Жаҳон | 19:13 / 02.11.2025
8624
8 дақиқада ўқилади

АҚШ уруш ёқасида, Суданда оммавий қирғин – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 2 ноябр, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта давомида Исроил келишувга қарамай Ғазони бомбардимон қилишни давом эттирди, АҚШ ва Венесуэла уруш ёқасига келиб қолди, одамлар шундоғам даҳшатли шароитда яшаётган Суданда оммавий қирғин юз берди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафтанинг шу ва бошқа воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ ва Венесуэла уруш ёқасида

Америка Қўшма Штатлари ва Венесуэла ўртасидаги вазият янада кескинлашди. Доналд Трамп Венесуэлада қуруқлик амалиёти ўтказилиши мумкинлиги ҳақида бежизга гапирмаган кўринади. Америка президенти ҳозирча ҳужумга буйруқ бермаганини айтмоқда, аммо маҳаллий нашрларга кўра, Оқ уй наркокартеллар фойдаланади деб ҳисоблайдиган аэродром ва портларга ҳаво зарбалари бермоқчи.

Америка нашрларининг ёзишича, мамлакат армияси Венесуэлада қуруқлик амалиёти бошлашга тайёрланмоқда. Коинотдан олинган кадрларда Кариб денгизида улкан USS Iwo Jima десант кемаси ва USS Gravely ракета эсминеци кўринган. Иккинчи кема Каракасга зарба бериш учун етарли даражада яқинда пайқалган.

Десантчи кема бортида 1600 нафаргача денгиз пиёда аскарлари, штурмовик ва ҳарбий вертолётлар бўлиши мумкин. Гуруҳ таркибида одатда десантчиларни соҳилга етказиш билан шуғулланадиган USS San Antonio ва USS Fort Lauderdale транспортёр кемалар ҳам бор. Эҳтимолий операцияни дунёдаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланган USS Gerald R.Ford кемаси, Tomahawk билан қуролланган олтита эсминец ва USS Newport News сувости кемаси қўллаб-қувватлаши кўзда тутилган.

Исроил Ғазони бомбалашда давом этмоқда

АҚШ президенти Трамп босими билан Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ имзоланганига қарамай, ҳафта давомида ЦАҲАЛ Ғазони бомбардимон қилишни давом эттирди. Исроил томони «ҲАМАС ЦАҲАЛ ҳарбийсини ўлдиргани учун» Ғазони ўққа тутганини маълум қилди, ҲАМАС эса бу иддаони рад этди. Шунингдек, ҲАМАС Исроил мудофаа вазири Кац Қизил Хоч халқаро ташкилоти шифокорлари Исроилдаги қамоқхоналарда сақланаётган фаластинликларни кўздан кечиришга рухсат бермагани келишувни бузиш экани ҳақида баёнот берди.

Афтидан, ҲАМАС барча исроиллик асирлар жасадини қайтармагунча бу муаммолар тугамайди. ҲАМАС яна 11 жасадни қайтариши керак. Улар Ғазонинг ҳар ерида экани, вайроналар остида қолиб кетгани учун ҲАМАС махсус техникаларсиз жасадларни топишда қийналмоқда.

Ядровий пойга

Дунёдаги икки қудратли давлат АҚШ ва Россия ҳафта давомида ўз ядровий кучини «кўз-кўз қилди». Хусусан, Россия ядровий каллакни олиб уча оладиган, расмий маълумотга кўра, «ойлар давомида парвоз қилиб, дунёдаги исталган давлатгача етиб бора оладиган» «Буревестник» ракетаси синов парвозини амалга оширди. Бунга жавобан Трамп АҚШда 1992 йилдан буён ўтказилмаган ядровий қурол синови ўтказишга тайёрланишни буюрди. Кремл расмийси Песков «Буревестник» синов парвози ядровий қурол синови эмаслигини айтиб, АҚШга ядровий қурол синовига ўрнатилган мораторийни эслатди.

Товариш Песков, ўзи мораторий деганлари бузиш учун чиқарилган. Мана, бизда дарахт кесишга мораторий жорий қилинганига неча йил бўлди, лекин «дом»чилар хоҳлаганича дарахт кесиб ётибди, биров индагани йўқ.

Россия нефтига тақиқ

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Трамп Россиянинг икки йирик нефт компанияси «Лукойл» ва «Роснефт»га санкция жорий қилганди. Тақиқдан кўп ўтмай бу икки компанияда муаммолар юзага кела бошлади. «Лукойл» санкция сабаб хориждаги активларини сотишга тайёрлигини маълум қилди. Санкция жорий қилинганидан икки кун ўтиб икки компания қимматли қоғозлари умумий 5,2 миллиард долларга қадрсизланди.

Россия нефтининг икки асосий харидори Хитой ва Ҳиндистон санкциядан кейин Россия нефтини сотиб олишни тўхтатиши тахмин қилинди, баъзи нашрлар бу икки давлат рус нефтига буюртма бермай қўйгани ҳақида ёзди. Лекин нефт бозори ва Россия иқтисодиётидаги вазиятга қараса, Трампнинг санкциялари кутилганидек «вайронкор» бўлиб чиқмади. Балки энди таъсир қила бошлар, лекин ҳозирча вазият кескин ўзгармади, Россия бемалол урушни давом эттирмоқда.

Риода қонли рейд

Дунёдаги энг нотинч давлатлардан бири Бразилияда бу ҳафта айниқса даҳшатли ўтди. Ҳукумат кучлари наркокартелларга қарши рейд ўтказди. Жанубий Америкада наркотик савдогарлари жуда бой, уларнинг кичик армияси ҳам бўлади. Бразилияда картеллар ҳукумат кучларига қарши жиддий курашди, дронлардан фойдаланиб бутун бошли туманларни блоклаб қўйишди. Рейдлар давомида камида 132 киши ўлгани айтилмоқда. Халқаро ташкилотлар Бразилия полицияси жуда кескин ҳаракат қилгани, ҳолат текширилиши кераклигини талаб қилди.

Покровскда нима гап?

Ҳафта давомида Украинанинг Покровск шаҳри фронтнинг энг қайноқ нуқтасига айланди. Аввалига Путин «бу шаҳарда минглаб украин ҳарбийлари қуршовда қолгани», хорижлик журналистлар вазиятни кўриб чиқиши учун урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди. Кейинроқ Зеленский «Путин Покровскка келмоқчи экани» ҳақида гапирди. Украин ва рус каналларида Покровскда чиндан интенсив жанг кетаётгани акс этган видеолар тарқалди. Икки томон ҳам дронларни ёмғирдай душман позицияларига учирмоқда.

1 ноябр куни украин нашрларида ВСУ Покровскка десант ташлагани акс этган кадрлар пайдо бўлди. Украина ўз шаҳрига десант ташлаганига қараганда, вазият Киев учун осонга ўхшамайди. Шу куни Украина бош разведкачиcи Кирилл Буданов ҳам Покровскка йўл олгани акс этган суратлар тарқалди. Хабарларда айтилишича, Буданов разведка гуруҳини фронт чизиғидан туриб бошқаришга қарор қилган.

Мелисса довули

АҚШ Венесуэла яқинига ҳарбий кемаларни юбораётган бир вақтда Кариб ҳавзасига даҳшатли Мелисса довули ёпирилди. Ямайка каби кичик давлатларга довул айниқса ёмон таъсир қилди. Деярли бутун мамлакат электр таъминотисиз қолди. Бу Ямайка тарихидаги энг кучли довул бўлгани айтилди. Довул Ямайкага 295 км/соат тезликда ёпирилган. Шундан ҳам офат қанчалик даҳшатли бўлганини тасаввур қилиш мумкин.

Синоптикларга кўра, Кариб денгизидаги одатдагидан иссиқ сувлар довул тез кучайишига сабаб бўлган. Мелиссадан Куба ва Ҳаити каби давлатлар ҳам жиддий зарар кўрди. Мелисса Кариб ҳавзасида кузатилган энг интенсив учинчи довул бўлиб тарихга кирди. У секин ҳаракатланиши вайроналар кўп бўлишига олиб келган.

Суданда қирғин

Бир неча йиллардан буён дунёдаги энг оғир ҳуманитар вазият Суданда кузатилмоқда. Икки йилдан бери давом этаётган фуқаролик уруши тинч аҳоли ўлимига олиб келишда давом этмоқда. Ҳозир Суданда давлат амалда иккига бўлинган. Судан ҳукумат армияси «Тезкор ҳаракат кучлари» деб аталмиш ҳарбий гуруҳ билан урушяпти. Ана шу ҳарбийлашган гуруҳ Шимолий Дарфур минтақаси маъмурий маркази бўлган Ал Фашир шаҳрини эгаллаб олди. Шаҳардаги Саудия касалхонасида 460 киши ваҳшийларча отиб ташланган. «Судан шифокорлар тармоғи» нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, «Тезкор ҳаракат кучлари» касалхонадаги барчани – беморлар, уларга қарашга келганларни отиб ташлаган. Етмаганига олти нафар тиббиёт ходимини гаровга олиб, уларни озод қилиш эвазига 150 минг доллар талаб қилган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид