳаммаси шу ердан бошланди. Бу каръерамнинг бошланғич нуқтаси бўлганди.

Лекин ростини айтсам, ўша пайтлар жуда ёввойи бола эдим. Агар майдонда кимдир хато қилса, нима қиласиз? Балки сўкиб юборасиз, тўғрими? Мен ҳам шундай қилардим. Атиги 6 ёш бўлганман, шунчаки атрофда эшитган гапларни такрорлардим, тушуняпсизми?

«Dale, pelotudo! Аҳмоқ! Тўпни узатсанг-чи!»

Охири отамнинг сабри тугади шекилли, менга қараб деди:

– Але, бўлди. Бас қил. Ахир сен катта бўлганингда шу ерда ўйнашни хоҳлайсан-ку, тўғрими?

– Ҳа. Албатта.

У шунда жим турди-да, сўнг деди:

– Бу ердан пастдаги майдонга қараган вақтингда, ўйнаш жуда осон кўринади. Лекин аслида у ерда туриб, ўша босим остида ўйнаш қандай эканини тасаввур ҳам қилолмайсан. Шунинг учун, энди футболчига ҳеч қачон сўкинма. Мен сендан бундай гапни яна эшитишни хоҳламайман.

Дадам агар менга нимадир дейдиган бўлса, мен ҳар доим қулоқ солганман. Шунинг учун қўлларимни оёғим орасига жуфтлаб, кечирим сўрадим ва энди ҳеч қачон футболчиларга қарата сўкинмаслигимни айтдим (ўша вақтдан бошлаб уйимдаги телевизор билан ёлғиз қолган пайтларимдан бошқа вазиятларда бу ишни такрорламадим, ҳаҳаҳа).

Дадам мен билан келишиб олишни айтди, у мендан миллион юмушни битта ўзим қилишимни эмас, аксинча фақат биргина ишни танлаб, ана шуни кучли иштиёқ билан қилишим кераклигини тушунтирди. Худди шу келишувни акаларим билан ҳам бажарганди.

Ўсмир пайтимизда ҳаммамиз «Аргентинос Жуниорс» клубида ўйнаганмиз. Ҳар куни машғулотга қора «Форд»да 90 дақиқалик йўл босиб борардик. Иссиқ кунларда кондиционерни ёқсанг, ҳеч қачон ишламасди. Биз унга «La Cuca» деб ном қўйгандик, яьни суварак дегани. Агар сен бизни «Ауди»да юрган деб ўйласанг, демак, отамизни ҳеч қачон танимагансан. Йўқ, бизга ҳар доим шукр қилишимиз учун етарли нарса бор эди.

Мен Брайтондан уйга қайтишни жуда хоҳлаган вақтларимда, ойим менга яна умид бера бошлади.

– Але, бу соҳага қандай қилиб қизиққанинг эсингдами? Ла Кукани эслайсанми? Жасоратли бўлишинг керак, тўхташинг эмас.

Испанияга ёки Россияга кетганимни тасаввур қилиб кўриш мумкинми? Мен Англиядаги шунчаки бир футбол мухлисларининг ўзаро суҳбатларида баъзида учраб қоладиган исм бўлиб қолиб кетардим:

– «Брайтон» учун 15 та ўйин ўтказган, ирландча фамилияли аргентиналик ким эди?

– «Эҳ, ким эди у? Мак.. бирор нарса... У билан нима бўлди кейин?»

Йўқ, бу менинг тақдирим эмас эди. Онам мени бундан қутқарди.

Рождестводан кейин «Брайтон»да жароҳатлар кўпайиб кетди ва мен ўйинларда қатнашишини бошладим, чунки уларда бошқа чора қолмаганди. Кўпчилик Match of the Day’​​ни кўриб, «Бу МакАллистер ким? У шотландми? Йўқ, у аргентиналик экан? Нима? Қизил сочли бола?!» деб ўйлаган бўлса керак.

2022 йил январ ойида «Эвертон»га қарши ўйинда иккита гол урганимда, гўё ҳамма нарса ўз жойига тушгандек бўлди: ҳаммасини тушунган, ҳис қилган, ўзимни топган куним эди.

