Қозоғистонда жами 21 та қишлоқ спиртли ичимликлардан тўлиқ воз кечди. Қирғизистонда пойтахт Бишкекдан Жалолободга кўчирилиши мумкин. Тожикистонда ўқитувчиларнинг обрўйи ошади, парламент қонун қабул қилди. Туркманистонда қурғоқчилик кучайиб бормоқда. “Толибон” вазири Ҳиндистонга боргач, Афғонистон Покистон билан тўқнашди, ҳаводан ҳужум оқибатида юзлаб киши яраланди.

Қирғизистон пойтахтини Манасга кўчирилиши мумкин

Манаснинг эски номи эса сиз билган Жалолобод эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев буни истисно этмади. Бу ҳақда маҳаллий қирғиз нашри 24.kg хабар берди.

Ташиев 2026 йилда Манас Бишкек ва Ўшдан кейин республика аҳамиятидаги учинчи шаҳар мақомини олишини таъкидлади. У Жалолобод шаҳрининг Манас деб ўзгартирилиши стратегик жиҳатдан тўғри қарор бўлганини айтди. Ташиев буни ҳудуд “истиқболли ривожланиш салоҳиятига ва мамлакат учун тобора муҳим аҳамиятга эга”лиги билан изоҳлаган.

“Баъзи сиёсатчилар Манас пойтахтга айланиши мумкинлигини айтган. Агар бунга лойиқ бўлсак, нега бўлмасин? Буни вақт кўрсатади. Аммо бунинг учун шаҳарни, халқни тайёрлаш, руҳан ҳозир бўлиш керак. Пойтахт бўлиш осон эмас: шаҳарга катта маблағ ажратилади, уни ўзгартириш ва замонавий қилиш керак”, деди Қамчибек Ташиев.

Унинг қўшимча қилишича, шаҳарда ривожланишга қаратилган қурилиш ва инфратузилма ишлари фаол олиб борилмоқда.

“Манас Қирғизистоннинг энг замонавий ва ривожланган шаҳарларидан бирига айланиши керак”, дея хулоса қилди хавфсизлик тизими раҳбари, президентнинг яқини.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров шу йилнинг 17 сентябр куни Жалолобод шаҳри номини Манас деб қайта номлаш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Тегишли қонун Жогорку Кенеш томонидан 10 сентябрда қабул қилинган.

“Унинг мақсади миллий мафкурани мустаҳкамлаш, Жалолобод шаҳрига халқ қаҳрамони, қирғиз халқининг турли босқинлардан ҳимоячиси бўлган буюк Манас номини беришдан иборат”, дейилади изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, Жалолобод вилояти Ўзбекистоннинг 3 та вилояти билан чегарадош. Шаҳар майдони 64,6 квадрат километр. Унда 186 мингдан ортиқ одам яшайди, улар орасида ўзбекларнинг сони ҳам анчагина.