Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га зарбаларни кучайтириш билан таҳдид қилмоқда
Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳужумларни кучайтириш таҳдиди фонида ЦАҲАЛ дрон зарбаси билан гуруҳнинг тўрт нафар жангчисини йўқ қилди. Исроил мудофаа вазири уларни бутунлай «қуролсизлантириш ва қувиб чиқариш»ни талаб қилди.
Фото: Mahmoud Zayyat/AFP
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Жанубий Ливанда Эронга мойил ҳаракат — «Ҳизбуллоҳ» жангчиларига нисбатан зарбаларни кучайтириш билан таҳдид қилди. «Ливан ҳукумати Жанубий Ливандан “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш ва қувиб чиқариш бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши шарт», — деди у 2 ноябр куни Қуддусда. Кацнинг қўшимча қилишича, «Ҳизбуллоҳ» «ўт билан ўйнаяпти», Ливан президенти Жозеф Аун эса бу гуруҳга қарши чора кўришга жазм этмаяпти.
Вазирнинг фикрича, мазкур гуруҳ Исроил шимоли аҳолиси учун бевосита таҳдиддир, чунки 2023 йил 7 октябр куни Ғазо секторида уруш бошланганидан кейин «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарши фронтнинг иккинчи йўналишини очди.
Исроил билан «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги оташкесим 2023 йил ноябр ойида кучга кирган, аммо томонлар мунтазам равишда бир-бирини келишувни бузишда айблаб келади. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти босими ва Исроилнинг Ливанда ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш эҳтимоли сабаб, Байрут ҳукумати 2025 йил август ойида армияга Исроил чегарасига туташ ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш режасини тайёрлашни топширган. Сентябр ўрталарида мамлакат ТИВ раҳбари Юсуф Рагги армия гуруҳни уч ой ичида тўлиқ қуролсизлантиришини эълон қилди.
Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 2 ноябр куни маълум қилишича, уларнинг ҳужуми натижасида Жанубий Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг тўрт жангчиси ўлдирилган. Баёнотга кўра, ҳужумнинг асосий нишонларидан бири «Радван» элита бўлинмасининг логистика бўйича офицери бўлган: у «Жанубий Ливанда “Ҳизбуллоҳ”нинг инфратузилмасини тиклаш ва қурол сотиб олиш»га жалб этилгани айтилади. Шу билан бирга бўлинманинг яна уч аъзоси «йўқ қилингани» билдирилди.
Ливан ОАВ маълумотига кўра, дрон зарбаси автомобилни нишонга олган: тўрт киши ҳалок бўлган, яна уч киши яраланган.
Dpa агентлиги таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ» жангчиларини қуролсизлантириш Ливан ҳукумати учун «нозик масала», чунки гуруҳ мамлакат ичида, айниқса шиа аҳоли орасида ҳали-ҳамон қўллаб-қувватловга эга. Германия, АҚШ, Исроил ва қатор араб давлатларида террористик ташкилот деб тан олинган «Ҳизбуллоҳ» ўзини «Исроилга қарши ягона ҳақиқий куч» деб билади.
Исроилни йўқ қилиш ниятини эълон қилган «Ҳизбуллоҳ» 2023 йил октябрида Ғазода уруша бошланиши биланоқ Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини кучайтирган. Жавобан Исроил Ливандаги кўплаб нишонларга авиаҳужумлар уюштириб, сўнг қуруқлик операциясини бошлаган. Можаро чегаранинг ҳар икки томонида ҳам минглаб одамларнинг мажбурий кўчишига олиб келган.
Бир ойдан сўнг эришилган оташкесим келишуви «Ҳизбуллоҳ» кучларини Литани дарёсидан нариги томонга олиб чиқиш ва чегара олдидаги ҳарбий объектларини йўқ қилишни назарда тутган эди. Бироқ Исроил гуруҳни бу ҳудудда ҳарбий фаолликни давом эттираётганликда айблаб келади ва шуни «Ҳизбуллоҳ» позицияларига доимий зарбалар учун асос сифатида кўрсатади.
Исроил Ливанга зарбаларни тўхтатиш шартларидан бири сифатида «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантиришни талаб қилмоқда, аммо гуруҳ раҳбарияти бу талабни эътиборсиз қолдиришини билдирган.
Мавзуга оид
15:51 / 02.12.2025
Нетаняҳу қандай айбловлар учун афв сўрамоқда ва бунинг имкони борми?
13:59 / 02.12.2025
“Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратиляпти” — Фарҳод Каримов
18:14 / 30.11.2025
Нетаняҳу Исроил президентидан коррупция иши бўйича афв сўради
16:52 / 29.11.2025