Жаҳон | 14:12 / 05.11.2025
3759
8 дақиқада ўқилади

Ню Йоркнинг илк мусулмон мэри, иқлим масаласида келишолмаётган Европа ва F-35 хоҳлаётган Саудия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мамданий — Ню Йоркнинг илк мусулмон мэри

АҚШдаги энг йирик мусулмон аҳолига эга, 11 сентябр воқеаларидан кейин ҳамон исломофобия сезилиб турган, илгари ҳеч қачон мусулмон мэри бўлмаган шаҳарда Зоҳран Мамданий тарихий ғалабани қўлга киритди ва Ню Йорк мэри этиб сайланди.

Мамданий икки рақибини — республикачи Кёртис Слива ва мустақил номзод сифатида қатнашган Ню Йорк штатининг собиқ губернатори Эндрю Куомони ортда қолдирди.

Зоҳран Мамданий ҳам мигрантлик илдизларига эга америкалик. У Угандада, асли келиб чиқиши ҳиндистонлик оилада туғилган. Зоҳран 5 ёшида оиласи билан Угандадан Жанубий Африкага, кейин Ню Йоркка кўчиб ўтган. АҚШ фуқаролигини 2018 йилда олган.

Мамданий Ню Йоркдаги сиёсий саҳнага — яшаш харажатлари масаласига доимий урғу бериш ва тинимсиз ташвиқот олиб бориш орқали кўтарилди. У сайловчилар доирасини кенгайтириб, турли этник гуруҳларнинг илгари унчалик эътибор марказида бўлмаган коалициясини сафарбар этди.

У ўз иқтисодий дастурини шаҳардаги юз минглаб осиёликлар ва мусулмонларга етказишни асосий мақсадга айлантирди. У тунги сменаларда ҳам ташвиқот олиб борди. У Исроилнинг АҚШдаги кучли лоббисига қарамай, Фаластин масаласида қатъий позициясини сақлаб қолди. Мамданий — ўзини «мусулмон номзод» эмас, балки барча ню йоркликлар манфаатини ҳимоя қилувчи сиёсатчи эканини таъкидлайди.

АҚШ президенти Доналд Трамп сайлов якунланишидан олдинроқ шаҳарликларни Зоҳран Мамданийни сайлашдан қайтарганди. У сайловчиларни мустақил номзод Эндрю Куомога овоз беришга чақириб, акс ҳолда мегаполисга ажратиладиган маблағларни қисқартириш билан таҳдид қилган.

Саудия Арабистони F-35 қирувчиларини олмоқчи

АҚШ президенти маъмурияти Саудия Арабистонининг 48 тагача F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш ҳақидаги сўровини кўриб чиқмоқда. Reuters нашри манбаларига кўра, бу миллиардлаб долларлик битим бўлиши мумкин. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга ташрифи арафасида ушбу битим Пентагон ичида муҳим босқичдан ўтган.

Амалдорлардан бири, Пентагоннинг сиёсат бўлими ушбу битим устида бир неча ой ишлагани ва иш ҳозирда Мудофаа вазирлигининг котиб даражасига етганини айтган. АҚШ расмийлари ҳам, қирувчиларни ишлаб чиқарувчи «Lockheed Martin» компанияси ҳам ҳозирча изоҳ бермади.

АҚШ Яқин Шарққа қурол сотишда – Исроилнинг «сифатли ҳарбий устунлиги»ни сақлаб қолишни кафолатлайдиган ёндашувни қўллайди. Бу тамойилга кўра, Исроил минтақадаги араб давлатларидан доимо технологик жиҳатдан устунроқ АҚШ қуролларини олади.

F-35 — душман радаридан яшириниб учиш имконини берувчи «stels» технологияси билан яратилган ва дунёдаги энг илғор қирувчи самолёт сифатида қаралади. Исроил ушбу самолётдан қарийб ўн йилдан бери фойдаланади.

Саудия Арабистони эса АҚШ қуролларининг энг йирик харидори. Қироллик бир неча йилдан бери F-35 самолётларини олишга уринмоқда, бу орқали ҳаво кучларини модернизация қилмоқчи.

F-35 масаласи фақат пул эмас, балки дипломатик жараёнлар ва сиёсат билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Туркия ҳам анча вақтдан буён ушбу қирувчиларини олишга ошиқмоқда.

Шарқий Осиёда янги тўфон

5 ноябр ҳолатига Калмаеги тўфони оқибатида Филиппинда ҳалок бўлганлар сони 66 нафарга етди. Энг кўп зарар кўрган Себу вилоятида аҳоли вайрон бўлган уйлари, чиқиндиларга тўлган кўчалар ва буткул ўзгарган ҳаёти билан юзма-юз турибди.