Бу ҳолат менга болалигимда отам айтган бир ҳикояни эслатади. У «Бока»да ўйнаган илк пайтларда жуда қийналган. Ўйинлари ёмон ўтаётган, кайфияти ҳам яхши эмасди. Нима бўлаётганини ўзи ҳам тушуна олмасди. Омади келиши учун ҳар нарсани синаб кўрган, лекин фойдаси бўлмаган. Бир куни нима ўйлашни билмасдан охири ўйлаб топган нарсаси – бутсасининг тишларини узунроғига алмаштириш бўлади. Шу кундан бошлаб, у енгилмас футболчига айланади. Уни тўхтатиш учун «ўлдириш» керак бўларди. Ҳозиргача у нима у чун айнан ўша бутсалар унинг бошқараётган дунёсига таъсир қилганини тушунтира олмайди. Лекин шу бир кичик ўзгариш унинг миясида ҳамма нарсани ўзгартирган.

Жаҳон чемпионатига 11 ой қолганида, эсимда, ўша пайтда отам менга шундай деганди:

– Але, агар Премер-лигада асосий таркибда ўйнашда давом этсанг, Аргентина миллий жамоасига кирасан.

Мен кулдим:

– Дада, сиз жинни бўлиб қолибсиз. Ахир у терма жамоа. Улар яқиндагина Америка Кубогини ютди. Жуда кучли. Бу умуман имконсиз нарса-ку.

Дадам статистика ва аналитикага жуда қизиқарди, нимадир дегандек бўлди-ю кейин менга скриншотларни ташлашни бошлади: «Қара, бу футболчи жамоасининг фақат 51 фоиз ўйинларида қатнашган экан, сенда эса бу кўрсаткич 73 фоиз».

Кейинги мавсумда, Жаҳон чемпионатига бир неча ой қолганида, жамоамизга де Дзерби мураббий бўлиб келди. Шу пайтдан бошлаб мен учун ҳамма нарса ўзгарди. У менга энг катта таъсир қилган жиҳат – менга майдонни кўришни ўргатгани бўлди. Яъни, вазиятни тўғри баҳолаш, ҳар икки сонияда гўё шахмат тахтасига назар ташлаб, вазиятни кўздан кечириб чиқишни.

Биз бунинг учун Эдегорни намуна сифатида олдик. Менимча, у бу борада дунёдаги энг яхшилардан бири. Ўйлашдан бир зум ҳам тўхтамайди – доим ҳаракатда. Де Дзерби менга шу қобилиятни берди ва ўйиним бутунлай бошқа даражага чиқди.

Ҳар ҳафта ўйнаб, мураббийнинг ишончини ҳис қилганим сайин, Жаҳон чемпионати энди унчалик узоқ бўлиб туюлмасди. Эсимдан чиқмайди, биз «Вулверҳэмптон»га қарши сафар ўйинига боргандик. Мен меҳмонхонада ўтирган вақтимда ўша орзумдаги қўнғироқ келди. Отам ҳақ бўлиб чиқди.

Мен ростдан ҳам терма жамоа рўйхатига кирган эканман. Мен Қатарга кетяпман!

Дарҳол отам ва онамга видеоқўнғироқ қилдим. Ҳаммамиз йиғладик, ҳаммасини ҳис қилдик. Икки йил аввал «Брайтон»да захирадан ҳам чиқа олмаганим эсимда. Энди эса Аргентина билан Жаҳон чемпионатига кетяпман. Тарих яратиш учун!

... ва биринчи ўйинда, ҳа, биз ростдан ҳам тарих яратдик. Лекин... бошқачароқ тарих. Саудия Арабистонини ҳурмат қиламан, лекин улар жуда юқори чизиқда ҳимояланишарди. Ўйин олдидан уларнинг видеотасвирларини кўриб, орамиздаги ҳаммамиз бир фикрда эдик: «Агар улар 90 дақиқа мобайнида мукаммал ўйнай олишмаса, биз 15 та гол уришимиз мумкин».

Афсуски, улар мукаммал ўйнашди. Биз 2 ёки 3 та гол урдик, лекин VAR ҳаммасини оффсайд деб ҳисоблади. Мен захира ўриндиғида ўз соатимни кутиб ўтирардим. Бир пайт мураббий мен томон юзланди.

