Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Латвия президенти — Истанбул конвенциясидан чиқишга қарши
Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс мамлакат парламенти қабул қилган Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа кенгаши конвенциясини денонсация қилиш ҳақидаги қонунни имзоламади ва депутатлардан қарорни қайта кўриб чиқишни талаб қилди.
Фото: president.lv
Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс 3 ноябр куни мамлакатнинг бир палатали парламенти — Сеймга — аёлларга нисбатан зўравонлик ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисидаги Европа кенгаши конвенциясини (Истанбул конвенцияси) денонсация қилиш тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш талабини йўллади.
Президент баёнотида айтилишича, бир чақириқ давомида конвенцияни ҳам ратификация қилиш, ҳам денонсация қилиш «Латвия жамиятига ҳам, Латвиянинг халқаро ҳамкорларига ҳам» мамлакатнинг халқаро мажбуриятларни виждонан бажаришга тайёрлиги ҳақида зиддиятли сигнал юборади. Давлат ҳаракатларидаги бундай ноаниқлик ва башорат қилиб бўлмаслик Европа ҳуқуқий майдонида номақбул, дейилади давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Ринкевичс таъкидлашича, 30 октябр куни Сейм томонидан қабул қилинган Истанбул конвенциясини денонсация қилиш қарори Европа майдонида кутилмаган ҳолат бўлиб, «умумевропа қонун устуворлиги архитектураси»ни хавф остига қўйиши мумкин. «Латвия ЕИда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномадан чиқадиган биринчи давлатга айланади», — деди у. Президент, шунингдек, қарор Сеймнинг ўзи белгилаган 9 октябр муддати тугамасидан қабул қилинганидан норозилик билдирди. У муддатгача вазирлар маҳкамаси зўравонликка қарши миллий ҳуқуқ нормаларини алмаштирувчи қонунни ишлаб чиқиши керак эди.
Латвия конституциясининг 71-моддасига мувофиқ, президент Сейм қонунни қабул қилган кундан бошлаб 10 кун ичида уни қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Бироқ агар депутатлар бу талабни рад этса, давлат раҳбари уларнинг позициясига таъсир кўрсата олмайди.
30 октябр куни Истанбул конвенциясини денонсация қилиш тўғрисидаги қонуннинг иккинчи ва якуний ўқишида депутатлар ўртасидаги дебатлар 12 соатдан зиёд давом этди. Қарор тарафдорлари конвенция матни «анъанавий оилавий ролни заифлаштиради», деб ҳисоблади. Хусусан, «гендер» ва «гендер идентификацияси» тушунчаларининг таърифлари «латиш анъаналарига бегона» экани ва мактаблар ҳамда давлат сиёсати орқали «идеологияни сингдириши» мумкинлиги норозилик келтириб чиқарди.
Қаршилар эса тарафдорларни «шарққа нигоҳ»да айблаб, асосий иттифоқчи — АҚШ томон қарашни таклиф қилди. «Билмайдиганлар учун эслатаман: АҚШ президенти Доналд Трамп woke-маданият, гендеризм ва назоратсиз мигрантлар оқимига қарши чиққан илк шахслардан бири бўлган. Шунда масала бутунлай бошқача кўриниш олади», — деди мухолифат депутати Линда Лиепиня.
Қонун кўриб чиқилишидан олдин Юрмаладаги Латвия парламенти биноси олдида минглаб одамлар конвенцияни денонсация қилишга қарши чиқиш учун тўпланди. Норози бўлганлар оилавий зўравонликка қарши шиорлар кўтариб, депутатларни популизм ва «зўравонларни ҳимояга олиш»да айблади. Айрим намойишчилар Латвия ҳокимиятини «Россияга тақлид қилиш»да айблади, чунки Москва Европа кенгаши томонидан 2011 йилда ишлаб чиқилган конвенцияни имзоламаган.
Полиция маълумотларига кўра, акцияда тахминан 5000 киши қатнашди. Митинг турли ҳодисаларсиз ўтди.
Мавзуга оид
09:13 / 28.11.2025
Латвия РФга уланган темирйўл участкаларини йўқ қилишни муҳокама қилмоқда
11:57 / 13.11.2025
Миллий юк ташувчиларига Латвия транзити учун рухсатномалар жойида берилади
14:22 / 07.11.2025
Латвия Украинага яна 21 та Patria 6x6 зирҳли транспортёрини топширди
08:36 / 31.10.2025