Қурбонлар орасида инсонпарварлик миссияси чоғида ҳалокатга учраган вертолёт ва ундаги 6 нафар ҳарбий ҳам бор. Фавқулодда вазиятлар агентлиги 26 киши бедарак йўқолгани ва 10 нафари жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

«Биз бу уй учун йиллар давомида ишлаб, жамғардик. Аммо бир зумда ҳаммаси йўқ бўлди», — деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Калмаеги — бу йил Филиппинга урилган 20-тўфон бўлиб, Жанубий Хитой денгизини кесиб ўтаётганда бироз кучайди ва ҳозир Ветнамга томон ҳаракатланмоқда.

Ветнамда тўфон жума куни қуруқликка чиқиши кутилмоқда, мамлакатда тайёргарлик ишлари бошланган. Жанубий Лузон ва шимолий Минданао ҳудудларида 200 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди.

АҚШда авиаҳалокат

4 ноябр куни UPS компаниясининг йирик юк самолёти Кентуккидаги Луисвилл халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилганидан бироз ўтиб қулаб тушди ва кучли портлаш билан ёниб кетди. Расмийларга кўра, ҳалокатда бортдаги 3 экипаж аъзоси ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳат олган.

Ҳалокат аэропорт яқинидаги саноат ҳудудида юз берди. Натижада ёнғинлар занжири кўтарилиб, аэропорт фаолияти бутун тун давомида тўхтатилди.

Учта двигателли MD-11 самолёти Гонолулуга 8,5 соатлик парвоз учун ёқилғи билан тўлдирилган эди. Кентукки губернатори Энди Бешир умумий ҳалок бўлганлар сони камида 7 нафар эканини айтиб, бу рақам ортиши мумкинлигини таъкидлади. У баъзи тирик қолганларнинг «жуда оғир» тан жароҳатлари олганини ҳам маълум қилди.

WLKY телеканали ҳалокатни видеога олиб улгурди — кадрда самолёт ҳавога кўтарилаётганда қанот остида олов пайдо бўлади, сўнг ерга урилиши билан портлаш юз беради. Қўниш йўлагидан ташқаридаги саноат ҳудудида бир неча бино ёниб кетган, осмонга қалин қора тутун кўтарилган.

Текширувчилар энди бир двигател самолётдан ажралиб чиққан деган тахминни ўрганмоқда. Ҳаво майдонида топилган двигател қолдиқлари бунга ишора қилган. Ёнғин сабаби ҳали номаълум.

Европа иқлим масаласида келиша олмаяпти

Австрия Европа Иттифоқининг 2040 йилга мўлжалланган иқлим мақсадини ҳозирги шаклда қўллаб-қувватлай олмаслигини маълум қилди. Бу қарор муҳим овоз бериш арафасида иттифоқнинг тарихий чиқинди қисқартириш режасини шубҳа остига қўймоқда.

Мазкур таклифга кўра, Европа 2040 йилгача 1990 йил даражасидан 90 фоизга кам иссиқхона газларини чиқариши керак. Бу мақсад Европанинг аср ўрталарига қадар иқлим нейтраллигига эришиш стратегиясининг марказий қисми сифатида баҳоланмоқда.

Euractiv хабарига кўра, ҳужжат лойиҳаси устида узоқ музокаралар олиб борилган, саноат ва аҳоли фаровонлиги таъсирига оид хавотирларни юмшатиш учун бир қатор муросалар киритилган.

Аммо режанинг қабул қилиниши учун камида 15 давлат ва Европа аҳолисининг 65 фоизини ифодаловчи коалиция керак. Шу сабабли Австриянинг қарори ҳал қилувчи бўлиши мумкин.

Гарчи Вена ўзи 2040 йилгача иқлим нейтрал давлатга айланишни мақсад қилган бўлса-да, мамлакат атроф-муҳит вазири Норберт Точшниг Европа Иттифоқининг 90 фоизлик мақсадини қўллаб-қувватламаслигини айтди.

«Биз бу ерда тузатишлар учун ўрин бор деб ҳисоблаймиз», деди у.

Австрия ички саноатни ҳимоя қилиш мақсадида олти банддан иборат талаблар рўйхатини тақдим этди.

Дания раислиги ҳозирча ўзининг нозик кўпчилигини Германия, Франция ва Испания атрофида шакллантирган. Бироқ аҳоли мезонига эришиш учун яна Полша, Италия ёки бир неча кичик давлатларнинг қўллаб-қувватлови зарур.

Полша аллақачон таклифга қарши чиқишини билдирган. Италия ҳам битимни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Энергетика вазири Гилберто Пикҳетто бу ҳужжатда «зарурий элементлар» йўқлигини айтди. У 2035 йилдан бошлаб бензин ва дизел автомобилларини тақиқлашга оид қарорга ўзгартириш киритишни талаб қилди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид