Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина россиялик ҳарбий асирни Литвага топширди
Украина россиялик ҳарбий асирни Литвага экстрадиция қилди, у ерда у ҳарбий жиноятларда айбланиб суд олдида жавоб беради. Украина бош прокурори Руслан Кравченко 31 октябр куни Telegram’да маълум қилганидек, бу — Россиянинг Украинага қарши тўлақонли агрессияси бошланганидан бери Киевнинг РФ ҳарбий хизматчисини учинчи мамлакатга топшириши бўйича илк ҳолат.
Фото: Alexei Alexandrov/AP/dpa/picture alliance
Кравченконинг айтишича, Украинада қўлга олинган, Россия ҳарбий полицияси сафида хизмат қилган денгиз пиёда аскари фуқаролар ва ҳарбий асирларга нисбатан қонуний асоссиз ушлаш, қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатда иштирок этган. Жабрланувчилардан бири — РФ қўшинлари томонидан ишғол этилган Мариуполда хусусий саёҳатда бўлган Литва фуқароси.
Вилнюс ушбу гумонланувчига нисбатан ҳарбий жиноятлар бўйича айблов қўймоқда. Агар айб исботланса, унга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин.
Украина бош прокурори бу экстрадицияни «бутун халқаро адлия тизими учун тарихий ва муҳим прецедент» деб атади. Киев 2022 йилги босқин учун Россия ҳарбийларини шахсан жавобгарликка тортиш, уларнинг эҳтимолий жиноятларини халқаро миқёсда таъқиб қилишга интилаётганини қайд этди.
Литва Бош прокуратураси мамлакат суд органлари бу иш бўйича Киев билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди. Тергов версиясига кўра, «гумонланувчи бошқа россиялик ҳарбийлар билан бирга қонуний асоссиз ушланган фуқаролар ва ҳарбий асирларни нафақат қўриқлаган, балки уларни калтаклаш ва қийноқларда ҳам иштирок этган», дейилади баёнотда.
Прокуратура маълумотига кўра, жабрланувчилар «металл шкафда қамаб қўйилган, ҳушидан кетгунча бўғилган, қўллари боғланган ҳолда осиб қўйилган, совуқ ҳавода муздек сувда чўмилтирилган ва электрошок билан қийноққа солинган». Вилнюс суди гумонланувчини суд жараёни бошлангунча уч ойга қамоқда сақлашга ҳукм чиқарди.
Мавзуга оид
22:02 / 05.12.2025
Қрим бир ойда «қулаганди», кичик Покровск ҳамон «оёқда»: 11 йилда нима ўзгарди?
19:09 / 05.12.2025
Москва мэри мигрантлардан норози бўлганларга қўлга супурги олишни маслаҳат берди
18:02 / 05.12.2025
Ўзбекистон 2024 йилда Россиядан 39 млн доллар қарз олди
14:47 / 05.12.2025