Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистонда яна зилзила, Tomahawk'лар борасида фикри ўзгарган Трамп ва Ғазодаги воқеалар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазода нималар бўляпти?
Ҳамас 2 ноябр куни яна уч нафар гаровдагиларнинг жасадларини топширди. Исроил бош вазири идорасига кўра, Қизил Хоч орқали топширилган уч кишининг жасади идентификация учун олиб кетилади.
Бу жасадлар Исроил Ғазодан олишни талаб қилаётган 11 гаровдагидан учтаси бўлиши кутилмоқда. Исроил Ҳамасни уларни жуда секинлик билан топшираётганликда айблаган, Ҳамас эса оғир шароитда имкон қадар тез ишлаётганини билдирган.
Гарчи 10 октябрдан бери сулҳ амал қилаётганига қарамай, якшанба куни эрталаб Исроилнинг ҳаво ҳужуми Шимолий Ғазода бир кишининг ўлимига сабаб бўлди. Исроил армияси, уларнинг кучларига «таҳдид солаётган жангчи»га зарба берганини айтган.
Ҳамас эса Исроил томонидан сулҳ бузилишининг «рўйхатини» эълон қилди. Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, сулҳ бошланганидан бери Исроил зарбалари натижасида Ғазода 236 киши ҳалок бўлган. Уларнинг қарийб ярми ўтган ҳафтада ҳужумда ҳалок бўлди. Исроил томони эса уч аскари ҳалок бўлганини билдирди.
АҚШ Қуролли кучлари юқори мартабали амалдори генерал Ден Кейннинг минтақага ташрифи чоғида Нетаняҳу Ғазодаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракати ҳақида Вашингтонга маълум қилишини билдирди. Ҳамас эса «Исроилни сулҳга риоя қилишга мажбурлаш» учун АҚШ етарли ҳаракат қилмаётганини айтди.
Ҳозирча сулҳнинг кейинги босқичлари бўйича сезиларли силжиш йўқ: олдинда ҳануз йирик тўсиқлар — Ҳамасни қуролсизлантириш ва Исроилнинг Ғазодан чиқиш жадвалини белгилаш каби масалалар турибди.
Украинага Tomahawk'лар ҳозирча берилмайди
2 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп ҳозирча Украина узоқ масофали Tomahawk ракеталарини олишига рухсат берувчи битимни кўриб чиқмаётганини айтди.
Трамп АҚШнинг Tomahawk ракеталарини НАТО давлатларига сотиш, улар эса кейинчалик ракеталарни Украинага топшириш режасига совуққонлик билан қарамоқда. Унинг айтишича, бу урушни янада кескинлаштириши мумкин.
Президентнинг Air Force One бортида журналистларга берган сўнгги изоҳларидан снзиш мумкинки, у ҳануз бу масалада эҳтиёткор позицияда қолмоқда. Шунга қарамай, у фикрини ўзгартириши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.
Tomahawk ракеталари 2 500 километр масофага учади — бу уларни Россия ҳудудининг ичкарисига, жумладан, Москвагача етиб бориш имконини беради.
Зеленский анчадан буён АҚШдан бундай ракеталарни сўрайди. Кремл эса бунинг оқибатлари «жуда ёмон» бўлишини айтиб келади.
Эрон: «Ядровий объектларни тиклаймиз ва кучайтирамиз»
Эрон — АҚШ зарбалари оқибатида зарар кўрган ядровий иншоотларини қисқа фурсатда тиклайди ва янада такомиллашган шаклда қайта ишга туширади. Бу ҳақда мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён маълум қилди.
IRNA агентлигининг хабар беришича, президент бу баёнотни зарар кўрган ядровий объектларни текшириш чоғида берган.
«Ядро бўйича билимларимиз биноларда эмас, олимларимизнинг онгида сақланади. Бинолар ва инфратузилманинг вайрон бўлиши — бу фалокат эмас. Биз ҳаммасини қайта тиклаймиз ва янада қудратли ҳамда самаралироқ қиламиз», — деди Пезешкиён.
У Эрон ядровий дастурининг фақат тинч мақсадларга қаратилганини яна бир бор таъкидлади.
«Душманлар Эрон ядровий қурол яратмоқчи, деган ёлғон гапларни тарқатмоқда. Аслида биз Олий раҳбар фатвосига биноан, ядровий қурол ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишни қатъиян ман этилган деб ҳисоблаймиз», — деди президент.
Жорий йил 13 июн куни Исроил Эроннинг турли ҳудудларидаги ядровий объектларига зарба бериб, ҳарбий қўмондонлари ва 9 нафар ядро бўйича етакчи олимларини ўлдирган эди. Шундан сўнг, АҚШ — 22 июн куни Эроннинг учта асосий ядровий марказларига зарбалар берган.