Саудия Арабистони футболчилари 90 дақиқа давомида қийналишди. Энди навбат бизга келганди, медиада бизни ҳамма синдириш билан овора бўлаётган вақт. Барчамиз босимни ҳис қилаётганимизни тушуниб турардим, лекин шукрки, бизда уларга жавоб бериш учун Лео бор эди. У мухлисларга уйга бориш ва бизга ишонишда давом этиш кераклигини таъкидлади, зеро биз мамлакатни ерга уришларига йўл қўймаймиз. Оддий сўзлар, лекин буларни Лео айтадиган бўлса, ҳамма ишонади.

Яхши ҳамки, биз, аргентиналиклар чидамлимиз, бу бизнинг ДНКимизда бор. Футболда 90 дақиқа бекорга берилмаган. Агар сен 80 дақиқа идеал ўйнасанг-у, охирги ўн дақиқадаги қийинчиликларга чидай олмасанг – ҳеч қачон чемпион бўлолмайсан. Менимча, миллат сифатида бизнинг сиримиз шу. Балки биз бу драмалар, жинниликларни ҳатто бироз ёқтирамиз ҳам, тўғрими?

Эсласангиз, Нидерландияга қарши чоракфинал ўйини жангга айланиб кетганди. Аргентиналиклар учун – бундай вазиятлар одатий ҳол. Биз бундай вақтда ўзимизни сувга тушган балиқдек ҳис қиламиз.

Ўша вазият чемпионатнинг қолган қисми учун руҳий кайфиятни белгилаб берди. Биз ҳеч кимдан қўрқмасдик. Ваҳоланки, болалигимдан буён мен ҳар бир ўйин олдидан қаттиқ ҳаяжонланардим. Ҳатто саккиз ёшимда ҳам ўйин олдидан қорним овоз чиқарар, юрагим дук-дук урарди. Лекин бу сафар, Жаҳон чемпионати давомида заррача ҳам ҳаяжон бўлмади. Францияга қарши финал арафасида ҳам.

Финалдан олдинги кечада мен ўн соат мазза қилиб, тинч ухлабман. Ўйиннинг кўп қисмини ҳозир негадир яхши эслолмайман. Лекин бир картина ҳар доим кўз олдимда гавдаланади – бу тўпни Анхел Ди Марияга узатганим он. Шундан кейин ҳисоб 2:0 кўринишига келганди.

Ди Мария. El Fideo – лақаби макарон маъносини берадиУ жуда ўзгача инсон.  Анхел ўз фаолияти давомида шунчалик кўп танқид ва ҳақоратларга учраганки… Ҳеч ким уни ўзи арзийдиган даражада қадрламайди. Анхел гол урганда югуриб бориб бирга нишонладим ва унинг йиғлаётганини кўрдим.

Тасаввур қилинг, сиз Жаҳон чемпионати финалида гол урдингиз ва бу шунчаки шодлик эмас, балки нафас олишдай ҳис. Мен фақат тасаввур қила олардим, ўша пайтда унинг хаёлидан қандай оғир йиллар, қандай аламли кунлар ўтганини.

Кўп мамлакатлар футболни севади. Лекин Аргентина учун футбол – шунчаки спорт эмас. Бу руҳий аҳамиятга эга нарса ҳисобланади. Баьзан бу бизга ҳаддан ташқари муҳимдир деб ўйлайман, сабаби бу ҳам худди бизга хосдек туюлади.

Анхелнинг юзи, ўша голдан кейинги юзи – бутун мамлакат юзи эди. Унда шунча алам, шунча қувонч, шунча йиғи ва яна шунча сабр бор эди.

... ва албатта, қўшимча вақтда – Дибу Мартинес барчамизни қутқарди. У фақат бир жамоани эмас – бутун мамлакатни сақлаб қолди.Начало формыКонец формы

122:40. Мен аллақачон алмаштирилгандим. Ҳисоб 3–3, барча пеналтилар сериясини кутаётганди. Захира ўриндиғида ҳамма жим. Ҳеч ким оғиз очмасди, аслида бутун стадион шундай жим бўлиб қолганди. Жуда ғалати вазият. Шу пайт, гўё дунё тўхтаб қолди.

Эсимда қолгани – Дибунинг қаршисидаги кўк форма кийган ўйинчи. Тўп унинг оёғи остида, ҳеч ким тўсиб турмаган эди. Ҳаётимда ўзимни ҳеч қачон бунчалик ожиз ҳис қилмаганман. Ҳаммаси, тамом. Энди буни тузатишнинг иложи йўқ, ортга қайтолмаймиз, биз чемионликни бой бериб бўлдик, деб ўйлардим. Лекин... Аргентинада дарвозабонлар ҳақида нима ҳам деймиз, биласизми? «Дарвозабон бўлиш учун ё жинни бўлиш керак, ё аҳмоқ». Яхшиямки, бизда Эл Дибу бор – ҳаммасидан ҳам жиннироқ.

Мен доим айтаман: у футболни гўё болалик пайтидагидек ўйнайди. У фақат шу лаҳзаларда яшайди, ҳозирни ҳис қилади ва шунга яраша иш қилади. У фақат болаларнинг хаёлига келадиган ҳаракатларни амалга оширади. Мен ўша сэйвни фақат битта йўл билан тасвирлаб бера оламан: гўё болалигингда катта кроватда сакраб, ўзингни Буффон, Касилияс ёки Эл Пато Аббондансиери деб тасаввур қилганингдек.

Нима демоқчиман? Фақат биз, ака-укалар, шундай қилганмиз деб ўйлайсанми? Ахир аргентиналик ҳар бир болакай мана шундай улғайган, ишонавер.

Онамиз дўконга чиқиб кетганида, биз зўр мўлжални билардик – унинг хонасидаги энг катта кроват. У биз учун бир соатлик стадион бўларди. Биримиз тўп ташлардик, бошқамиз матрас устида сакраб, ўзини Эл Пато деб тасаввур қилиб, фантастик сэйвлар қиларди. Қўл-оёқларни юлдузча шаклда очиб, ҳавога сакраш. Имконсиз нарсани уддалаш...

Эл Пато!!! Вой, Худо-ё!!! Қандай тўхтатди буни?

Эл Дибу ўша чап оёғини гўё катта кроватда сакраётган бола каби, узатиб юборди ва мана шу ҳаракат билан қирқ беш миллион инсоннинг дуоларига жавоб берди. Эсимда, мен захирадаги йигитларга қарадим ва ҳаммаси шокда эканини тамоша қилдим. Ҳеч ким гапирмасди. Ҳатто киприк ҳам қоқмасди. Менимча, ўша пайтда реакция билдирган ягона инсон ўзим эдим.

Бу тўпни қайтарибдику!!!

Ҳаммаси мен томон қаради. Юзларида ҳали ҳам шокдан қолган излар кетмаганди. Шундан кейин ҳамма нарса худди тушдек ўтиб кетди. Пеналтилар серияси пайтида мен умуман бошқа дунёда эдим.

Гонсало ҳал қилувчи зарбани аниқ йўллаб, биз чемпион бўлган вақтимизда қандай нишонлашни ҳам билмасдим. Ҳамма Дибу ва Лео томон югурди, бағрига босди, бир-бирига бақириб, қувонарди. Мен эса… ўша ерда ёлғиз турибман. Қотиб қолганман. Қаерга қарашни, қаерга юришни билмайман.

Ортимга бурилдим – оила аъзоларим ўша ерда, захирамиз ортидаги секторда ўтиришганди. Мен уларга шунчаки қўлимни силкитиб салом йўлладим. Гўё биринчи ўйинини ўтказган кичик боладек.

Салом, ойи. Салом, дада. Яхши ўйнадимми?

Улар кўзларида ёш билан менга қайтариб қўл силкишди. Шундан кейин майдонга қайтмоқчи бўлдим ва беихтиёр ҳакамлардан бирига урилиб кетдим. Нима дейишни билмадим. Шунинг учун, оддий ўйин тугагандек, мулойим салом бердим:

– Салом. Зўр ўйин бўлди, а? Яхши ҳакамлик. Раҳмат, жаноб.