Афғонистонда яна кучли зилзила
3 ноябр куни эрта тонгда Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳри яқинида 6,3 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Маҳаллий ҳокимиятга кўра, оқибатда камида 10 киши ҳалок бўлди ва 260 га яқин одам жароҳат олди. Қурбонлар сони ортиши мумкин.
АҚШ геологик хизмати маълумотига кўра, зилзила 28 километр чуқурликда, 523 минг аҳолига эга Мозори Шариф шаҳри яқинида юз берган.
«Толибон» мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Балх ва Саманган вилоятлари энг кўп зарар кўрган, кўплаб фуқаролар орасида ўлим ҳолатлари қайд этилган. Ҳарбий қутқарув ва фавқулодда ёрдам гуруҳлари дарҳол воқеа жойига етиб бориб, одамларни қутқариш, жароҳатланганларни кўчириш ва жабрланган оилаларга ёрдам бериш ишларини бошлаган.
Балх вилояти матбуот котиби Ҳожи Заиднинг маълум қилишича, зилзила Мозори Шарифдаги муқаддас Кўк масжид (Blue Mosque)нинг бир қисмини вайрон қилган.
Афғонистон ер силкиниш хавфи юқори ҳудудда жойлашган — у ердаги икки геологик фаол ёриқларнинг ҳаракатланиши, кучли зилзилаларни келтириб чиқаради. Хусусан, август ойида ушбу мамлакатда содир бўлган зилзила ва унинг кучли такрор зарбалари оқибатида 2,2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, минглаб киши жароҳат олган эди.
«Трампнинг буйруғи ядровий портлашни англатмайди»
АҚШ энергетика вазири Крис Райт — Доналд Трампнинг ядро қуроллари синовларини қайта бошлаш ҳақидаги буйруғи ядро портлашлари билан боғлиқ эмаслигини айтди.
«Биз ҳозир сўз юритаётган синовлар — бу тизим синовлари. Бу ядро портлашлари эмас, биз уларни нокритик портлашлар деб атаймиз», — деди Райт Fox News телеканалига берган интервюсида.
Унинг тушунтиришича, бу синовларда ядро қуролининг ўзаги портлатилмайди, балки «қуролнинг бошқа барча қисмлари текширилади — улар тўғри геометрияни таъминлаяптими, ядро портлашини ишга туширишга тайёрми» деган масалалар аниқланади.
«Бу — Невада чўлида яшаётган одамлар бир куни тўсатдан осмонда қўзиқорин шаклидаги булутни кўради, деб ўйлайдиган нарса эмас», — деди Райт.
Трампнинг буйруғи АҚШ 33 йил давомида ядро портловчи синовлар ўтказмаганидан сўнг эълон қилинганди. У бу қарорни бошқа давлатлар ядро ташувчиларининг синов дастурлари фонида қабул қилди.
Жума куни Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Сергей Шойгу агар бошқа давлатлар ядро синовлари ўтказса, Россия ҳам шундай қилишини айтган эди. Кремл эса шу ойда ядровий двигателли қанотли ракета ва автоном торпедани синовдан ўтказганини билдирди. Бироқ тўлиқ ядро қуроли синови амалга оширилмаганини таъкидлади.
Мексикадаги фожиа
1 ноябр куни Мексиканинг шимолий-ғарбида жойлашган Ҳермосилло шаҳридаги дўконда катта ёнғин чиқди. Оқибатда камида 23 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди.
«Ҳодиса сабабларини тўлиқ ва ошкора ўрганиш учун кенг қамровли тергов ўтказишни буюрдим», — деди Сонора штати губернатори Алфонсо Дуразо.
У шунингдек, қурбонлар орасида болалар ҳам борлигини қўшимча қилди. Штат бош прокурори Густаво Саласнинг маълум қилишича, кўпчилик ўлимлар ёнғиндан эмас, балки заҳарли газлардан нафас олиш оқибатида юз берган.
Ёнғиннинг сабаби ҳозирча номаълум, бироқ айрим ОАВлар электр тизимидаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Шаҳар ҳокимияти эса дўкон ҳужум нишони бўлмаганини таъкидлади.
Шаҳар ёнғинлар бошқармасига кўра, портлаш юз берган-бермаганини аниқлаш учун тергов давом этмоқда.
Мавзуга оид
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025
Путиннинг Европага таҳдиди, АҚШда янги миграцион чекловлар, Жанубий Осиёдаги сув тошқинлари ва Кремлдаги музокаралар – кун дайжести
15:56 / 02.12.2025