Ўша пайтда фақат битта фикр хаёлимда айланарди: «Йўқ, бу имконсиз. Икки йил олдин мен ҳеч ким эдим. Бу бўлиши мумкин эмас… Мумкин эмас…»

Ёдимда, ота-онам ниҳоят майдонга тушиб, мен билан байрам қилганди. Айтганча, айнан ўша вақтда илк бор отам йиғлаётганини кўргандим.

Кейинги энг ёдда қоларлиси эса ватанга қайтганда бўлди. Бошимизда титул бор. Ўз юртимизга, Буэнос-Айресга қўнишимиз билан 5 миллион одам йиғилган. Менимча, бу – ҳаётимдаги энг катта хотира. Ҳеч қайсини шунчалик кучли ҳис қилмаганман. Ўша пайтгача биз нимага эришганимизни ўзимиз ҳам тўлиқ англамагандик, тўғриси. Минглаб одамлар автобусимиз ортидан югурарди. Кўзларида ёш билан:

«Раҳмат. Раҳмат. Раҳмат. 36 йил кутдик, ўғлим», дерди қариялар.

Бу фақат футбол ҳақида эмас эди. Мен сиёсатга аралашишни ёқтирмайман, лекин билиб тургандим – иқтисодий аҳвол оғир бўлган, одамлар кун кечириш учун жуда қийналарди. «Ўша бир ой мобайнида бутун мамлакат тўхтаганди. Биз ҳар зарба билан бирга азоб чекиб, ҳар гол билан бирга орзу қилдик», – деганларини кўп эшитдим.

Балки шунинг учун ҳам мен бошқа ҳеч қачон ҳаяжонланмадим. Фақат битта нарсани аниқ биламан – ўша автобус ортидан, қуёш остида югураётган одамлар манзараси менинг хотирамдан осонликча ўчмайди. Мен қариб қолган вақтимда, набираларимга шундай деяётганимни тасаввур қиламан:

– Сизларга ўша кун, бутун мамлакат байрам қилган кунимиз ҳақида?

– Ҳа, бобо, гапиргансиз...

Орадан фақат бир неча кун ўтди ва мен яна Брайтондаман. Январнинг ўртаси. Англия. Совуқ, яна шивир-шивир ёмғир ҳам ёғиб турарди. Ҳаммаси жуда, жуда ғалати туюларди. Реал ҳаётдагидек эмас.

Машғулотлардан сўнг Адам Лаллана олдимга келиб шундай деди:

«Аввалги ўйинларда Месси сенга тўпни шунчаки узатаётгандек эди. Лекин яримфинал ва финалга келиб, у гўё сени қидиряпти, фақат сенга қараяпти. Ораларингда қандайдир боғлиқлик бордек туюлди».

Бу гапнинг қанчалик ростлигини билмайман. Лекин номимни Месси билан бир қаторда тилга олишганини эшитишнинг ўзи катта шараф.

Шу вақтлари ҳали ҳаётим ўзгариш арафасида эканини билмасдим. Ўша мавсум охирида Юрген Клопп мен билан учрашиш учун келди. Шокка тушдим. Мен жаҳон чемпионлигини ютганман, лекин ҳали-ҳануз қандайдир суперюлдуз эмасдим. У мени қаҳва ичишга таклиф қилди ва шундай деди:

– Мен сени Ливерпулга олиб кетишни жуда-жуда хоҳлаяпман. Чунки сенда мен Илкай Гундўғанда кўрган нарсаларни кўряпман. Мен у билан Дортмундда ишлаганман, уни дунёнинг энг яхши ‘бокс-ту-бокс’ яримҳимоячисига айлантиргандим.

Қизиғи шундаки, болалигимда ҳам отам доим стадиондан бақириб турган:

– Але, тўғри майдонга! Олдинга! Олдинга бор!

Ҳар сафар жамоамизнинг ҳужуми бошланса, шу.

Энди ўйлаб кўрсам, отам менда Юрген Клопп кўрган нарсани аввалроқ кўрган бўлса керак.

Ўша кун, мен Юрген Клопп билан гаплашган кун ҳаммасини ҳал қилди. У айтган гаплар эмас, балки унинг самимияти мени ишонтирди. Айнан ўша суҳбатдан бошлаб ўртамизда ажойиб муносабат бошланди. Албатта, ҳар нарса вақт талаб қилади. Мен жамоага келганимда клуб яримҳимоя чизиғи бутунлай янгиланганди. Олдинги яримҳимоячилар – тарихга кирган, ҳамма совринларни ютиб бўлган бир авлод эди. Мен, Дом, Райан ва Эндо келганимизда, ўз услубимизда ўйнаш учун вақт керак бўлди. Чунки аввалги яримҳимоя ўта динамик, вентикал футбол ўйнарди. Биз эса бошқачамиз, бироз босиқроқ, ўйнашни ёқтирадиган, кўпроқ комбинация қиладиган футболчилармиз. Лекин олдинги чизиқда Мо, Лучо ва Коди бор – улар тўпни эртароқ олишни хоҳлайди, шунинг учун бизга ўша темпга мослашиш учун вақт керак бўлди.

Ҳеч қачон «Лутон»га қарши ўйинни унутмайман. 1:1 ҳисобида дуранг. Кийим алмаштириш хонасидамиз, ёмон ўйнаганимизни ҳаммамиз сезиб турардик. Шунда Юрген кириб келди. Айнан ўша вақтда эшитишимиз керак бўлган гапни айтди:

– Менинг аввалги яримҳимоямда шу ўйинни ютиб кетадиган жасорат бор эди.

Менимча, айнан ўша кун биз учун бурилиш нуқтаси бўлди, биз энди янада шиддатли, янада ёввойироқ ўйнай бошладик. Хуллас, жасорат билан ўйнадик ва жамоа сифатида ҳам ўзаро жуда яқинлашиб кетдик.

Юрген кетишини эълон қилгани эса бизни ростан ҳам анча ҳайратда қолдирди. Аввалига муҳим йиғилиш бор деб айтишди. Кийим алмаштириш хонасида Салоҳнинг ёнига ўтирдим ва нима бўлганини сўрадим, у мураббий кетаётгани ҳақида айтди.

– Қўйсангчи, ҳазиллашма.

Мен ростан ҳам буни ҳазил деб ўйлагандим. Юрген футбол билан нафас оладиган одамлардан бири эди. Уни оғир касал бўлган деб хавотирландим ҳам. Кейин у шунчаки қаттиқ чарчагани учун дам олмоқчилигини айтди.

Мен ҳозир уни тўлиқ тушуниб турибман. Бу даражадага босим ростан ҳам ўта кучли. Мен Гвардиола АПЛ ҳақида айтган гапларига қўшиламан, мен учун бу – энг қийин чемпионат, ҳатто жаҳон чемпионатидан ҳам кучлироқ. АПЛ тўққиз ой давом этади. Руҳан, жисмонан, эмоционал... Бу ростан ҳам жиноят! Масалан, Салоҳга қаранг, сиз ҳеч қачон у топ ўринларда туриши учун қанча қийинчиликларни кўрганини тасаввур ҳам қилолмайсиз.

Мо жуда самимий инсон. Мен бошида ундан олдин машқ қилиш залига боришга ҳаракат қилдим, лекин бу имконсиз иш эди, у ҳар доим ўша ерда бўлади, терлаган ҳолатда. У залда бир соатдан олдин шуғуллангандан кейин ҳам овқатга чақирсангиз, ҳали машғулотларни энди бошлаётганини айтади. Илк келганимда у билан ўзимча рақобат қилмоқчи бўлганман. Тўғри-да, у 31 ёшда, мен атиги 24 ёшдаман, у қилганини мен қила олмайманми? Таслим бўлишим учун уч марта бирга шуғулланиш етарли бўлди – оёғимни зўрға судраб ётоққа етиб олар, эрталабгача ухлардим. Мо мен кўрган энг зўр профессионал ўйинчи – ҳақиқий монстр.

Арне жамоага келганида катта ўзгариш бўлди. Унинг услуби бироз бошқача «рок-н-ролл» эмас, кўпроқ тўп назоратига асосланган. Лекин бу жуда яхши иш берди. Шундай бўлса-да, майдондан ташқаридаги ёрдами мен учун анча муҳим ҳисобланади.

Жамоада ўзимизнинг кичик Жанубий Америка гуруҳимиз бор эди – Лучо, Алисон, Дарвин. Таффарел ҳам бор – афсона. У олтмишга яқинлашган, аммо ундан завқлироқ одам йўқ. Алисон эса ҳар қандай тортишувларда сокин, ҳеч қачон хато қилмайди, идеал оила, идеал соч, ҳаммаси мукаммал.

«Биласанми, Брайтондалигимда нега сенга ҳавас қилишади, тушунмасдим» – деб ҳазиллашаман баъзида, «сени бу даражада деб ўйламасдим. Энг зўрисан. Йўқ, сен, Дибу ва Куртуа».

Лучо оғир-босиқ, ҳамиша кулиб юрадиган бола. Дарвин эса тўлақонли жинни. Дарвоқе, гуруҳимизга Сабослаини ҳам қўшиб олганмиз. У умуман испанча гапира олмайди, лекин доим орамизга келиб мате ичиб ўтиради. Тутинган венгр укамиз.

Афсуски Диогу бизни жуда эрта тарк этди. Ҳалигача буни қабул қила олмаяпман. У билан муносабатларимиз доим яхши бўлган, сўнгги йил ичида янада яқинлашгандик. У доим оддий, оиласига бағрикенг инсон эди. Биз ҳазиллашишни яхши кўрардик, доим бирор баҳона топиларди. Масалан, Месси ва Роналду устида мунозара – ахир мен аргентиналик, у эса португал. Мен уни доим табассум билан эслашни хоҳлайман. Ишонаманки, у ҳам худди шундай табассум билан бизга юқоридан қараб турибди.

Яна кўз ёш тўкилади, ахир энди Лучо ҳам, Дарвин ҳам, Таффа ҳам клубда йўқ. Мен уларни соғинаман, омад тилайман, ахир улар истеъдодли инсонлар, қаерда бўлишса ҳам муваффақият қозонишлари аниқ. Хотиралар эса доим мен билан, айниқса сўнгги мавсум...

«Тоттенҳэм»га қарши ўйинда охирги ҳуштак эшитилганда, мен тиз чўкканимда кўз ёшларим тошиб чиқди. Қиличдек бир нарса кўкрагимга уриб кетгандек бўлди. Бу бизда ҳақиқий биродарлик бор эди, футболда жуда нодир бойлик. Шу ёздаги фожиадан кейин ва ота бўлишимни билганимдаги туйғулар — бу барчаси мен учун янада чуқур маънога эга ҳислар бўлди.

«Оҳ, бу фақат футбол», дейишимиз мумкинми энди?

Йўқ, бу фақат футбол эмас. Бу фақат клуб ҳам эмас. Бу – бизнинг оиламиз. Аслида, футбол ҳаётнинг ўзи каби – жуда ноаниқ. Баъзида ёмон ўйнайсан ва нима учунлигини тушунмайсан. Баъзида танқид қилишади, лекин сабабини билмайсан.

2020 йилда менинг исмим ҳеч нарсани англатмасди. «Брайтон»да ҳам майдонга тушмаётгандим. Онам билан видео орқали йиғлаб, уйга қайтишимни илтимос қилиб юрган вақтларим, холос. Икки йил ўтиб, жаҳон чемпиони бўлдим. Кейин Копа Америка ғолиби. Энди эса АПЛда зафар қучдим. Ҳатто «Олтин тўп»га номзодлар орасида исмим ёзилди. Шу футбол эмасми? Жуда ҳайратланарли. Менинг ҳикоямни тушунтиришнинг ягона йўли – ҳеч қачон таслим бўлмаганим.

Буни келажакда қизимга ўргатмоқчиман.

«Ҳа, даданг кўп нарсаларга қарши курашди, лекин барчасини енгиб ўтишни билди. Сен фақат курашишни давом эттирасан».

Бу буюк дарс.

Бу – ҳақиқий аргентиналик йўли, тўғрими? Балки, биз осон йўлни танламасмиз.

Ҳа, биз ғолиб бўлишни истаймиз, лекин олдин мағлуб бўлиш, бутун аламларни тотиб кўриш эвазига.

Шу нарса уни гўзал қилади.

Алексис Макаллистер

ThePlayersTribune учун

Тайёрлаган:  Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид